МАХДУМҚУЛИ
БУ ДАСТУРДИР
Соғ-саломат, сармаст кезган ҳур жонлар,
Бу балодан жафо чекиб, инграрлар.
Ё совуқдан, ё иссиқдан қурир қон,
Тан устинда табибларни бекларлар.
Ризқ вакили келар, ризқин йўқ этар,
Бўғизга банд уриб, йўлин берк этар,
Нафас фариштаси дамга тиғ урар,
Элинг-кунинг ўзга юртга чоғларлар.
Ночорларинг соч ёярлар, бош эгиб,
Ёру дўстлар йиғлашарлар, ўксишиб,
Туққан қардош жигари хун ош тўкиб,
Иягингни маҳкам тортиб, боғларлар.
Хабар тарқар: “Фалон кимса ўтди” деб,
“Чироғи сўнди” деб, “Куни битди” деб,
“Бу дунёдан у дунёга кўчди” деб,
“Аллоҳ раҳмат этсин!” деяр сўл, соғлар.
Кимса борми, фалак бағрин эзмамиш,
Юрагин сиқмамиш, кўнглин бузмамиш,
Маҳтумқули, тоғу тошлар тўзармиш,
Бу дастурдир, айрилиққа йиғларлар.
*****
(давоми бор)
Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди