Лира қадрсизланиб, ўзбекистонликлар Туркияда топаётган пул ҳам қарийб ярмига камайди

Лира қадрсизланиб, ўзбекистонликлар Туркияда топаётган пул ҳам қарийб ярмига камайди
52 views
15 August 2018 - 10:59

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Туркия миллий пули – лира жорий йил бошидан буён 40 фоиздан кўпроққа қадрсизланиб, душанба куни 1 АҚШ доллари 7 лирадан ортиқроққа тенглашиб қолган.

Лира, айниқса, сўнгги бир ҳафта ичида кескин арзонлаб кетдики, натижада Туркияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан Озодликка шикоятлар кела бошлади.

Бозорга тўғри келмаган уйдаги ҳисоб

Шикоятлардан бири Туркиянинг жанубидаги туристик ҳудуд – Анталия вилоятидаги меҳмонхоналарда ишлаш учун ёлланган ишчилардан келди.

Хат мазмунидан ўзбекистонликлар ишни туркиялик тадбиркор орқали топгани, воситачига улар 250 доллар хизмат ҳақи тўлаши лозимлиги маълум бўлди. Хатда, жумладан, бундай дейилган:

“Бизни олиб келишаётганда 430 доллар иш ҳақи ваъда қилишган. Энди лираси арзонлаб, оладиган пулимиз долларга чақилганда кескин озайиб кетди. Келиш учун баъзилар 1000 долларгача сарфлаган. Шунинг учун олиб келган фирмага кўпчилик 250 долларни тўламаймиз, деяпмиз. Шундай десак, “депортация қилдирвораман”, деб қўрқитишаяпти”.

Бу шикоят келган куннинг эртасига унинг муаллифларидан “муаммо ҳал бўлди”, деган яна бир қисқа хабар келди.

Шундай бўлса-да, Озодлик мухбири Ўзбекистон Ташқи миграция агентлиги билан келишув асосида ўзбекистонликларга иш топиб берган Tayga Group бошқарувчиси Исмет Гурлек билан боғланди.

Гурлекнинг айтишича, Туркияга унинг фирмаси орқали келган ҳар бир ўзбекистонлик билан шартнома тузилган, бу ишдан Ўзбекистон расмийларининг ҳам хабари бор, шартнома бўйича 250 доллардан тўлашлари лозимлигини эса, ҳар бир ишчи билади:

“Ҳаммаси билади буни, лекин доллар қимматлаб кетиб, тўлагилари келмай қолди”.

Бироқ Исмет Гурлекнинг айтишича, бу масала ҳал бўлган:

“Вазиятдан келиб чиқиб, уларга енгиллик бердик. 250 доллар ўрнига 150 доллар тўлайдиган бўлишди”.

Аскар ҳақи – Туркиядаги минимал маош

Ўзбекистонлик ишчиларга 430 долларлик ойлик иш ҳақи улар шартнома тузган май ойида ваъда қилинган. Ўша пайтдаги курс билан бу ақча 1603 лирага тенг бўлган.

1603 лира эса, Туркия ҳукумати 2018 йил учун белгилаб қўйган энг кам иш ҳақидир.

10 йилдан буён Туркиянинг жанубида, Сурияга яқин ҳудуддаги Ғазиантеп шаҳрида яшаётган, ўзини Шокирбек деб таништирган ўзбекистонликнинг айтишича:

– Туркияда минимал ойликни “аскерий ужрет” – аскар маоши дейишади. Ёбонжилар, яъни чет элликлар, масалан, бу ерда суриялик қочқинлар кўп, шу ойликка ишлайди.

1603 лира душанба, 13 август кунги курс бўйича 210-220 долларга тенг ақча бўлди. Бироқ Шокирбекнинг айтишича, сешанба куни Ғазиантепда лира бироз кўтарилди:

“Бугун 1 доллар 6 лираю 55 қурушга тушди. Кеча 7 ю 10 га чиққан эди. Эрталаб 6 ю 42 гача тушувди. Яна бироз кўтарилиб, 6 ю 55 да турибди. Лекин пул алмаштирувчилар доллар сотмаяпти, фақат сотиб олаяпти”.

Нон нархини ушлаб туришибди, ёғ қимматлади

Ғазиантепдаги ресторанлардан бирида ошпаз бўлиб ишлайдиган Шокирбекнинг айтишича, лира қадри тушиши нарх-навога таъсир қилгани¸ ҳозирча¸ сезилмаган. Ҳар бир хонадон дастурхонида бўладиган туркона батон нон йил бошида ҳам 80 қуруш эди, бугун ҳам 80 қуруш.

Биргина ўсимлик ёғининг нархи 20 фоизга ошганини айтди Шокирбек:

“Биз ресторанимиз учун ҳар 10-15 кунда 2-3 тоннадан ёғ оламиз. Кеча 20 фоизга қимматлаётганини айтишди”.

Совуқ фонда қайнаган валюта бозори

Турк лирасининг қадрсизланиши Анқара – Вашингтон муносабатларининг совуқлашаётгани фонида кечмоқда.

10 августда, яъни лира кескин қадрсизланиши арафасида АҚШ президенти Дональд Трамп америкалик пастор Эндрю Брансонни қамоқдан озод қилиш сўровини бажармаган Анқарага нисбатан иқтисодий санкция сифатида Туркияда ишлаб чиқариладиган пўлат ва алюминий импорти тарифларини икки мартага оширди.

Душанба куни Туркия Марказий банки лиранинг кескин арзонлаб кетиши ортидан молиявий барқарорликни сақлаб қолиш учун барча чораларни кўришга тайёр эканлигини билдирди. Банк бу чоралар нимадан иборат эканлигини очиқламаган, лекин лиранинг сешанба кунги бироз нафас ростлаганини кузатувчилар ўша баёнот билан боғламоқда.

Агар лиранинг кучи чиндан ҳам Анқара-Вашингтон муносабатларига боғлиқ бўладиган бўлса, лиранинг сешанба кунги нафас ростлаши вақтинчалик кўринади. Чунки, президент Эрдўғон сешанба куни туркияликларни Америка электроника маҳсулотларини бойкот қилишга чақирди:

– Биз Америка электроника маҳсулотларини бойкот қиламиз. Агар уларнинг iPhoneлари бўлса¸ бошқа жойда Samsung бор. Бизда эса¸ Vestel Venusимиз бор¸ деган Эрдўғоннинг бу чақириғи Анқара йиғини иштирокчилари томонидан қарсаклар билан қарши олинди.

Меҳнат муҳожирларининг Истанбул йўналиши

Шу кунда Туркиядаги марказий осиёликлар, хусусан ўзбекистонликларнинг мутлақ кўпчилиги меҳнат муҳожирларидир. Лекин уларнинг нуфусига доир расмий рақамлар йўқ.

Айрим норасмий манбалар¸ Туркияда 100 минг нафарга яқин ўзбекистонлик бўлиши мумкин, деган тахминни илгари сурган.

Узоқ йиллар салқин бўлиб келган Анқара-Тошкент муносабатлари президент Мирзиёев даврида исий бошлагани ҳисобга олинса, сўнгги бир-икки йилда Туркияда ўзбекистонликлар анча кўпайганини тахмин қилиш мумкин.

ЎХҲ хабарлар бўлими