Илмий конвейерни осонликча бузиш мумкин эмас!

Илмий конвейерни осонликча бузиш мумкин эмас!
24 views
23 July 2018 - 20:19

Кеча “Ўзбекистон” телеканалида Президент гапираётганини кўриб, бироз кузатдим. Академиклар-олимлар билан мажлис ўтказаётган экан шекилли, бир олим туриб гапирди:

“Мана бизда Сирожиддинов номидаги олий математика мактаби бор. Шу мактаб яқин йилларгача барча олимпиадаларда совринли ўринларни эгаллаб келарди. Чунки академик Сирожиддинов иқтидорли математиклар ёшларни саралаш ва олимпиада тизимида тайёрлаш ишини конвейер холатига солиб, тайёр ишлайдиган механизм қилиб кетган эдилар. Ҳозир шу конвейер бузилган, ишламаяпти! Бизга ҳозир келаётган ёш математик олимларнинг билим даражаси жуда паст, бизни қониқтирмайди. Мана охирги йилларда бу мактабдан олимпиада совриндорлари чиқмади! (ёки деярли чиқмади)” деди.

“Илтимос, шу конвейерни қайта ишга тушиб кетишига ёрдам беринг. Бу Ўзбекистондаги математик олимлар тайёрлаш тизимининг энг керак халқаси” деган маънода гапирди.

Президент ҳам шу захоти тегишли масъулга бу муаммони қисқа муддатда ҳал қилишга кўрсатма берди.

* * *

Мен очиғи шокка тушдим. Тайёр ишлаб турган конвейер ишламай қолиши учун кимдир яхшигина саботаж қилиши ёки бу тизимни жон-жаҳди билан коррупцияга ботириб ташлаши керак (арабчасига айтганда “коррупцион жиҳод” қилиб ташлаши керак). Илмий конвейерни осонликча бузиш мумкин эмас!

Мени энг хайрон қолдирган нарса шуки, айнан шу Сирожиддинов номидаги илмий конвейер МХХ-ДХХ учун математик кадрлар ва кибер-мутахассислар етказиб берувчи асосий манба ҳисобланади. Ҳар йили ДХХ кадр бўлими рекрутерлари келиб энг каллали математик ёшларни саралаб танлаб, ишга таклиф қилишади. Уларни махсус илмий-аналитик курсларда, кибер-хавфсизлик, хакерлик курсларида ўқитиб, тайёрлашади. Шу хакерлар ва аналитиклар ҳозир ҳам шу постларни кузатиб ўтирган бўлиши мумкин. ДХХ заказ берган сайтларни блоклаш, ДДОС атакалар уюштириш, “душман” сайтларнинг паролини бузиб, маълумотларни ўчириб ташлаш, “халқ душманлари”нинг э-майлларни очиб кириш, соцсетларда ким қайси адресдан кириб ёзаётганини аниқлаш каби ишларни қила олиш учун шундай конвейердан чиққан ўта малакали кадрлар уларга жуда зарур.

ДХХ ўзи учун керак бўлиб турган конвейернинг бузилиб, издан чиқишини олдини ололмаган, тушунаяпсизми? Кимдир бу конвейерни к**ига тиққанини ёки билмаган, ёки шунга қўйиб берган, ёки айнан қайсидир ДХХ ходими шунга хисса қўшган! Эртага ўзи кадрсиз қолиши мумкинлиги ҳақида ташвиш ҳам қилишмаган, тасаввур қилаяпсизми?

Бу нимани билдиради? Бу ДХХ ва шу каби махсус хизматлар ростмана шалдироқ аравада кетаётганини, тизимли ёндошув издан чиққанини билдиради. Эртага нима бўлиши деярли ҳеч кимни қизиқтирмаётганини билдиради. Бутун бошли республика хавфсизлик тизими “на авось” ишлаётган бўлсаям хайрон қолмайман (ва бундан бўлишидан қўрқаман!). “Ишқилиб биннарса бўлар, менга бош қотириб зарилми”, қабилидаги кайфият ДХХ каби ўта тизимли-иерархик ташкилотгаям юққан бўлса, тамом.

П.С. мен ўзимча қандайдир бизнес-конвейерларни яратиш орқали мамлакатни ривожлантириш керак, деб ёзганимга уялиб кетаяпман очиғи. Бор конвейерларни сақлаб қолишни эпласак ҳам катта гап экан. Афсус. Ёмон удар бўлди.

Азамат Андреев

facebook.com