Ўзбекистонда араб тили таълими тарихига доир

Ўзбекистонда араб тили таълими тарихига доир
77 views
26 July 2018 - 10:54

Араб тилининг Ўзбекистон маданияти тарихида тутган ўрни беқиёсдир. Ўн уч аср давомида диёримиз тарихи араб тили ва ёзуви билан боғлиқ бўлиб келган. Маълумки, араблар Ўрта Осиёга VII асрдаёқ кириб келганлар. Имом Табарийнинг қайд этишича, ўша даврларда 40 га яқин араб уруғ ва қабилалари Ўрта Осиёга кўчиб келган[1].

Араблар бу минтақада ўрнашиб шаҳарларда ўз маҳаллалари, воҳаларда эса ўз қишлоқларини барпо этдилар. Бу қишлоқлар ҳозиргача Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида ўз эски номларини сақлаб қолган, улар: Арабхона, Арабқишлок, Арабон, Арабшоҳ, Лаби Араб, Араб Асос, Катта Араб, Жейнов, Жуғари ва бошқа 120 га яқин араб қишлоқларидир. Аҳоли ҳамон арабча сўз ва ибораларни мулоқот чоғида истифода этади. Шунинг баробарида айрим эски араб удум ва одатлари ҳам турли маросимларда қўлланилади[2].

Араб-ислом маданияти ёйилиши билан минтақада араб ёзуви ҳам тарқала бошлади. Гарчи араб ёзуви минтақа халқлари тилларини тўлиқ акс эттира олмаса ҳам, аста-секин маҳаллий ёзувларни сиқиб чиқарди. Бу ёзувда туркийларнинг классик асарлари ҳам ёзила бошлади. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» ва Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билик» каби XI асрга оид асарлари араб ёзувида ифода этилган қадимий туркий манбалар сирасига киради[3].

Шунингдек, IX-X асрларга оид «Ўрта Осиё тафсири» асари ҳам туркийда ёзилган илк араб хати тафсирлари сирасига киради»[4]. Минтақа халқлари ўн уч аср давомида араб ёзувини ҳаётнинг турли соҳаларида қўллаб келди, 1930 йили эса лотин ва 1940 йил кирилл ёзувига ўтилиши оқибатида араб хати маҳаллий халқлар истеъмолидан чиқиб кета бошлади.

Араблар бу юртларни фатҳ қилганларининг илк кунлариданоқ масжидлар барпо этишга эътибор қаратдилар. Масжидлар бир вақтнинг ўзида ҳам ибодат, ҳам таълим даргоҳи вазифасини ўтади. Аста-секин араб тили расмий ёзишмалар, илм-фан ва маданият тилига айлана борди.

Ўзбекистоннинг серунум замини жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган кўплаб уламоларни етиштириб берди. Шулар қаторида имом Бухорий, Термизий, Мотуридий, Форобий, Замахшарий, Хоразмий, Фарғоний ва бошқаларни зикр этиш мумкин. Бу буюк алломаларнинг бари араб тилида ижод қилдилар, арабларни ҳам лол қолдирадиган даражада ўз асарларини битдилар. Замахшарий каби тилшунос олимлар эса араб тили грамматикасини қулай янги услубда ёзиб ҳам бердилар. Буларнинг бари минтақада ислом дини тарқалган илк даврларданоқ маҳаллий аҳолида араб тилини ўрганишга рағбат ва иштиёқ юқори бўлгани ҳамда бунинг учун қулай шароит ва имкониятлар яратилганини кўрсатади.

Ўрта асрларда қуйидаги кўринишдаги таълим муассасалари фаолият юритгани қайд этилади:

– Бошланғич диний мактаблар (мактабхона) – диёримизда кенг тарқалган мактаблардан бири – бошланғич диний мактаб эди. Шаҳар мактабхоналарида ўқувчилар сони 20-30 тага, қишлоқ жойларида эса 10-15 тага етар эди. Мактабхоналар асосан ўқиш, хат-савод чиқаришга ихтисослашган бўлиб, уларда қуйидаги фанлар бўйича таълим берилган: Алифбе, Ҳафтияк (Қуръоннинг 7 дан бири), Чор китоб (тўрт китоб), Сўфи Оллоёрнинг «Саботу-л-ожизин»[5].

– Қизлар мактаби: қизлар мактаби отин-ойилар хонадонларида ташкил қилинар эди. Қизлар мактабида аёлга хос ҳаё, иффат, одоб ва юксак аёллик фазилатлари шакллантирилар эди. Отин-ойилар қўлида тарбияланган қизлар оилавий ҳаётга мукаммал тайёрланган. Шулар баробарида ўғил болалар мактабидаги ўқув предметлари ҳам ўқитилган.

– Қорихоналарда турли ёшдаги болалар таълим-тарбия олар эдилар. Бу ерда асосан Қуръони каримни ёд олиш, Қуръон илмларини ўзлаштириш амалга оширилган.

– Далоилхона – асосан катталарга ихтисослашган мактаб бўлиб, у ерда талабалар домла раҳбарлигида араб тилини ўрганар эдилар. Бундай мактаблар учун асосий дарслик – Муҳаммад ибн Сулаймон Жазулийнинг (ваф. 1465 й.) «Дало’ил ал-хойрот» китоби (Муҳаммад а.с. га атаб ўқиладиган саловотлар тўплами) ҳисобланган. Бу тўпламни ўқиб-ўрганиш муддати бир йилгача бўлиб, бундай мактаблар кам тарқалган эди. Далоилхона битирувчилари кўчаларда, базмларда, жамоат жойларида диний тарғибот ишларини ўтказар эди.

– Мадраса – олий маълумот берувчи таълим муассасаси бўлиб, унга мактабхона битирувчилари қабул қилинган.

– Суфий шайхлар қошида хонақо, зовия ва такяхоналарда ташкил этилган мактаблар. Бундай даргоҳларда бошқа мактабларда ўқитилган предметлар билан бир қаторда тариқат зикр амалиётлари ҳам ўргатиб борилган.

Ушбу таълим муассасаларининг турличалигидан қатъи назар, араб тили уларда асосий ўқув предмети ҳисобланган. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, мадраса талабалари араб тилини ўзлаштиришда асосан XII-XIII асрларда яратилган дарсликлардан фойдаланганлар. Ундан кейинги ёзилган қўлланмалар эса асосий дарсликларга шарҳ вазифасини ўтаб келган[6].

Мадрасаларда араб тили қуйидаги дарслик-китоблар орқали ўқитилган:

– «Бидон» – ушбу китоб форсча «бидон – билгин-ки», деган сўз билан бошланади. Унда араб тили морфологияси форс-тожик тилида шарҳланади.

– «Муъзий» – форс-тожик тилида ёзилган бўлиб, араб тилидаги феъл боблари ва уларнинг тусланишига бағишланган.

– «Занжоний» – форс-тожик тилида ёзилган бўлиб, араб тили морфологиясининг давоми ҳисобланади. Китобнинг асл номи «ал-Мабади’ фи-т-тасриф» бўлиб, унинг муаллифи Изиддин Абул Фазоил Занжоний.

– «Авомил» – Абдулқодир Журжоний (1010-1078) томонидан араб тили синтаксисига бағишлаб араб тилида ёзилган китоб.

– «Ҳаракот» – Маҳмуд Замахшарий (1075-1144) томонидан араб тили синтаксисига бағишланган китоб.

Шулардан сўнг «ибн Ҳожиб» номи билан машҳур Усмон ибн Умарнинг «Кофия» ҳамда ушбу китобга Абдураҳмон Жомий томонидан ўз ўғли учун ёзилган «Шарҳи Мулло Жомий» китоби асосида араб тилининг грамматик қоидалари ўргатилган. Мана шу китоблар асосида араб тилини ўзлаштирган талабалар фиқҳ, ақида, тафсир, ҳадис илмлари бўйича араб тилидаги классик манбаларни ўзлаштирганлар. Ушбу таълим ўта консерватив характерга эга бўлиб, унинг мазмуни, дастурлари асрлар давомида деярли ўзгармай келганини кузатиш мумкин. Фиқҳ фани – Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя», Маҳбубийнинг «Мухтасар ал-виқоя», Лутфулло Фозил Кайдонийнинг «Фиқҳи Кайдоний», ҳадис илми – Хатиб Табризийнинг «Мишкот ал-масобиҳ», тафсир – қози Байдовийнинг «Анвор ат-Танзил» ҳамда Насафийнинг «Мадорик ат-Танзил» асарлари орқали ўргатиб борилган[7].

Гарчи мазкур анъанавий услуб орқали араб тилини ўзлаштириш узоқ вақт талаб этсада, у маҳаллий аҳоли томонидан синовдан ўтган ишончли услуб сифатида ижобий қабул қилинган. XIX асрга келиб эса, араб тилини тезроқ ўргатишга қаратилган дастурлар асосида татар муаллифлари яратган китоблар Туркистонга кириб кела бошлади. XIII асрдан бери туб ўзгаришларга учрамаган ва маҳаллий аҳолига маъқул келиб қолган анъанавий услуб XIX асрга келиб янгиланиш жараёнларига учради. 1884 йили Қримдаги Боқчасарой шаҳрида Исмоилбек Гаспирали «усули жадид» («усули савтия») деган янги ўқув усулига асос солди. 90-йилларда бу янги усул Туркистонга етиб келди. 1893 йили Исмоилбек Гаспралининг ўзи Бухорога келиб, амир билан учрашди ва янги мактаб очишга муваффақ бўлди. У билан бирга келган ширвонлик Мажид Ғанизода эса Самарқандда қирқ кун қолиб, «усули савтия»дан сабоқ берди. Татар маърифатпарварларининг мактаблари чор ҳукуматининг мақсад ва интилишларига зид ўлароқ Тошкент, Андижон каби шаҳарларда ҳам очила бошлади. Ҳатто ҳозирда ҳам кўплаб ўзбекистонлик араб тили мухлислари ўша мактабларда жорий бўлган татар олимлари – Аҳмад Ҳодий Мақсудийнинг (1868-1941) «Муаллими соний», «Шифоҳия», Санъатуллоҳ Бекпўлатнинг (1886-1948) «Мабдал қироат» каби ўқув адабиётларини қунт билан ўрганадилар. Ушбу услуб Туркистон жадидлари томонидан ҳам тез ўзлаштирилиб, унинг асосида араб тили ўқув адабиётлари яратилди. Усули жадиднинг моҳияти шундаки, унда ҳарфлар «алиф», «сод», «коф», «қоф» тарзида эмас, балки «а», «с», «к», «қ» шаклида берилади. Бу услуб ўз даврида анча самарали ҳисобланиб, талабалар хат-саводини тезроқ чиқаришга хизмат қилган.

1902 йил Туркистонлик арабшунос Саидрасулхўжа Саидазизов (1866-1933) томонидан рус-тузем мактаблари учун «Устоди аввал» номли адабиёт яратилди. Алифбо муаллифи араб ёзувининг мураккаблиги, яъни ҳарфларнинг сўз бошида, ўртасида ва охирида турли шаклларга эга бўлишини кўзда тутган ҳолда ўқитишни ҳамма ўринларда бир хилда ёзиладиган, ўзидан кейинги ҳарфларга қўшилмайдиган мунфасил ҳарфлардан бошлайди. Бу ҳол мурғак болаларда ўқув ва ёзув кўникмаларини ҳосил қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлган. Ундан кейин ёзувдаги шакллари бир-бирига яқин бўлган ва ўзидан олдинги ҳамда кейинги ҳарфларга қўшиладиган ҳарфларни тартиб билан ўргатишга ўтади. «Устоди аввал» октябрь инқилобигача 17 марта нашр қилинди ва арабий хат-савод чиқаришга мўлжалланган энг яхши дарсликлардан бирига айланди. «Устоди аввал» алифбо дарслиги Туркистон ўлкасига янги кириб келаётган «усули савтия» – товуш усулига таянган ҳолда тузилган. Унда турк педагог олими Аҳмад Мидҳатнинг 1868 йилда босиб чиқарилган «Хожаи аввал» («Биринчи муаллим») ҳамда Исмоилбек Гаспиралининг 1884 йилда босмадан чиққан ва 27 маротаба нашр қилинган «Хожаи сибён» («Болалар муаллими») алифбо дарсликлари тажрибалари ҳам ўзлаштирилган.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки ХХ аср бошларда маҳаллий арабшунослар араб тили грамматикаси, фиқҳ, тарих ва бадиий адабиётга доир баъзи асарлар таржимаси билан шуғулланганлар. Жумладан, 1912 йил «Минг бир кеча» Аҳрор Махдум томонидан араб тилидан таржима қилинган, «Мухтасар ал-виқоя» назмда Раҳимхўжа Хатмий ва насрда Мансурхўжа ўғли Мақсудхўжа томонидан ўзбекчалаштирилган[8].

Булар қаторида шу даврларда ижод қилган яна бир қанча маҳаллий арабшуносларни тилга олиш мумкин: Акмал Тошкандий (ваф. 1883 й.), Алмаий (1852-1981), Зариф қори Абдурауф Набиев ва бошқалар.

Жадидлардан Беҳбудий (1875-1919), Авлоний (1874-1934), Мунавварқори (1878-1931) анъанавий таълим жараёнига янгилик киритиш йўлида янги типдаги мактаблар очиб, хат-савод чиқариш бўйича ўша давр учун ноанъанавий таълим методикасини ишлаб чиқдилар. Аммо шуни ҳам эътиборда тутиш керакки, жадид мактаблари анъанавий мактаблар сингари аҳоли ўртасида кенг тарқала олмади. Бунда жадид мактабларининг умри қисқа бўлгани, совет ҳукуматининг тазйиқи, аҳолининг анъанавий таълим тизимига кўпроқ ишонч билдиргани каби омиллар муҳим роль ўйнади.

1920 йил май ойида халқ таълими бўлим бошлиқларининг I съездида қилган маърузасида Мунаввар қори диний таълим муассасаларини йўқ қилиш эмас, балки таълим дастурларини дунёвийлаштириш орқали таълим тизимини ислоҳ кераклигини таъкидлаган эди. Зеро, «ўрта асрларда ҳам Ўрта Осиё мадрасаларида диний билимлар билан бир қаторда араб тили, мантиқ, география, астрономия, математика, тиббиёт каби дунёвий фанлар ўтилгани боис бундай таълим даргоҳларида буюк алломалар етишиб чиққан»лигига Мунаввар қори ўз чиқишида урғу беради[9].

Жадидлар арабшунослик масалаларига эътибор қаратганлари баробарида, янги совет ҳукумати ҳам чор Россияси даврида шаклланган рус арабшунослиги асосида совет арабшунослигини ташкил этишга қилган ҳаракатлари намоён бўлди. Чунончи, 1935 йили Совет арабшунослари уюшмаси тузилиб, унга барча совет республикаларидан таниқли арабшунослар аъзо бўлдилар. 1937 йили арабшунослар уюшмасининг Ленинград шаҳрида бўлиб ўтган иккинчи йиғилишида Ўзбекистон арабшунослари томонидан амалга оширилаётган ишлар юқори баҳоланди. Хусусан, ушбу йиғилиш резолюциясида айтилишича, агар революцияга қадар араб қўлёзмалари фондлари асосан Ленинградда тўпланган бўлса, эндиликда бундай фондлар Тошкент, Қозон, Тбилиси, Боку, Сталинободда (ҳоз. Душанбе) ҳам ташкил этилган. Нодир арабий қўлёзмаларни каталоглаштириш ишлари яхши йўлга қўйилган, бу борада Тошкентдаги ЎзССР халқ кутубхонасида амалга оширилган ишлар алоҳида ўрин тутади»[10].

т.ф.н., доц. Иброҳим Усмонов,
Тошкент ислом университети

http://markaz.tiu.uz сайтидан олинди.

[1] Ртвеладзе Э. Мовароуннаҳр VIII-X асрларда / Асрлар қаъридан таралган зиё. Т.: Шарқ, 1998. – Б.25.
[2] Ражабов Р. Ўзбекистон араблари тарихи. –Т.: Sharq, 2012.
[3] Ўқиш китоби /Т.Шермуҳамедов, Ф.Абдуллаев. –Т.: O’qituvchi,1973. – Б. 7.
[4] Қаранг: Усманов И. Саидова Г. Мовароуннаҳр туркий тафсирлари тарихи. –Т.: Мовароуннаҳр, 2012. – Б. 24-28.
[5] Қаранг: Ғофуров У. Ўзбекистонда диний таълимнинг тарихий илдизлари / Илмий-таҳлилий ахборот. – Тошкент, 2010. – № 3. – Б. 19.
[6] Солижонова Г. Ўрта асрларда Ўрта Осиё мадрасалари ўқув дастури ҳақида / Ўзбекистон тарихи. –Тошкент, 2000. –№ 3. –Б. 27-28.
[7] Қаранг: Ғофуров У. Ўзбекистонда диний таълимнинг тарихий илдизлари / Илмий-таҳлилий ахборот. – Тошкент, 2010. – № 3. – Б. 19.
[8] Ирисов А. Тошкентда арабшунослик. –Т.: Фан, 1964. –Б.8.
[9] Қаранг: Islamic education in the Soviet Union and Successor States // A.Muminov and others. Islamic edication in Soviet and post-Soviet Uzbekistan. London and New York, Routledge, 2010. p. 233.
[10] Вторая сессия Ассоциации арабистов// материалы 2-й сессии Ассоциации арабистов в Ленинграде от 23 октября 1937 года. Ленинград: Типография АН ССР. – С. 5-15.
[11] Ольденбург С.Ф. Французская школа крайнего Востока в Сайгоне // Журнал министерства народного образования. Петроград, 1902. – С. 47.
[12] Лунин Б.В. Из истории первого высшего востоковедного учебного заведения в Средней Азии // Очерки по
истории русского востоковедения. Сборник 4-й. М.: Изд-во Восточной литературы, 1963. – С. 302-З45.
[13] Боҳодиров Р. Аждодлар меросининг фидойиси ва серқирра аллома / Ўзбекистон тупроқларининг унумдорлик ҳолати, муҳофазаси ва улардан самарали фойдаланиш масалалари (проф. М.Баҳодировнинг 110 йиллигига бағишланади), 11-12 декабрь 2013 й. – ТошДАУ, Республика илмий-амалий конференцияси материаллар тўплами. – Б.361-364.
[14] Қаранг: Ирисов А. Тошкентда арабшунослик. –Т.: Фан, 1964. – Б.15-16.
[15] Қаранг: Ирисов А. Тошкентда арабшунослик. –Т.: Фан, 1964. –Б.8.
[16] Мисол учун, Пиримқул Қодиров қаламига мансуб “Илинж” ҳикоясининг Муҳаммад Аббос Муҳаммад томонидан қилинган таржимаси “Ал-Амал” номи билан араб матбуотида эълон қилинган.
[17] Қаранг. Ирисов А. “Минг бир кеча” таржимасига доир / Шарқшунослик. – Тошкент, Фан, 1990. – № 1. – Б. 50.
7-декабрь, 2016

facebook.com