Ўтиб турибди

Ўтиб турибди
35 views
22 August 2018 - 6:00

 

МАХДУМҚУЛИ

 

ЎТИБ ТУРИБДИ

Бир чирик ёнғоқ-ла жаҳон жавҳарин
Елдирар, қиморбоз. Ўтиб турибди.
Худбин макон этмиш мато бозорин,
Гавҳар баҳосинда, сотиб турибди.

На тўшакдир, боссанг оёқ исимас,
На кемадир, уммон юзи қалқимас,
На онадир, ўлмас, кулмас, қаримас,
Ўз боласин ўзи ютиб турибди.

На чироқдир, кўнгилларни ёритар,
На кўзгудир, юздан ғамни аритар,
На соқийдир, пиёласин юритар,
Бир қўли бўғзиндан тутиб турибди.

На маҳлуқдир? На эркакдир, на диши (урғочи),
Бир кўзи тим қора, бир кўзи чоши (ғилай),
Ранги қора, ола ўн икки боши,
Еру кўкни бирдай тутиб турибди.

Боши бориб чиқмиш Аършнинг устина,
Оёғи инганмиш ернинг остина,
Жонли-жонсиз ҳар не илса қўлина,
Танламай оғзига отиб турибди.

Дўстлар, ҳавас этманг лўли аёлга,
Бир кун алдаб, ботиради хаёлга,
Дунё бир кўрсичқон, сўз йўқ саволга,
Кўкни кўзлаб, мудом сапчиб турибди.

Ҳар нелар келади суясиз тилга,
Соҳиб чиқолмасанг, бекор ақлга,
Юр юзини тутди, боқгил, илонга,
Қуйруғи бошидан ўтиб турибди.

Маҳдумқули, мағрур бўлма ҳар сўзга,
Юрак жўш урганда тоғ илмас кўзга,
Син солгин, чўлдаги кичик калпазга (калтакесак),
Аждарларни бир-бир, ютиб турибди.

*****

Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди