Масжидларда Имомни гапини ҳеч ким эшитмай қўйди…

Масжидларда Имомни гапини ҳеч ким эшитмай қўйди…
50 views
13 August 2018 - 10:00

Кечаги жума куни мусулмонлар диний идораси тарафидан жўнатилган жума хутбасига иловада “оталарни фарзандларига қарамаслиги, алимент бермаслик ва оиласи билан ажрашгандан кейин фарзандини таъминламаслик“ масаласи экан.

Имом матнни ўқиб берар экан, унинг гапларидан энсамни қотмаслигини иложи йўқ эди. “Оталар шаръий жиҳатдан болаларини таъминлашга масъуллар“, деди. Ҳа, тўғри ва чиройли гап. Бунга ҳеч қандай эътироз бўлиши мумкин эмас. Аммо масалани бошқа тарафлари бор.

Мантиқсизлик устига қурилган бошқарувлари орқали, мусулмонларни ўзларига ўхшаган онгсиз деб ўйлашса керак.

Фарзандга ота масъул. Қўшиламан. Иккинчи даражали масалани кўтаришдан аввал биринчисига қарашни маъқул кўраман. Фарзанд – таъминлаши лозим бўлган отани мулки ҳисобланади. Фарзанд шаръий жиҳатдан онада эмас, отада қолади. Оталарни алимент тўламаслиги, фарзандини қаровсиз қолдириши шариатга эргашмасликдан келиб чиқмаяптими? Агар фарзанд отада қолса, ота уни боқади. Қарайди. Она эса “свободная“ бўлади ва хоҳлаган одамига турмушга чиқиб кетаверади. Ҳаётни енгил санаб, дарров ажрашаман деётган аёл боласи эрида қолишини ўйлаб, ажрашишга енгил қарамайди.

Биздаги энг катта мантиқсизлик шундаки, биринчи масалага эмас, иккинчи масалага эътибор қаратилади.

Илм олишга тарғиб қилинади. “Ҳар қандай жоҳилликни сабаби илмсизлик“, деб бонг урилади. Аммо илм олиш учун шароит яратиб берилмайди. Масжидга келган болаларни ҳайдашади. Мадрасаларни ёпишади. Болага ўз эътиқодига кўра таълим олишига шароит беришмайди.

Ҳужрадаги хатар, ҳақида тўлқинланиб гапирадиганлар республика қорилар мусобақаси қатнашчиларини 90 фоизи ҳужрада таълим олгани ҳақида гапирмайди. Ҳужрага фарзандини бермаслик учун унга алтернатив Қуръон ёдлатадиган, қориларни етиштириб чиқарадиган мактаблар очилмайди.

Иккинчи хотин муаммосини элга достон қиладиган, уни хавфидан огоҳлантирадиган Имом домлалар зино, фаҳш, фоҳишахоналар ҳақида гапирмайди.

Биргина қизни рўмоли билан йиллаб олишадиган Имомлару, расмийлар минглаб фоҳишалар фабрикасига айланганимиздан гапирмайди.

Намозни қандай ўқиш, қўлни қаерга қўйиш, Ваҳобийлар фитнасидан огоҳлантирадиган Имомлар бенамозлар, калимани билмайдиганлар ҳақида гапирмайди.

Ўз жонига суиқасд қилганларни ёмонлигини масжидга келган, Аллоҳни таниган одамларга гапиради. Шу ўринда бир нарса ёдимга тушиб кетди. Россия Чеченистон урушида Чеченлар тарафида туриб урушган Салмон асирга тушади. Урушдан тахминан 7 йил ўтиб, руслар Салмондан ва қамоқхона расмийларидан интервью олади. Шунда рус офицери бир гапни айтади “Мусулмонларда ўзини ўзи ўлдириш катта гуноҳ. Шу учун маҳбуслар ўзини ўзи ўлдира олмайди. Салмонга ўхшаганлар агарда динида ўлим мумкин бўлганида, ўзини аллақачон ўлдирган бўлар эди. Лекин буларни ўлдириш керак эмас, булар айнан ўлиш учун уришга кирган. Умрбод қамоқ булар учун энг олий жазо“ деган эди.

Зўр-а? Мусулмонлар ўзини-ўзи ўлдирмаслигини руслар билади, атеистлар билади, христианлар билади, аммо бизни мусулмонлар идораси ва Имомларимиз билмайди. Кимни алдамоқчи бўлишади? Бу халқ 90 – йиллардаги содда халқ эмас. Энди бу халқ интернетни билади. Қулоққа осилаётган лағмонларни солиштириб кўра олади.

Ҳа деб кулги бўлишдан чарчамадими-а? Масжидларда Имомни гапини ҳеч ким эшитмай қўйди. Ҳамма ўзи билан овора. 1 га тақаб келадиганлар сони ундан ҳам кўпроқ. Имомларни ўз ҳолига қўйишсин ёки жойни бўшатишсин. Имомларни обрўсизлантираётган қандайдир компания ва пулга ёлланган одамлар эмас, аксинча, диний идорадагилар маза қилиб куляпти. Обрўсизлантиряпти.

Саййид Ислом

facebook.com