Умид

Умид
15 views
15 August 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ҚОР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

УМИД

Бобохон Полвоновга

Ардоқланар момиқ деб тўғри,
«Оқ олтин» деб, тўғри, мақталар.
Бир кун мен кашф этдим заводда,
Қаттиқ экан юмшоқ пахталар.

Аёв билмас, сўқир тасодиф
Тиғсиз кесди оёқларимни.
Бир той пахта устимга қулаб,
Ногоҳ эзди оёқларимни.

Соғинаман энди гоҳ чигал,
Гоҳ равон, гоҳ тор йўлларни мен.
Ўн йил бўлди босмаганимга
Қадамимга зор йўлларни мен.

Зангори экран… чарх урар қизлар
Ловуллатиб яноқларини,
Тақиб олиб чаккаларига
Лўппи пахта чаноқларини.

Ҳаприқаман, санчади юрак
Сиғдиролмай ўкинч, зоримни.
Соғинаман «Лазги»ни, дўстлар,
Соғинаман гулрухсоримни.

Қомат кериб, шахдам одимлаб
Юришларим не бир фахр эди.
Ҳозир эса оқшоми билан,
Оёқларим қақшаб оғрийди.

Бу умидбахш оғриқ ҳам, дариғ,
Гоҳ-гоҳида камроқ сезилар.
Қайтмаса деб оёғимга жон
Шунда юрак-бағрим эзилар.

Зирқирасин, майли, борлиғим,
Азоб ва дард айб эмасдир.
Энг муҳими, мажруҳмас иймон,
Эътиқодим майиб эмасдир.

Мен севаман — юрагим бахтли,
Шеър ёзаман — бахтли қўлларим.
Бироқ баъзан йиғласа керак
Ўн йил юрмай қўйган йўлларим.

Кўзёш тўкса керак гоҳида
Курашимни кўрмаган майдон.
Менинг эса лабимда кулгу,
Мен биламан, ноумид — шайтон.

Шодлик қилиб куйлайман ҳали
Ҳеч қачон чекмаган ноламни.
Оппоқ пахтам каби чарақлаб
Айланаман бутун оламни.

Фарзанд кўриб, улашаман бахт
Ўғилларим ва қизларимга.
Тўлиб кетар бутун Хоразм
Гурсиллаган рақсларимга!

(давоми бор)