Ўзбекистонда ярим йилда 26,4 минг айбланувчидан 375 нафари оқланди

Ўзбекистонда ярим йилда 26,4 минг айбланувчидан 375 нафари оқланди
87 views
25 July 2018 - 11:24

Ўзбекистонда 2018 йилнинг биринчи ярмида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 26.442 нафар айбланувчидан 375 нафар шахс оқланди ва реабилитация қилинди. Ўзбекистон Олий суди ярим йил ичида 53 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар қарорларини бекор қилди. Бу ҳақда Олий суд расмий вакили Азиз Обидов «Газета.uz”га маълум қилди.

Ўзбекистон Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 678 нафар шахсга нисбатан 524 та иш кўриб чиқилди, 266 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Жорий йилнинг ярим йилида судлар 26.442 нафар шахсга нисбатан 20.283 ишни кўриб чиқди. 19.683 нафар шахс судланган бўлиб, шундан 4828 нафар шахсга озодликдан махрум қилиш ва 13657 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди, 1198 нафар шахсга нисбатан шартли ҳукм чиқарилди. 1770 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залидан озод қилинди, 15504 нафари жазони ўташда муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

4791 нафар шахсга нисбатан берилган жазо енгилигига алмаштирилди, 4101 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди. 4634 нафар инсон жиноий жавобгарликдан озод этилди, келтирилган 196,1 млрд сўм моддий зарарни қоплаган шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар қўлланилди.

Ўтган 2017 йилга нисбатан бу йил қасддан одам ўлдириш, номусга тегиш, талончилик, ўғрилик, пора олиш ва бериш, безорилик, пора олишда-беришда воситачилик қилиш, танспорт воситаларини олиб қочиш, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар сони камайган.

Ўзбекистон Олий суди судланганларнинг сони камайиши борасида бундан аввали ҳам маълумотлар берган. 2016 йили Ўзбекистондаги судлар 62 мингта жиноий, 278 минг фуқаровий, 344 минг маъмурий ишларни кўриб чиққан.

Судда оқланганлик тўғрисидаги маълумотлар 2016 йили Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчиси, Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг “кейинги йиллар суд томонидан бирорта оқлов ҳукми чиқмаган” деган сўзларидан сўнг берила бошланди. 2018 йили ўзбек мулозимлари хориж ҳуқуқ ҳимоячилари олдида мамлакатдаги қамоқхоналарнинг 80 фоизигина тўлдирилгани тўғрисида оғиз тўлдириб гапирдилар. Amnesty International халқаро ташкилотининг маълумотларига кўра, кейинги беш йил ичида Ўзбекистондаги судлар томонидан атиги еттита оқлов ҳукми чиқарилган, 2018 йилнинг беш ойи мобайнида эса бу кўсатгич 200 ташкил этди.

Ўзбекистонда жиноят кодексининг айрим жиноий моддалари бўйича уларнинг содир этилганлик даврий муддати қисқатирилди: жамиятга катта хавф солмайдиган жиноятлар даври уч йилдан икки йилга, унчалик оғир бўлмаган жиноятлар беш йилдан тўрт йилга, оғир жиноятлар ўн йилдан саккиз йилга, ўта оғир жиноятлар даври 15 йилдан 14 йилгача қисқартирилди.

Манба: “Фарғона” АА