Муаллим

Муаллим
59 views
21 August 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ҚОР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

МУАЛЛИМ

Собир дорбоз дорга кичкинтойларни кўтариб чиқиб,
қалтис машқлар намойиш қиларди.
Томошабин ота-оналар бу билан фахрланар эдилар.
                  Қариялар ҳикоясидан

Собир дорбоз дорни баланд қурган кўп,
Арқонларни тортган таранг ҳам пухта.
Дорга чиқса улкан лангар — майда чўп
Ва ўзи кўринган бамисли нуқта.

Гоҳ у чарх ураркан дорда қушсуръат,
Гоҳ илиб қоларкан, ташлаб ўзини.
Тепага боқишга қилолмай журъат,
Довюраклар ҳам ерга олган кўзини.

Муслим мадад тилаб парвардигордан
Кўкка инонгандек нолаларини,
Эл ишониб унга шу баланд дорда
Опичлатиб қўйган болаларини.

Сўндирмаслик учун кифтга танғилган
Бир жуфт мурғак кўзлар маёғини у,
Кўзни боғлаб на-да йўлин ёнгилган,
На мункиган, боғлаб оёғини у.

Ўз қалтис йўлидан қиларкан ҳаво,
Солса ҳам минг-минглаб дилга хавотир,
Бир қалбда мардликдан чиқарган савод,
Тарбиялаб берган халққа бир ботир.

Муаллим ҳам шундай мовий диёрда,
Энг юксак ишончлар ўлкасидадир.
Фарзанд борки, унинг ихтиёрида,
Фарзанд борки, унинг елкасидадир.

У кенг майдонларда қуриб баланд дор,
Хатарнок ўйинлар кўрсатмас гарчи.
Лекин… ташласа бир қадамни хато,
Бутун бир келажак бўлар чилпарчин.

Шу боис ҳам ҳар гал эслаган нафас
Муаллимга халқим қўйган ихлосни.
Кайковус ё Юсуф Хос Ҳожибнимас,
Мен ўйлайвераман Собир дорбозни…

* * *

Куйлаб юборсанг бас — қўшиқлар бисёр.
Юлдузлар милтирар. Ҳилпирар майса.
Ҳеч ким жаранглатиб сочмайди зиё.
Ҳайқиргинг келади. Ҳайқиролмайсан.

Наъралар қулоққа шипшиб айтилар,
Ҳолбуки, замона муҳтож ларзага.
Пўлатдек бўғизлар ярамайдилар
Егулик ютмоқдан бошқа нарсага.

Қизларнинг ям-яшил руҳи сарғайди,
Қўмсаб ошиқларнинг мард навосини.
Арслондек йигитлар жимжит қарғайди
Юракда ғужанак ўз овозини.

(давоми бор)