Ватан ва Давлат

Ватан ва Давлат
39 views
28 July 2018 - 8:00

Онам мени дунёга келтирганларидан токи бугунги кунга қадар менга меҳр берганлар, тарбия қилганлар, эътиқодим ва иймонимни шаклланишига энг катта ҳисса қўшганлар.

Онам менга ҳамма нарсани ўргатганлар. Барча-барчасини онамнинг дунё қарашлари орқали кўриб, тушуниб, ўрганганман. Онам менга кўп нарсани ўргатдилар, лекин бирор марта менга қандай қилиб ўзларини яхши кўришни ўргатмадилар. Берган меҳрлари, садоқатлари орқали мен онамни яхши кўриб, севиб, ардоқлаб боравердим. Йиллар ўтгани сари онамга бўлган меҳрим ва омонат эканликларини ҳис қилишим ортиб бораверди.

Ватанни онага ўхшатадилар. «Она – ватан!»

Ҳамма менга ватанни қандай севиш ҳақида маъруза ўқийди. Телевизорда ватанпарварлик ҳақида тинмай гапирилади. Ватанни севишга чақиришади. Ватан ҳақида шеърлар, ваъзлар ўқишади. Ватанни севишга чақиришади.

Ватан хоинлари, ватангадолар ҳақида кўрсатувлар қилиб, уларни, ота-оналарини сазойи қилишади. Ватанга хиёнатда айблаб одамларни қатл қилишади. Зулм қилишади. Қамашади…

Ҳеч ақлимга сиғмайди. Онани ёмон кўрадиган одам борми? Онаси фоҳиша бўлганлар ҳам онасини яхши кўради-ку?! Ватан онага қиёсланар экан, ким ватанини ёмон кўради? Мен ҳали ватанини ёмонлаган Ўзбекни кўрмадим. Ҳа, ишонаверинг, кўрмадим.

Сизчи, кўрдингизми? Ватанини қишини, баҳорини ёмонлаган одамни кўрдингизми? Ватан тупроғидан, ватан ҳавосидан нолиган одамничи? Ватан нонини, мевасини ёмонлаган одам ҳақида эшитганмисиз?

Ватанни ватандан узоқдаги ҳар бир одам соғиниб яшайди. Ватандан озгина узоқлашган одам буни ҳис қилган. Онани яхши кўришни она ўргатмагани каби, ватан ҳам бизга яхши кўришни ўргатмаган. У меҳр берган. Бизни улғайтирган. Биз унинг ҳавосидан, неъматларидан баҳра олганмиз. Яшаганмиз, улғайганмиз ва яшаяпмиз. Бизга ватанни яхши кўриш қонимиз билан бирга кирган. Энди жонимиз билан чиқиб кетади. Ҳар ким ўз тасаввурича яхши кўраверади. Ҳар ким ўз билганича (ўзи билмаган ҳолда бўлса ҳам) ватанпарварлик қилаверади.

Онангиз уйингизга ўгай отани олиб келса, у ўгай ота зулм қилса, сизни ўгай укангизни яхши кўриб, сизни таҳқирласа, хўрласа, ҳақингизни олиб: «мен ҳам онангман», деса ишонасизми? Ўгай отани она ўрнида қабул қиласизми? Ҳа, афсуски, бугун ҳам ўтмишда ҳам кўплар қабул қиляпти. Ўгай отани «она», деб ҳайқиряпти. Ўзи ишонгани етмагандай, қолганларни ҳам ишонтиришга ҳаракат қиляпти.

Ватан бу – ватан! Давлат билан ватанни аралаштирманг, илтимос! Мен Ўзбеклар ичида ватанидан норози бўлганларни кўрмадим. Аммо давлатидан норози бўлганларни кўрдим. Давлат бу онангизни меҳрини, мол-давлатини, чиройи-ю, гўзаллигини тортиб олиб, ундан фақат ўзи фойдаланса, сизни ҳақингизни еб туриб, бошингизга бир мушт уриб, қотган нон бериб шукр қилишга чақирса. Етмаганига сиздан садоқат ва меҳр ила онангиз каби севишни талаб қилса. Бу қанчалик ҳақиқат бўлади?

Мен ватаним олдида қарздорман. Ҳар бир қолган Ўзбекистонликлар каби, онамни олдида қарзимни уза олмаганим каби қарздорман. Аммо мени давлатдан қарзим йўқ. Союз давридаги ҳам Давлат эди. Ўша давлат – мени оталаримни ўз манфаати йўлида пахта майдонларида ишлатиб, устидан зарарли дорилар сепди. Ўша Давлат – ер ости ва устки бойликларига эгалик қилиб, мени акаларим, опаларим ва сингилларим ҳақини еди. Ўша Давлат – ўгай отам онамга эгалик қилгани каби ватанимга ҳам эгалик қилди. Ўша давлат – ота-боболаримни (бугун сиз ва биз ватанпарвар деб эътироф этадиган) қатағон қилди. Халқи, ватани учун курашганларни «халқ хоини», «ватан хоини», деб қатл қилди, қувғин қилди.

Давлатлар келиб кетаверади. Кеча Союз, ундан аввал Хонликлар, қабилалар, Чингизлару, оқ подшоҳлар давлатлик қилди. Эгалик қилди. Ҳар бир давлат ватанга эгалик қилиб «мен онангман» деб уқтирмоқчи бўлди. Ҳар бир давлат ўзини ватанга тенглаштирди. Ўз номини ватан номи ёнига қўйди. Вақт ва тарих давлат бошқа, ватан бошқа эканлигини кўрсатиб берди. Давлат бугун бор, эртага йўқ. Бугун буниси, эртага бошқаси. Аммо ватан ягона. Ватан танланмайди! Менга ватанни севишни ўргатманг.

Саййид Ислом

2017.07.27

facebook.com