Энг ёмон кўрган сўзларимдан бири – ватангадо

Энг ёмон кўрган сўзларимдан бири – ватангадо
62 views
20 July 2018 - 10:03

Энг ёмон кўрган сўзларимдан бири – ватангадо.

Одатда шаблон жумлалар билан ишлатилади бу сўз: “четдан туриб юртимизга тош отадиган”, “ютуқларимизни, тинчлигимизни кўра олмайдиган”, “ҳасадгўй” ва ҳоказо.

Тақдир тақозоси билан миллионлаб юртдошларимиз турли ўлкаларда ризқини териб юрибди. Улардан бирортаси Ўзбекистон ҳақида ёмон гап айтишига ишонмайман. Ҳеч шунга ўхшаш гапларни эшитганмисиз: “Ўзбекистоннинг суви жуда бемаза, Худо урган жой”, “Ўзбекистоннинг тоғи қийшиқ”, “Ўзбекистоннинг тупроғи унумсиз”…

Хориждагилар танқид сўзларни айтишлари мумкин, лекин бу ўз Ватанларини ёмон кўришганидан эмас асло, балки у ердаги айрим ҳолатларга ичлари ачишганидандир.

Ватан эмас, ҳукумат ва унинг сиёсати, амалдорлар, коррупция ва қонунга итоатсизлик каби иллатлар танқид қилинади.

Ватан билан ҳукумат алоҳида-алоҳида нарсалар эканини тушунмаслик учун қандай ноқис ақлга эга бўлиш кераклигини тушуна олмайман.

Хориждаги юртдошларимиз хорижда бўлганлари билан Ватанга бегона эмаслар. Ватандан узоқда юрганларга Ватан севгиси ҳақида гапирманг.

Зеро, улар бу севгини қалбан ҳис қиладилар.

© Abror Masharipov

facebook.com