Янги бағишловларига янги-янги қаҳрамон қидирадиган “маънан бузуқ” шуаро керак эмас бизга!

Янги бағишловларига янги-янги қаҳрамон қидирадиган “маънан бузуқ” шуаро керак эмас бизга!
56 views
18 August 2018 - 12:00

Ўзбекистон Халқ шоири Иқбол Мирзога!

Талабалик йилларимда мен шеърларини яхши кўриб мутолаа қиладиган шоирлар рўйхатининг бошида Сизнинг исмингиз турарди. У Иқбол Мирзо маддоҳ эмасди, бировга ёқиш учун шеър ёзмасди, даврнинг ноғорасига ўйнамасди, “юқори”дан кўра халққа яқинроқ эди. Лекин, қани ўша Иқбол Мирзо?

Ўтган йиллар давомида Сиз уни ўша – ўзингиз айтаётган “қора тушлар замони”да маддоҳлар учун яратиб берилган “жаннат”даги мақташга ихтисослаштирилган шоирлардан бирига айлантирдингиз. “Қора тушлар замони”нинг “султони”ни хўб мақтадингиз, унга маъқул бўлишга, “муборак” назарига тушишга хўб уриндингиз. Бунинг эвазига нималарга эга бўлганингизни, қанча вақт давру даврон сурганингизни ўзингиз биласиз. Лекин нималарни йўқотганингизни, нималардан жудо бўлганингизни биз биламиз, элу халқ билади.

Ўша – ўзингиз англамаган ёки англасангиз ҳам тан олишга ботинмаганингиз – ўзликни йўқотиш ҳам Сизга камлик қилган эканми, бугун ҳеч уялмай иккиюзламачилик қиляпсиз. Кечагина – ўша давр “султони” вафотидан кейин ёзган шеърингизда “йиғи солиб”, унинг Жаннатдаги қурултойга кетганини “башорат” қилгандингиз. Буни ҳам тўғри тушундик: “нима қилса ҳам, ўша одамнинг эътибори туфайли анча йиллар уюшманинг эркаси бўлиб яшади, ўлимига чин куйяпти”, дедик. Ҳатто шу ҳам чин бўлиб чиқмади. Бугун ўша даврни оғиз тўлдириб қоралаяпсиз, уят эмасми?!

Сиз “маддоҳизм” соясида тараллабедод қилиб яшаган йилларингизда қанча-қанча асл ижодкорлар рост сўзлагани, ҳақиқат тарафдори бўлгани учунгина турмаларда чиритилди, умри елга совурилди. Сиз ижодкор сифатида, амалдор сифатида, шу халқнинг истеъдодли вакили сифатида улар учун нима қилдингиз? Ҳеч нима! Лекин нимадир қилиш қўлингиздан келарди. Ҳеч бўлмаса, ҳақиқат тарафида қолсангиз бўларди. Лекин Сиз ундай қилмадингиз. Ва бугун яна алдаяпсиз! Президентни, халқни алдаяпсиз – ўзингизни “қора тушлар даврини” қоралаётган қилиб кўрсатяпсиз. Қўпол қилиб айтганда, ниқобингизни алмаштиряпсиз! Хўш, нега? Бу дунёнинг неъматларига янада кўпроқ эришиш учунми? Сенаторлик курсисида кўпроқ ўтирмоқ учунми? Кечагина мазза қилиб яшаган даврингизга лой чапламасангиз ҳам, ҳеч ким Сизни четга сурмаётган, айбламаётган эди. Ҳаётингизга, бойлигингизга, карьерангизга ҳеч нима хавф солмаётган эди. Мен бу сафар Сизни “тўғри тушуниш” учун тузукроқ сабаб тополмадим. Ва бу гапларим маломат ҳам эмас. Кўрганим, билганим, ҳис қилганимни айтяпман. Одамзотнинг камчилиги юзига айтилмаса, у ўз қусурларини фазилат санаб қолади.

Ўтган давр – ўтди! Кетганлар – кетди! Ҳамма нарсага ўтган даврни, ўтганларни айбдор қилаверишни тўхтатиш керак. Вақтида гапиролмаган, зўравонликларга кўз юмиб, тўғри гапниям айтолмай, писиб ўтирган эдик. Ўтган ишларда ҳаммамизнинг айбимиз бор. Энди ўша хатоларни такрорламаслик учун ҳам, ҳақиқатни оёқости қилмаслигимиз керак.

Ўтган даврга – қораловчилик, янги даврга – маддоҳлик қилишни тўхтатинглар, муҳтарам ижод аҳли (жумладан, Сиз ҳам, муҳтарам шоир). Халққа бўладиган гапни айтиш керак. Маддоҳлик, ялтоқилик, иккиюзламачилик, лаганбардорлик керак эмас. Лекин барибир бу иллат баъзи шоирларга чирмовуқдек ёпишиб олган шекилли, кечагина “Сиз туфайли ўзбекни дунё таниди” дея “султоннома” ёзган айрим ижодкорлар бугун “янгича руҳдаги” мақтовбозликни ўйлаб топмоқдалар. Янги бағишловларига янги-янги қаҳрамон қидирадиган “маънан бузуқ” шуаро керак эмас бизга! Биз бунақалардан чарчаганмиз, тўйганмиз!

Муҳтарам, Иқбол Мирзо!

Агар шеърларингизда таъкидлаганингиздек, “Сизни сўраб тоғларнинг қатор тиз чўккани”га; ягона эканингизга; “Минг йилда бир туғиладиган шоир” эканингизга (“Мени сўраб тоғлар қатор чўкди тиз”, “Ахир мен биттаман, ягона, ёлғиз” деган сатрларингиз ёдингиздадир?) халқнинг чиндан ишонишини истасангиз, иккиюзламачиликни тўхтатинг. Аввалги мақтовбозлик ўрнини иккиюзламачилик эгаллашига ҳисса қўшманг. Ёшларимиз сизлардан ўрнак олиб, хушомад ва маддоҳликни яшашнинг асосий шарти деб қабул қилувчилардан бўлиб қолмасинлар.

Агар қўлингиздан келса, халққа ўша – ҳув бир пайтлардаги – рост ёзадиган, рост айтадиган Иқбол Мирзони қайтаринг. Агар бунга кеч бўлган бўлса… мард бўлинг.

Мен Сизга душман эмасман. Ўзбекнинг яна бир забардаст шоирининг замонасозлар қаторида туришини истамайман, холос.

Дилфуза Комил

facebook.com