Соқол ва ҳижобга рухсат. Аммо, лекин, бироқ…

Соқол ва ҳижобга рухсат. Аммо, лекин, бироқ…
71 views
27 July 2018 - 18:23

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов ўтган йилларда мамлакатда диний эркинликларнинг чеклаб келинганини эътироф этган.

Бу ҳақда у АҚШга сафари чоғида гапирган.

Вашингтондаги Миллий Пресс Клубда қилган чиқишларида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги ҳукумат ҳайъати аъзолари Ўзбекистонда диний сиёсат ўзгарганини таъкидлашган.

Жумладан, Давлетовнинг ўз маърузасида айтишича, ҳозирда “ўзгаришлар шамоли” диний соҳани ҳам четлаб ўтмаяпти.

Вазир Ўзбекистон “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни қайта ёзаётганини айтган.

Унга кўра, янги қонунда диний либосларга чекловлар юмшатилади ва масжидларни рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилади.

Адлия вазирига кўра, Ўзбекистонда соқол қўйиш ва ҳижоб ўраш таъқиқланмаган, бироқ алоҳида ташкилотларнинг “дресс-кодлари бўлиши мумкин”.

“Сиз соқол билан бориб, лабораторияда ишлолмайсиз”, – деб айтган Ўзбекистон адлия вазири.

Аввалроқ Президент Мирзиёев 16 минг диндорни қора рўйхатдан чиқарганди.

Эндиликда Ўзбекистоннинг ўзи АҚШнинг диний эркинликлар соҳасидаги қора рўйхатидан чиқишга умид қилмоқда.

Вашингтонга сафар чоғида ўзбек расмийлари диндорларни қора рўйхатга тиркаш тажрибасига буткул барҳам берилганини айтишган.

ЎХҲ хабарлар бўлими