Ниҳона келдинг

Ниҳона келдинг
31 views
16 August 2018 - 6:00

 

МАХДУМҚУЛИ

 

НИҲОНА КЕЛДИНГ

Бу нақлдир, одамзот, сен бу макона келдинг,
Аввал отанг белидан сизиб ниҳона келдинг,
Сўнгра онангга иниб, бир қатра қона келдинг,
Кўксида сурат бўлиб, бу ширин жона келдинг,
Тўққиз ойда етишиб, ёруғ жаҳона келдинг,
Эмиб она сутини, йўргакдан тўна келдинг.

Яратган қудратиндан тиш билан даҳон берди,
Қўнишмакка сўз бирлан, лаб, ширин забон берди,
Кўнглинг кетиб ҳар ёна, турди, оёғинг юрди,
Билдинг яқин-ёдингни, кўзинг дунёни кўрди,
Етти-саккиз ёшингда, отанг муллога берди,
Ўқиб Қуръон каримни, буйиб, бу она келдинг.

Ўн беш ёшга борганда, йигит бўлиб сайландинг,
Қизларга мойил бўлиб, кўрганда, куйикландинг,
Гўё бориб оқ уйнинг тўрт тарафин айландинг,
Ҳақнинг фармони ила ахир бир кун уйландинг,
Йигирма ёшга бориб, қилич каби шайландинг,
Бедов миниб, сакратиб, суриб майдона келдинг.

Ўттиз ёшга боргунча, гўё бир олғир шерсан,
Дунё ғами бошингда, югурарсан, еларсан,
Ҳаётга тўймоқ йўқдир, бўлса кўп бўлсин, дерсан,
Аҳли мусулмон бўлсанг, ўлгунча ҳалол ерсан,
Қирқингда тавба қилиб, бир муршидга қўл берсанг,
Кўнглингни Бирга боғлаб, азиз Субҳона келдинг.

Эллик ёшга етишсанг, тўғрилик-ла бўларсан,
Бебошликдан айрилиб, андишага уярсан,
Ҳар неча жафо чексанг, ахир бир кун ўларсан,
Беш вақтни бажо айлаб, Ҳақ шукрини қиларсан,
Олтмиш ёшга борганда, қарриликни англарсан,
Эккан экининг пишиб, ўроқ, ўрмона келдинг.

Етмиш ёшга етганда, қонинг қочар юзингдан,
Оқ тишларинг тўкилар, шуъла кетар кўзингдан,
Қувват сендан айрилар, мадор қочар тиззангдан,
Ҳеч кимса ҳадик этмас сенинг айтган сўзингдан,
Кетар бўлсанг, дунёдан, ёқасиз тўна келдинг.

Маҳдумқули, меҳнатдир ҳар ким тўқсондан ўтса,
Кам-кам келар жаҳона агар юз ёшга етса,
Ҳеч кимдан ҳарой бўлмас, ажал ёқангдан тутса,
Имонингни қозонсанг, йўлингни равон этса…
Ҳайрон қолма, дастурдир, танинг тупроққа қотса,
Эшиксиз, деразасиз, совуқ хонага келдинг.

*****

Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди