Ҳамма нарса улар учун скрипка…

Ҳамма нарса улар учун скрипка…
20 views
29 July 2018 - 13:23

Бир тарафда контрактни кўтарилгани ва “ГМ“ машиналарини нархини ошгани муҳокамаси, бошқа тарафда диний тўсқинликлар: ҳижоб, болалар масжидга киритилмаслиги, Нуриймон…. Ёшлар иттифоқи ҳақидаги муҳокамаларнику, гапирмаса ҳам бўлаверади.

Атеист бўладими, диндорми, либералми ўзига керакли мавзулар муҳокамасида фаол, ўзи учун қизиқ бўлган мавзулар атрофида фикрлар билдириб, дўстлари билан фикр алмашиб, “душманлари“ билан баҳсларга киришган.

Фбдан каллани шундоқ чиқариб, кўчага қарасанг, гўёки ҳамма ёқ тинчга ўхшайди. “Триумф томошаси“ филмидаги каби яшаб турган фбдаги ҳаётимиздан ташқаридаги ҳаёт аслида жуда бошқача. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Тирикчилик, қорин тўйдириш каби ташвиши билан кунини ўтказади.

Яна бир тоифа бор. Улар учун дунёни уёғию-буёғи бир тийин. Доллар курси, картошкани нархи ва ўз ишига тааллуқли бўлган масалалардан бошқа нарса уларни қизиқтирмайди. Ундай одамларни “Титаник“ филмидаги скрипкачиларга ўхшатаман (гарчи у скрипкачиларни мақсади бошқа бўлган бўлса ҳам). Ҳамма нарса улар учун сссскрипка.

Қизини рўмолини бошидан тортиб оладими;

Боласини масжиддан ҳайдаб юборишадими;

Бир тийинга қиммат машина олиши учун йиллаб меҳнат қилиб, шапкасини бериб, ойлаб кутиб машина оладими;

Ўғлини ўқитиш учун молини сотиб, бозорда 55 градус иссиқда негри чиқиб савдо қилиб ўғлига 12 000 000 миллион тўлаб контрактга киргизадими;

Қуронбоев ўзини ёки боласини тўйини бузиб, таксига ўтказиб юборадими аҳамияти йўқ. Умуман қизиқтирмайди. Барчаси-барчаси сссскрипка.

Дунё ағдар-тўнтар бўлиб, кимдир яшаш учун, кимдир фаровон ҳаёт учун, бошқаси ор-номуси учун курашиб турган бир вақтда қорнини силаааб, чойхонада ёнбошлааааб скрипкасини чалиб ётса бўлди. Бордию бирор муаммо ҳақида гапирсангиз, сизга бақрайиб қараганча чалишда давом этади. Ўзи чалаётган мусиқадан ўзи кайф қилиб, роҳатланиб тураверади. Атрофдаги ғала-ғовурлар, бақир-чақирларни унга аҳамияти йўқдек чалаверади. Сув бўғзига келиб, чўкаётганини билганида бутун ҳаёти сссскрипка бўлганини кейин тушуниб етади. Унгача чалаверади, чалаверади…

Саййид Ислом

facebook.com