Суд МХХ собиқ бош терговчисини сиртдан қамоққа олиш ҳақида ҳукм чиқарди

Суд МХХ собиқ бош терговчисини сиртдан қамоққа олиш ҳақида ҳукм чиқарди
59 views
30 July 2018 - 17:27

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман суди Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозир Давлат хавфсизлик хизмати) тергов бошқармасининг собиқ бошлиғи Олег Бусигинни сиртдан қамоққа олиш ҳақида ҳукм чиқарган.

9 июнда чиқарилган бу ҳукм тўғрисида “Озодлик” радиосига 27 июлда, суд тизими ходимларидан бири ҳукм нусхасини юборгач маълум бўлди.

“Озодлик” радиоси манбасидан олинган хабарни Бош прокуратура матбуот хизмати тасдиқлади.

Қидирув

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг 30 июль куни “Озодлик” радиосига маълум қилишича, 48 яшар Олег Бусигинга (фамилиянинг русча оригинал версияси – Бусыгин) нисбатан жорий йилнинг 6 июнида Жиноят Кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди (“Товламачилик”) билан жиноят иши қўзғатилган.

Матбуот хизмати тақдим этган маълумотга кўра, Олег Бусигин ҳозирда “қидирувга берилган”.

Ҳозирги кунда мазкур жиноят иши юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда,” деб билдирди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Жиноят таркиби

Олег Бусыгинни сиртдан қамоққа олиш ҳақидаги қарор
Олег Бусыгинни сиртдан қамоққа олиш ҳақидаги қарор

“Озодлик” радиосига юборилган ҳукм нусхасидан маълум бўлишича, 2012-2017 йиллар давомида МХХ Тергов бошқармаси бошлиғи бўлган Олег Бусигинга нисбатан қўзғатилган жиноят иши марказида унинг “Туркистон” тижорат банки акциядори “Рустам Ҳусниддиновдан 2013 йил март ойида тамагирлик йўли билан икки марта жами 450 минг доллар олгани” туради.

Биринчи эпизодда Олег Бусигин хориж фуқароси Говинд Харри Ламага нисбатан МХХда қўзғатилган текширув доирасида фуқаро Рустам Ҳусниддиновни тергов бошқармасига чақиради ва “уни Говин билан жиноий тил бириктирганликда айблайди”.

Олег Бусигин, “ўз мансаб ваколатларидан фойдаланиб”, Рустам Ҳусниддинов ва Говин Харри Ламани “қамаш ва уларга тегишли мол-мулкни мусодара қилиш билан қўрқитиб,” жиноий ишни беркитиш учун улардан 150 минг АҚШ доллари тама қилади.

Сўнгра, О. Бусигин ўз мансаб ваколатларидан фойдаланиб унга муаммо туғдира олишини билиб, Р. Ҳусниддинов унга айтилган маблағни фуқаро Абдулла Мусаев орқали беришга мажбур бўлган,” дейилади суд қарорида.

Талаб қилинган маблағни Рустам Ҳусниддинов Абдулла Мусаевга Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Bibigon кафеси ёнида берган.

Иккинчи эпизодда Олег Бусигин хавфсизлик хизматининг Говинд Харри Ламага тегишли ширкатлар ҳақида тўплаган материаллардан фойдаланиб, Рустам Ҳусниддиновдан 300 минг АҚШ доллари талаб қилади.

Рустам Ҳусниддинов талаб қилинган маблағни 2013 йилнинг март ойи охирида Тошкентнинг Глинка кўчасида Абдулла Мусаев орқали МХХ бош терговчисига беришга мажбур бўлади.

Говинд Харри Лама 2012 йилга қадар Ўзбекистонга миллионлаб доллар сармоя киритган тадбиркор сифатида танилган.

У Ўзбекистонда Profit Trade System, ITK Forum Teks, Asia Group Consulting, Fly Victoria сингари қатор ширкатларга эгалик қилган.

МХХ собиқ бош терговчиси

Олег Бусигинни яқиндан таниган тошкентлик адвокатнинг “Озодлик” радиосига айтишича, у МХХ Тергов бошқармасининг собиқ бошлиғи лавозимидан “2017 йил декабрида ўз ихтиёри билан бўшаб кетган”.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати “Озодлик” радиосининг Олег Бусигиннинг қаердалиги “тергов сири доирасидаги маълумот” эканини билдирди.

Аммо, Тошкентлик адвокат Олег Бусигиннинг аллақачон Ўзбекистонни тарк этгани ва жорий йил баҳорида оиласи билан Россия ватандошлигини олганини маълум қилди.

Асли Москвада таваллуд топган Олег Бусигин 2008 йилда ЎЗбекистон Республикасининг “Жасорат” ордени билан тақдирланган эди.

Олег Бусигин 2011 йил мартида Тошкентдаги Turkuaz савдо марказида ўтказилган рейдларга етакчилик қилган хавфсизлик зобитларидан бири эди.

Кўп ўтмай МХХ Тергов бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган Олег Бусигин истеъфога чиққунга қадар беш йил давомида айни бошқармага раҳбарлик қилди.

ЎХҲ хабарлар бўлими