Барҳам топди муҳаббатларим…

Барҳам топди муҳаббатларим…
48 views
24 July 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

 

«Кўзга кўринмас эй чаросим,
Сўлдирмайди қишлар ва кузлар.
Новдаларинг осмон-осмонда,
Меваларинг эса — юлдузлар.
Қолдиради борлиқни ҳайрон
Ҳар мевангни минг жамоллари.
Дув тўкилар бироқ барчаси,
Эсган маҳал тонг шамоллари.
Лекин қайсарлардир ашаддий.
Бир кундаёқ уриб тағин барқ,
Меваларинг қуёш ботган сўнг
Яна пишиб тураверар ғарқ».

* * *

«Айрилиқнинг даъватларига
Илож қанча, кўндим, унадим.
Оқшом билан рўдапо ғамнинг
Қучоғида оҳ деб тунадим.
Севгилим бир нақш олма эди,
Тиш тегмаган, таранг, юмалоқ.
Ғамни эса неча минг йигит,
Неча минг бор қўйган уч талоқ.
Улар такрор уйланмоқчими,
Кулфатлари қолганми чала?
Ғам билан жуфт ўтган бу кечам,
Наҳотки, бир мудҳиш ҳалала?..»

* * *

«Кетиб қолди омонат дўстлар,
Кетиб қолди омонат ёрлар.
Юрагимда уқубат қолди,
Юрагимда қолди озорлар.
Меҳрларим якунландилар,
Барҳам топди муҳаббатларим…
Бошга кулфат тушди. Тегди ўқ.
Қушман. Тўзғиб кетди патларим».

(давоми бор)