Янгича диний сиёсат қандай бўлиши керак?

Янгича диний сиёсат қандай бўлиши керак?
24 views
31 July 2018 - 12:39

Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатларини қайта кўриб чиқиш таклиф қилинмоқда. Диний сиёсат ўтган ҳафта Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегациянинг АҚШга сафари давомида ҳам муҳокама қилинди. Энди диний эркинлик бўйича АҚШ махсус элчисининг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда.

Тошкент эътиқод эркинлиги, инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган йўл харитасини амалиётга киритмоқчи. Бу харита тафсилотлари ҳозирча номаълум.

Нисбий эркинлик айрим радикал қарашларни юзага чиқарар экан, жамоатчилик давлат ва дин муносабатлари қайта таҳрирга муҳтожлигини муҳокама қилмоқда.

Абдулазиз Комилов АҚШнинг диний эркинлик бўйича махсус элчиси Сем Браунбек билан ҳам учрашган. Браунбек сентабр ойида Ўзбекистонга сафар қилиши кутилмоқда.

Вашингтондаги учрашувлар давомида АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Ўзбекистонда диний соҳада ижобий ўзгаришлар мавжудлигини қайд этди. Ўзбекистон эътиқод эркинлиги бўйича хавотирга молик давлатлар рўйхатидан жой олиб келгани инобатга олинса, махсус элчининг Ўзбекистонга сафари бу рўйхатдан чиқиш учун ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин.

Ўзбекистонда давлат, ҳукумат ва дин муносабатлари ўта зиддиятли бўлиб келган. Ҳокимият алмашиши ортидан бу зиддият нисбатан сусайган бўлса-да, эътиқод эркинлигига оид таранглик ҳамон мавжуд, диний ташкилотлар фаолияти устидан назорат ўта кучли, диндор гуруҳлар давлатга, ҳукуматга таҳдид сифатида кўрилади.

Давлат ва дин муносабатларини қайта кўриб чиқиш юзасидан билдирилаётган ташаббуслар орадаги ишончсизликни йўқотиш, диний фаолиятни ҳукумат назоратидан чиқариш, радикализмга ҳамжиҳатликда қарши туриш, Давлат хавфсизлик хизматининг (ДХХ) диний фаолиятга аралашишини чеклашни мақсад қилади.

Давлат ва дин муносабатини қайта кўриб чиқиш ташаббусини билдираётган фоллардан бири, диний экстремизмда айбланган ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхондир (Нурулло Отахонов). У марҳум Каримов бошқарувидаги турғунлик даврида давлат ва дин муносабатлари таҳлил қилинган, жамоатчилик орасида анча машҳур бўлган “Бу кунлар” романи учун терговга тортилган эди.

Рауфхон янги диний сиёсатга доир таклифлари билан Мирзиёев қабулхонасига мурожаат қилган. Ҳукумат қошидаги Дин ишлари қўмитасини тарқатиб юбориш ташаббуси кўтарилган бу мурожаат қўмитанинг ўзига келиб тушган.

Яқинда у ўз диний консепсиясини ижтимоий тармоқда жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Ундаги асосий ғоя – дин устидан ҳукумат назоратини олиб ташлаш, Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари қўмитасини тугатиш, диний фаолиятни президент давлат маслаҳатчиси ваколатига ўтказиш, МХХнинг дин ишларига аралашувига чек қўйиш.

“Озгина берилган эркинлик таъсиридан айримлар ўта кескин муносабат билдираётгани ҳам кузатилади. Бошқача айтганда, радикаллик, яъни радикал фикрлар ҳам айтилмоқда. Бундан хавотирга тушган давлат, э бу бўлмас экан-ку деган хулосага ҳам келиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам мен янги консепсияни таклиф қилдим, бу шу радикалликни ҳам йўқотиши мумкин, давлат ва мусулмонлар ўртасида бирор кескинлик бўлмайдиган ҳолатга ҳам олиб келиши мумкин. Албатта, бунинг амалиёти қандай бўлиши ҳақида батафсил тушунтириш бераман, лозим кўрилса. Аммо шундоқ ҳам аниқ-ки, тақиқ йўли, ҳижобни ёки бошқани тақиқлаш яна эски қолипларни ушлаб туриш бўлади. Жамиятнинг тинчлиги, хотиржамлиги тақиқ, куч, зулм билан бўлмайди. Мен бу консепсияда муроса йўлини таклиф қиляпман, халқ билан давлатни бирлаштириш керак, ҳамфикр, ҳамжиҳатлик ғояси асосида. Энг муҳими, диний сиёсатда ғоявий асос янгиланиши керак”, – дейди ёзувчи.

Рауфхон фикрича, ҳокимият алмашиши ортидан диний сиёсатда айрим ўзгаришлар бўлди, аммо давлат идоралари диндорларга таҳдид сифатида қарашини ўзгартирмас экан, давлат, ҳукумат ва дин муносабатлари қайта кўриб чиқилмас, янги ғоя, консепсия қабул қилинмас экан, кўпчилик диндорлар, жумладан халқаро жамоатчилик томонидан ҳам кутилаётган ўзгаришлар бўлиши қийин.

“Халқаро жамоатчилик, мана АҚШ ҳам Мирзиёевнинг ислоҳотларига ишонди, янгиликлар, ўзгаришлар бўлаётганини тан олди, бутун Ғарбни Ўзбекистон ҳақидаги фикрлари ўзгармоқда. Шунинг учун айрим муаммолар, чекловлар ҳафсалани пир қилиши мумкин, кеча бундай эди, бугун бунақа деган фикрларни келтириб чиқариши мумкин. Диний соҳада муаммолар тиқилиб ётибди, кўпига раҳбарлар, уламоларнинг ўзи айбдор. Мен буни китобимда ҳам ёзганман, улар ўз атрофида мусулмонларни бириктира олмадими, айбдор улар. Кейин давлат албатта тинчликни сақлашга ҳаракат қилади, жиққа мушт бўлаётганларни жим кузатмайди, чора кўришга мажбур бўлади”, – дейди Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон.

Таъкидлаш жоиз, ёзувчининг ижтимоий тармоқда тақдим қилинган диний консепсия доирасидаги муҳокамалар жамоатчиликда давлат ва дин муносабатларига доир кескин радикал фикрлар мавжудлиги билан ҳам кузатилади.

Манба: amerikaovozi.com