Осмонга хат

Осмонга хат
26 views
18 August 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ҚОР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

ОСМОНГА ХАТ

Болалигимизда варрак ипларига қоғоз ҳалқачалар
тизиб, шамолда уларнинг шиддат билан
осмонга қараб сирғалишларини кузатар эдик.
Бу — «осмонга хат» деб аталарди…

Мен осмонга мактублар ёздим,
Руҳи юксак, сўзлари олий.
Хаёлларим самовий эди,
Мактубларим эса — хаёлий.

Лекин хаёлдамас, асли ҳам
Сал самовий бўлгим келарди.
Ғужғон ўйнаб, чарақлаб турган,
Тиниқ, мовий бўлгим келарди.

Тингламади осмонни осмон
Ё меҳримдан ризо бўлмади.
Ўртамизда на бир иттифоқ
Ва ё на бир низо бўлмади.

Менга рад жавобин элтишга
Қай бир юлдузларки кўндилар,
Пушаймондан ярим йўлдаёқ
Ёниб, адо бўлиб сўндилар.

Тугамади менинг ёнганим,
Тугамади менинг куйганим.
Осмон мени севмаса ҳамки,
Яшайвердим унга суйканиб.

Яшайвердим муҳаббатимни
Англаса деб бир кун ниҳоят.
Насиб бўлса юксаклик зора
Ва тиниқлик юқса деб шояд.

Шаънимни ҳеч урмади ерга
Хокисор бир ошиқ эканим.
Осмонга бош эгмак —бу бошни
Доим баланд тутмоқ дегани.

Мафтун, мағрур қўшиқларимни
Қайта-қайта бошлайвердим мен.
Таг-туби йўқ, чексиз бағрига
Кўзларимни ташлайвердим мен.

Умид билан сочмоқда ёғду
Нурли чопарларим — кўзларим.
Улар энди сўнмас… Элчига
Ўлим йўқ-ку, ахир, дўстларим!

(давоми бор)