Абулҳасан Ҳарақоний ёҳуд Қалқон ота тарихи

Абулҳасан Ҳарақоний ёҳуд Қалқон ота тарихи
51 views
23 July 2018 - 9:56

Абулҳасан Ҳарақоний буюк туркий ҳукмдор Маҳмуд Ғазнавий империяси ҳудудида катта фаолият юритган. Хусусан, ҳозирги Ўзбекистон майдонида жуда кўп хайрли ишлар қилган ва ўз фалсафасини тарғиб этган. У, маданият ва исломият маркази бўлмиш Бухорода, сўлим ва қудратли шаҳар Самарқандда кўп бўлган, одамларга ёрдам кўрсатиш учун куч-қувватини аямаган. Шунингдек, Навоий вилоятининг Хатирчи қишлоғида ва, эл оғзида қолган гапларга кўра, ҳозирги Сурхондарё вилоятидаги Денов шаҳри атрофларида, Қуръонни, ҳадисларни, исломий қонунларни, тўғри яшаш қоидаларини халққа тушунтириш ишларини олиб борган. Ўз ихлосмандларига тасаввуф сирларини баён этган. Натижада, ерлик аҳоли унга катта ихлос билан қараган, унинг авлиёлик даражасидаги инсонлигига қалбдан ишонган.

Абулҳасан Ҳарақоний ушбу ихлос ва ишончга, албатта, ўзининг валийлик фаолияти билан жавоб қилган. Масалан, у Бухорода яшаган вақтида, бир танишининг таклифига кўра, Хатирчи касабасига келган ва шу ерда анча давр истиқомат қилган. Бир куни ушбу обод ва бой қишлоққа, катта ўлжа олиш умидида, ёв ҳужум қилиб қолган. Шайх ана шу пайтда ўз каромати ва дуолари орқали душманларнинг бу масканга умуман қадам босмайдиган қилиб қўйган. Шу боис, ушбу воқеадан сўнг, халқ Ҳарақоний бизни ёв шарридан ҳимоя қилди, бизга қалқон бўлди деб, уни Қалқон ота сифатида тилга олишга тушганлар. Шу-шу, Шайх Абулҳасаннинг номи Қалқон ота бўлиб кетган. Унинг номи шунчалик улуғликка чиққанки, мана, ўша муҳорабалардан ўн аср ўтди, лекин ўша қишлоқ одамларининг авлодлари Қалқон отани ҳамон эъзозлайдилар. Хаттоки, айтишларича, ихлосмандлар валийнинг вафотидан сўнг, Ҳарақонга бориб, қабри тупроғидан олиб келиб, шу ерга рамзий мақбара ҳам қуришган.

Ҳозирги пайтда, Хатирчи туманидаги Қалқон ота номли қишлоқдан ўтадиган анҳор ёнида ҳали ҳамон ўша мақбара мавжуд. Одамлар бу ерга ҳамиша зиёратга келиб турадилар.

Шунингдек, Сурхондарё вилояти, Денов туманида оқиб ўтадиган Қизилсув дарёси бўйида, Денов шаҳридан 3 км нарироқда жойлашган Қорахон қишлоғида (“Гулистон” к.ф.й.) Шайх Абулҳасан Ҳарақонийнинг рамзий қабри ва мақбараси бор. Унинг ёнида масжид ва чиллахоналар ҳам мавжуд. Бу қишлоқнинг номи қадимда Ҳарақон деб аталган, вақт ўтиши билан талаффузга осон қилиб, уни Қорахонга айлантириб юборишган, деган тахмин-фикрлар бор. (Бу ҳақда кейинги бобда батафсил тўхталаман).

Аммо, таъкидлашим керакки, бу ҳақда расмий манбаларда ахборот мавжуд эмас. Айримлар, хаттоки, Қорахон умуман бошқа кимса бўлган деб ҳисоблайдилар. Лекин, бунга ҳам бирон бир, на расмий, на ривоятий далил йўқ. Шундай тескари фикрларга қарамай, халқимиз ўша ерда Шайх Абулҳасаннинг руҳини тавоб қилишда тўхтамайди.

Бу ҳолатлар Ҳарақонийнинг Ўзбекистон ҳудудида кўзга кўринарли анча ишлар қилганига далолатдир. Чунки, халқимиз азал-азалдан фақатгина валий мақомига эришган кимсаларнигина ҳурмат қилган, уларга мустаҳкам мақбаралар қурган. Ҳамда, бир қанча асрлар ўтса ҳам бундай муқаддас жойларни зиёрат қилишни тўхтатмаган. Шайх Абулҳасан ана шу Денов туманида ҳам халқни эзгуликка етаклаган, муҳтожларга ёрдам берган, кўнгилларга қувонч бағишлаган, деган ишонч бор.

Шайх Абулҳасан, қаерда бўлмасин, шундай савобли ишлар қилгани туфайли эл ҳурматига сазовор бўлган. Ҳарақонийнинг бир шиори бўлган: “Инсонларга ёрдам бериш, бирор бир мўъминнинг кўнглини қувнатиш – бу Яратганга ёқадиган ишдир!” У шу сўзларга доимо амал қилган.

Натижада, бу ўлкада ҳам, вафотидан сўнг унга рамзий мақбара тикланган. Мана, неча асрдирки, ушбу мақбарага келаётган зиёратчилар оқими тўхтамайди.

Шайх Абулҳасан Ҳарақонийнинг ҳақиқий қабри ва мақбараси ўзининг туғилган қишлоғи Ҳарақонда жойлашган. Бу маскан ҳозирги Эроннинг Шоҳруд шаҳридан 24 км наридадир.

АБУЛҲАСАН ҲАРАҚОНИЙНИНГ ДЕНОВДАГИ ФАОЛИЯТИ

Мен ушбу рисолани битиш мобайнида Деновга сафар қилдим. Мақсадим, ҳақиқатдан ҳам бу диёрда Абулҳасан Ҳарақоний яшаганми ёки йўқми, аниқлаш эди. Чунки, бу масалада икки хил қараш бор.

Бир томоннинг фикри шундайки, бу зот умуман бу диёрга келмаган. Унинг Чағаниёнда фаолият юритгани тўғрисида ҳеч қандай расмий маълумот йўқ. Манбалар мавжуд эмас. Авлиё Эронга дафн қилинган ва умрининг охиригача ўша мамлакатда яшаган. Ўҳ-ҳў, Шоҳруд қаёқда-ю, Денов қаёқда!

Иккинчи томон эса бошқача фикр билдиради. Султон Маҳмуд Ғазнавий замонида Чағаниён ҳам, Эрон ҳам бир мамлакат ҳудудида бўлган. Инсонлар ушбу империя майдонида истаган юртларига, қалб амри бўйича саёҳат қилаберганлар. Бундай амал, айниқса, валийларга хос бўлган. Сабаби, улар ўз таълимотларини иложи борича кўпроқ одамларга маълум қилишлари лозим эди. Шунинг учун, Абулҳасан Ҳарақоний ўз туғилган диёридан географик унча узоқ бўлмаган Сурхон воҳасига албатта келган. Ва кенг фаолият юритган.

Шунинг учун, ушбу буюк тарихий шахсга бағишланган рисоладаги барча маълумотларнинг қанчалик даражада ҳақиқатга мос келиши тўғрисида ўқувчиларга барча ахборотни бериш зарур. Токи, асар дунё юзини кўргач, кимдир манба сўраб қолиши, уйдирмаларни ёзибди, бу муаллиф деб, танқид қилиб қолиши мумкин. Чиндан ҳам, Ҳарақонийнинг Деновда бўлганлигини расман тасдиқловчи ҳужжатлар йўқ. Лекин, ушбу диёр одамлар орасида юрган ривоятлар, авлоддан авлодга ўтиб келган эсдаликлар мавжуд. Бу одамларнинг гапларини тирик гувоҳлар бераётган маълумот сифатида қабул қилиш мумкин.

Сафаримни шаҳар ичидаги Қорахон отаники деб номланиб келган мақбарани зиёрат қилишдан бошладим. Бу даргоҳ таъмирланаётган экан. Бу қурилиш ишларини деновлик тадбиркор Бобоқул ака Ўроқов амалга ошираётган экан.

“Айни шундай ишларга мени марҳум, Тол қишлоқлик Исмоил ота ундаганлар, – дейди у. – Тўқсонинчи йилларда, мен Деновдаги ҳаммомни сотиб олиб, уни замонавий услубда таъмирлаганман. У киши ҳар ҳафта ғуслга келар эканлар, менга қайта-қайта гапирардилар: “Мана шу ҳаммомнинг ёнидаги қабр – Абулҳасан Ҳарақонийники. Қорахон отаники эмас. Бу ҳақда эски китобларда ўқиганман. Сен тадбиркорсан, ишбилармонсан. Сен тарихий ҳақиқатни юзага чиқариб, валийнинг руҳи дуосини ол. Мақбарани обод қил. Барака топасан”.

Кейинги борадиган манзилим – Қизилсув дарёси ёнидаги Қорахон қишлоғи бўлди. У ерда қабристон бор экан. Ва айни шу ерда, юртимиздаги азиз-авлиёлар тарихи билан қизиқиб, шуғилланиб, маълумотлар йиғиб юрувчи зиёли инсон Муҳаммадназар Очилдиевнинг гаплари бўйича, Ҳазрат Абулҳасан Ҳарақоний яшаган ва фаолият юритган экан. Ушбу маскан ҳам тадбиркор Бобоқул Ўроқов томонидан обод этилаётганининг гувоҳи бўлдим.

Ушбу қабристоннинг бир четида халқ тилида Шайх бува ёки Халфа бува деб аталувчи, ХХ асрда яшаб, фаолият юритган бир азиз зотнинг мақбараси ва яшаган уйи бор экан. Асл исмлари Шайх Сайид Абдумели (оталарининг номи Сайид Абдураҳмон бува), 1937 йилда Вахшувордан келиб, шу жойда қўним топиб, ҳаёт кечирган эканлар. “1998 йилда бир юз йигирма беш ёшга кириб вафот этганлар”, — деди, шу масканда истиқомат қилаётган, у зотга набира куёв бўлмиш Муҳиддин.

Халфа бува амалдаги тиббиёт ходимлари даволай олмайдиган ёки даволаниши узоққа чўзиладиган беморларга ёрдам кўрсатиш билан шуғилланганлар. Ҳеч кимга палон сўм берасан, демаганлар. Кечалари ухламаганлар. Фақат тоат-ибодат билан машғул бўлганлар. Мижжа қоқмасалар ҳам ҳамиша бардам юрганлар. Бир-иккита ихлосманд ёрдамчилари бўлган. Ана ўшалар Халфа буванинг кечалари учганларини, ёввойи, йиртқич ҳайвонларни бўйсундирганликларини, уларга нон бериб эркалаганликларини кузатганлар.

Шифокорликдан тушган пулларни халқнинг ўзига қайтарар эканлар: ё бечораҳол оилаларга бериб, ё жума кунлари намозхонларга ош дастурхон тузаб, сарф этар эканлар. У зотдан қолган уй-жойни кўрдим. Ҳеч қандай ҳашамат йўқ. Жуда оддий, замонавий таъмирланмаган, мебеллари умуман йўқ бир неча хоналардан иборат бино. “Истасалар қаср қура олардилар”, — дейди асли вахшуворлик Муҳиддин. Бу ерда ҳозир у зотнинг қизлари, бир ўғил, бир қиз набира ва куёв яшашади. Ва ўз боболарининг ишларини давом этдиришмоқда. Халфа бува кеч уйланганлар – етмиш ёшга кирганларида, “Пайғамбаримизнинг суннатларини адо этишим керак!” – деб оила қурганлар, улардан икки қиз қолган .

Халфа бува нега ўз фаолиятлари учун худди шу масканни танлаган? Бунга икки хил жавоб бор:

1) Тасодифан келиб қолиб, бу манзил у зотга ёқиб қолган;

2) Тушда ёки қандайдир бир руҳий ҳолатда айни шу жойга келиб истиқомат қилишга кимдир кўрсатма берган.

Тасаввуф, валийлар оламини билмайдиган, англамайдиган кимсалар биринчи жавоб тарафдори бўладилар, назаримда. Авлиёлар ҳаёти тарихини ўрганлар эса, уларнинг фаолиятларидан озми-кўпми хабардор кимсалар ҳеч иккиланмай, иккинчи жавоб тарафдорлари қаторига ўтадилар. Чунки, валийлар бирон бир жиддий хатти-ҳаракатни ишоратсиз амалга оширмаганлар. Мен ҳам ана шулар томонидаман.

Ушбу қишлоқда муқим бўлиб қолган Шайх Сайид Абдумелининг биринчи, зоҳирий пири Тожикистон ҳудудида истиқомат қилган Сайид Жалолиддин Эшон бўлган. Ва у зот Халфа бувани ана шу масканга бориб, бир пайтлар бу ерда яшаган Абулҳасан Ҳарақонийдан увайсиёна тарбия олиш вазифасини топширган бўлиши керак. Натижада, кўрсатмага амал қилиб, у зот йиллар давомида Денов диёридаги ушбу қишлоқда руҳий тарбия олиб, юқори даражага эришган.

Халфа бува, Вахшувордан зиёратга келиб, набира куёв бўлиб қолган йигит – Муҳиддинга ўз руҳий пирлари Абулҳасан Ҳарақонийнинг таълимоти, хислатлари ва кароматлари ҳақида тез-тез гапириб берар, ва унинг худди шу масканда тўққиз-ўн аср илгари бир қанча йил яшаганликларини сўзлар экан.

Халфа бува масканининг бир четида минг йиллик бир тут дарахти ҳамон ўсаётганини кўрдим. Ушбу дарахт ҳақида бир чиройли ривоят ҳам бор.

Абулҳасан Ҳарақоний Чағаниёнга келар экан, айни шу ерга етганда намоз пайти бўлиб қолибди. Шунда у тут шохидан қилинган ҳассасини ерга қадаб, ибодатга киришибди. Бир қанча вақтдан сўнг, намозини тугатиб, ҳассасига қараса кўкараётган эмиш. Буюк валий шунда тушунибдики, унинг яшайдиган ери худди шу жойдир. Шундан кейин, у бу ерга уй қуриб, унда яшаб, халққа Яратганнинг ҳақиқатларини англата бошлаган экан.

Айтилган, ҳамон кўкариб турган дарахтнинг танасини икки одам базўр қучоғига ололса керак. Шохлари атрофга ўсиб, ўз тагида каттагина капа ҳосил қилган. Қуриган шохлари ҳам кўп. Уларга тегишмас экан. Хуллас, ушбу қадимий тут ўн асрдан бери Абулҳасан Ҳарақонийдан эсдалик сифатида мағрур қўр тўкиб турибди.

Мен юқорида баён этилган маълумотлар асосида қуйидаги хулосаларга келдим:

1. Шайх Сайид Абдумели айни шу қишлоқда Абулҳасан Ҳарақонийдан увайсиёна дарс олган. Менга берилган маълумотларга қараганда, у руҳий пирининг фалсафасини тўлиқ қабул қилган, ўша бўйича яшаган, устози каби мўминлар қалбини яшнатувчи, саҳоватпеша бўлган. Абулҳасан Ҳарақоний ўз даврида Боязид Бистомийнинг юртига бориб, у зотнинг руҳидан дарс олиб, юқори даражага кўтарилганидек, Халфа бува ҳам ўз увайсий муршиди қанчадир вақт яшаган масканда, комилликка эришган.

2. Чағаниён халқи ўша даврларда Абулҳасан Ҳарақонийни шунчалик ҳурмат қилганки, у ўз юртига кетгач, зиёратга бориб турган. Бу валийнинг вафотидан кейин ҳам давом этган. Зеро, Султон Маҳмуд Ғазнавий пайтида ҳам, Салжуқийлар империяси замонида ҳам бу диёрлар бир мамлакат ҳудудида бўлган. Кўпчилик зиёратчилар йўл юришга қийналганлари учун, Ҳарақонийнинг қабр тупроғидан олиб келтиришган ва рамзий мақбара қуришган. Натижада, Денов шаҳрида у зотнинг қадамжоси пайдо бўлган. Орадан асрлар ўтиб, янги авлодлар келиб, Ҳарақоний ота номи аста-секин Қорахон ота шаклида айтиладиган бўлиб қолган.

3. Шу ўринда, юқоридаги хулосамизга қарши чиқайлик. Деновдаги мақбарани қандайдир бир Қорахон отага тегишли деб ҳисоблайлик. Шунда, кетма-кет турли саволлар пайдо бўлади: Қорахон ота ким ўзи? У ҳақда қандай расмий ва ривоятнамо ёки халқ оғзаки маълумотлари бор? Лекин, бу саволларга тайинли жавоб йўқ. Мен, Абулҳасан Ҳарақонийнинг ушбу диёрда яшаганлигини тирик одамлардан эшитган маълумотлар асосида мантиқан исботлаганим каби, Қорахон отанинг мавжудлигини тасдиқлай оладиган бирор митти асос йўқ. Демак, иккинчи пунктдаги хулосамиз тўғри: Ҳарақоний ота номи ҳақиқатдан замонлар ўтиб, Қорахон отага айланиб кетган.

4. Баён қилинган учта хулосага таянган холда якуний ва асосий натижага келамиз: “Қорахон” қишлоғи, “Қорахон ота” мақбараси асли Абулҳасан Ҳарақонийга тегишли. Шунинг учун, ушбу жойларнинг ҳаққоний тарихий номини тиклаш мақсадга мувофиқдир.

Озод Мўмин

facebook.com