1 сентябрдан ўқитувчилар ойлиги оширилади

1 сентябрдан ўқитувчилар ойлиги оширилади
30 views
14 August 2018 - 13:19

“Фарғона” ахборот агентлигининг хабар беришича, Ўзбекистонда 1 сентябрдан ўқитувчилар ва умумтаълим муассасалари директорларининг ойликлари ошади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу борадаги қарори ҳақида 13 август куни Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Facebookдаги ўз саҳифасида хабар берган.

Қарорга кўра, умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари 2018 йил 1 сентябрдан бошланғич синф ўқитувчилари учун 1,1 баробарга, юқори синф ўқувчиларига учун ўртача 1,24 баробаргача, директор, унинг ўринбосарлари ва ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 баробарга оширилади. Ҳозирда Тошкентдаги ўқитувчилар учун битта ставка 800 минг сўмдан 1 млн сўмгача ($100-120) миқдорни ташкил этади.

Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистондаги мактаблардан бирига ташрифи. Президент матбуот хизмати фотоси

2019 йил 1 январидан маош олий тоифали ўқитувчилар учун 1,25 баробарга, биринчи тоифали ўқитувчилар учун 1,2 баробарга, иккинчи тоифали ўқитувчилар учун 1,15 баробарга, мутахассис ўқитувчилар учун 1,1 баробарга, директор, унинг ўринбосарлари, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 баробарга оширилади.

Синф раҳбарлиги ва дафтар текширганлик учун тўланадиган тўловларни ҳисобга олган бошланғич синф ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари тоифалар бўйича ўртача ҳисобда 24 фоиздан 39 фоизгача, юқори синф фан ўқитувчиларининг базавий тариф ставкаси 37 фоиздан 49 фоизгача, мактаб директори ва уларнинг ўринбосарлариники ўртача 27 фоизга, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначиларики ўртача 26 фоизга оширилади.

Ўқувчиларни Олимпиада предметларига яхши тайёрлаган ўқитувчилар учун минимал иш ҳақининг 5 баробаридан 50 баробаригача (жорий йилнинг июль ойидан минимал иш ҳақи 184.300 сўм, ёки таҳминан $23,6 ташкил этади – «Фарғона» изоҳи), бир марталик мукофот пули билан тақдирланадилар, шунингдек, таълим ривожига улкан ҳисса қўшган, давлат унвонларига эга педагоглар учун соғломлаштириш масканларига бепул йўлланма берилади.

2019 йил 1 январдан мактаб психологларининг базавий тариф ставкалари 96% ошади. Постда бу ишлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи билан амалга оширилаётганига урғу берилади.

Ўрта таълим мактаблари ўқитувчиларининг ойликларини 24 фоизга, бошланғич синф муаллимлари маошларини 10 фоизга ошириш июнь ойида муҳокама учун чоп этилган президент қарори лойиҳасида кўрсатилган эди. Бунда, шунингдек, ўқитувчиларга квартира сотиб олиш учун ва бошқа ижтимоий эҳтиёжлар учун имтиёзли кредит бериш масаласи ҳам кўрсатилганди.

Ойликнинг бунчалик кўп оширилмагани Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг июлда ҳукуматдан ўқитувчилар ойлигини фоизларда эмас, бир неча баробар кўтариш илтимосини ёдга солади. У бундай чорасиз президентнинг 21 июлда ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш билан боғлиқ топшириғини бажариб бўлмаслигини айтганди. Халқаро валюта жамғармаси ўзбек ҳукуматини бундай қадам босишдан огоҳлантирган эди, зеро ўқитувчиларни ойлигини ошириш қарори бошқа соҳалардаги ходимларнинг ҳам маошини оширишга олиб келади.

Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрдан ОТМ ўқитувчиларининг ойлиги 25 фоизга ошади ва фан номзодлари, профессорларнинг ойликлари стажёр, яъни унвони йўқларга нисбатан икки баробарга фарқланади. Бундан кейин ҳам олимлар ва олий ўқув юрти муаллимларининг маошларини кўтариб бориш ваъда қилинган.

ЎХҲ хабарлар бўлими