Тинчлик баҳонасида ҳақ-ҳуқуқимизни тортиб олиш шарт эмас

Тинчлик баҳонасида ҳақ-ҳуқуқимизни тортиб олиш шарт эмас
31 views
11 August 2018 - 14:14

Уч йил аввал Қозоғистонни “Астана“ футбол клуби Европани қайсидир жамоаси билан чемпионлар лигаси доирасида ўтказиладиган ўйинни ўз уйида ўтказган. Ўшанда меҳмон жамоа ютқазган.

Европаликлар қозоқ мухбирларига интервью бера туриб “ўзимизни худди қамоққа келиб қолгандек ҳис қилдик. Аэропортга келганимиздан токи стадионга қадар ҳамма ер ҳарбий казармага ўхшар эди“, дегани эсимда қолган.

Ҳа, ҳарбий казарма… Ўшанда қозоқлар европалик футболчилар гўрига ғишт қалагани эсимда. “Қозоқларники шундай деган бўлса, биздаги аҳволни кўрса нима дер экан?“, деб ўйлаган эдим.

Ўзбекистондан ташқарига чиқмаган одам учун ҳаммаси табиийдек, ҳаммаси худди шундай бўлиши керакдек таассурот уйғотади. Майда деталлардан тортиб катта-катта муаммолар ҳақида бутун бошли китоб ёзса бўлади. Аммо ярқ этиб кўзга ташланадиган, худди халқни устидан кулишга ўхшаган муаммо: Кутиш залларидан фойдаланишга рухсат бермаслик.

Четдан келган одам юкларини кўтариб, божхона қайдномасидан ўтгани кифоя қилмайди. Аэропорт биносидан юкларини кўтариб, ташқаридаги кутиб оладиган одами олдигача 500 метр юриб чиқишга маҳкум. Аёл бўладими, ҳомиладор бўладими, қария бўладими фарқи йўқ. Сабабини сўрасангиз “хавфсизлик нуқтаи назаридан…“, деб бошланадиган сийқаси чиққан гапга гувоҳи бўласиз.

Келган одам майли, бир бало қилиб чиқиб олар. Аммо кутгани келган одам ёзни эллик градуслик иссиғида, қишни қаҳратон совуғида кўчада дайдига ўхшаб кутиб туришга маҳкум. Самалёт кечикадими, келган одам ушланиб қоладими фарқи йўқ. Беш соат бўлса, кўчада беш соат туриб кутади.

Юки билан келган отасини қўлига катта сумкани бериб “қани чопқилланг, у ёғига менга йўл йўқ“, деб туришга бола маҳкум. Онасини инқиллаб, қийналиб сумкасини олиб кетаётганини жимгина кузатиб тураверади.

Четдан келаётганда кузатгани келган одам Аэропорт ичкарисига бемалол киради. Багаж топширгунига қадар биргалашиб топширади. Хайрлашиб, бемалол ортига қайтиб кетади. Кутиб оладиган одам ёзда муздай, қишда иссиқ залда келадиган одамни бемалол кутиб туради.

Хавфсизлик масаласига келадиган бўлсак, божхона, Ички ишлар, ДХХ каби давлат органлари биргалашиб туриб тинчликни, хавфсизликни таъминлай олмаса, ундай масъулларни ишдан ҳайдаш керак. Ҳамма ерда бинойидай ишлаётган тизим бизда “хавфсизлик“ нуқтаи назаридан ишламас экан, ундай тизим истеъфодан бошқа нарсага лойиқ эмас. Ўз ишини қила олмай, халқ манфаатини олиб қўйиш эвазига таъминланадиган хавфсизлик бадалини нима учун биз тўлашимиз керак?!

Инновация, юқори технологиялар, вала, вала, вала… дейишдан аввал, энг оддий вазиятларда халққа озгинагина енгиллик бериш керак. Хавфсизлик ташкилотлари ўз ишларини бажаришсин, биз ичкарида хотиржам кофе ичиб, келадиган одамимизни кутиб, тинчлик посбонлари ҳақига дуо қилайлик. Келадиган одамлар ҳам хотиржам келсин. Ўзини қамоқхонага келгандай ҳис этмасин.

Бу нафақат аэропорт, балки, вокзалларда ҳам шундай вазият. Аэропорт, вокзал майли, аммо оддийгина давлат ташкилотларида банк, суд, департамент каби ташкилотларда ҳам маҳобатли қилиб қурилган биноларни асосий кириш қисми ёпиқ туради. Ёнидан ёки орқасидан кичкина эшикдан кириб чиқади. Ваҳоланки у ўлгур ишламас экан қуришдан нима наф?

Тинчлик баҳонасида ҳақ ҳуқуқимизни тортиб олиш шарт эмас. Ҳамма ўз ишини қилса, юртда тинчлик ва тараққиёт бўлади. Мавзуни бошига қайтадиган бўлсам, ичкаридагиларни ўйламас экансизлар, ҳеч йўқ ташқаридан келадиган одамларга “ҳарбий казарма“ эмас, тинч ва осойишта давлат эканимизни кўрсатайлик.

Саййид Ислом

facebook.com