Ўзбекистонда 22 йил “исталмаган шахс” бўлган халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева вафот этди

Ўзбекистонда 22 йил “исталмаган шахс” бўлган халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева вафот этди
30 views
18 August 2018 - 12:27

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистоннинг таниқли шоираси Ҳалима Худойбердиева 17 август куни 71 ёшида Тошкентда вафот этган.

Ислом Каримов президентлиги даврида барча вазифаларидан олиб ташланган, “исталмаган шахс” бўлган Ҳалима Худойбердиеванинг ижоди президент Мирзиёев қудратга келгунга қадар ОАВда ҳам, телевидениеда ҳам акс этмади.

Ўтган асрнинг 70 йилларидан ўзбек шеъриятига ўзининг исёнкор овози билан кириб келган шоира ижодида собиқ иттифоқ даврида ҳуқуқлари камситилган, оғир турмуш тарзи ва ҳақсизликдан ўзига ўт қўяётган ўзбек аёлининг аччиқ қисмати гавдаланди.

Ҳалима Худойбердиева ўзбек шеъриятига 60 йилларнинг охирида кириб келди. У 12 йил давомида (1982-1994) Ўзбекистондаги ягона аёллар журнали “Саодат”га бош муҳаррирлик қилди.

1990 йилда шоира Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг раиси этиб сайланди.

Ҳалима Худойбердиеванинг президент Каримов давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган эри Мавлон Умрзоқов 1994 йил охирида қатор жиноятлар, хусусан, катта миқдорда порахўрлик ва мансабни суистимол қилишда айбдор, деб топилгандан сўнг шоиранинг устида ҳам қора булутлар пайдо бўлди.

​Мавлон Умурзоқовнинг қамалиши ортидан унинг рафиқаси, Ўзбекистон Халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева мамлакат Хотин-қизлар қўмитаси раислигидан ва бошқа лавозимлардан бўшатилган эди.

Мавлон Умрзоқов 6 йилга озодликдан маҳрум этилган, қамоқда 2,5 йил ўтириб, озодликка чиққан эди.​

Бундан бир йил муқаддам Озодликка интервью берган шоира ўзининг “тутқун”ликда қолганини шундай изоҳлаган эди:

– Қора рўйхатлардан ижодкорларнинг ўчирилганлигини қўллайман, албатта. Ўзим ўша қора рўйхатда эдим. 22 йил исталмаган шахс бўлдим. 22 йил радио ва ТВ дан узоқ тутилдим. 22 йиллик танаффусдан кейин ўтган йилнинг декабридагина ТВ да юзим кўринди¸ деган эди шоира.

ЎХҲ хабарлар бўлими