Бир ғазал шарҳи

Бир ғазал шарҳи
22 views
19 August 2018 - 12:31

БИР ҒАЗАЛ ШАРҲИ

«МЕҲР ЮЗ КЎРМАЙ ЎЧАШДИ…»

Алишер Навоий Ҳазратларининг жуда кўп ғазаллари ишқ, яъни илоҳий муҳаббат мавзуида. Ғазаллар замирида эса, улуғ шоирнинг сўзи қадар қадр топган шахсияти, пок эътиқоди, садоқати, юксак бадиий тафаккури, илоҳий туйғуси ва, энг муҳими, унинг гўзал ҳақиқати мужассамдир. Бу сунъийликнинг зидди ўлароқ, ҳаёт билан бақамти кайфиятда кўз очиши бот-бот ҳайратлантиради. Чунки ўз даврининг ҳам эҳтимолият, ҳам заруриятига кўра Навоий ижодиётидаги бундай ғазаллар нафақат тасаввуф илми, балки шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат илмларининг ўзаро уйғунлигида юзага келган ғаройиб туйғу ва тафаккур маҳсулидир. Улуғ шоир ғазалларини биргина шариат ёки тариқатга боғлаб талқин қилиш ҳақиқатдан йироқ, албатта. Эҳтимол, шунинг учун ҳам, етти яшардан етмиш яшаргача банибашар авлоди борки, улардан ўзига хос тарзда баҳраманд бўлаверади. Бундай хусусият шоирнинг биз қуйида қурбимиз етганча шарҳлашга уринмоқчи бўлган ушбу ғазалида ҳам ўз аксини топган.

Жаҳдим андоқдур етишгайменму деб васлингға бот,
Ким қабул этман оғир деб чиқса эгнимдин қанот.

Сабр тоғи бирла қилмоқ пўя бўлмас, эй кўнгул,
Ташла ул юкни етишмак истасанг васлиға бот.

Шаҳсуворимнинг буроқи пўясидин қолди барқ,
Ким анинг феъли шитоб эрмиш, мунунг расми сабот.

Кўп Масиҳодин дам урма, қил ҳаётингни Туфайл
Ангаким, топмиш Масиҳ онинг туфайлидин ҳаёт.

Меҳр юз кўрмай ўчашди пардадин чиққач юзунг,
Олғали қўймас сариғ юзин қора ердин уёт.

Чун юди кўзлар саводин ашк ёрут юз очиб,
Ким дирамсиз элга бой эл фарздур бермак закот.

Эй Навоий, хоки пойи васфида ширин сўзунг
Бор биайниҳ тўтиё ичинда солғандек набот.

Бу – «Ғаройиб ус-сиғар»нинг 73-ғазали бўлиб, етти байтдан таркиб топган. Ғазал юқори тахайюл ва бетакрор ботиний ишқ туйғуларини ўзида мужассам этган. Унинг ўзига хос хусусияти шундаки, китобхонга шарқ шеъриятига хос илоҳий ишқнинг самолар қадар юксак мақомда эканлигини янада чуқурроқ англатади.
Энди байтлар шарҳига ўтайлик.

Жаҳдим андоқдур етишгайменму деб васлингға бот,
Ким қабул этман оғир деб чиқса эгнимдин қанот.

Ёр васлига етишиш нақадар мушкул бир савдо… Чунки, у чек-чегарасиздир. Чексизликнинг чекларига етарманму, – деб шоир Ҳаққа ёлворади. Унинг “жаҳди”, яъни шаҳду шиддату жасорати ич-этига сиғмаса нетсин! Айни маънода матлаънинг мухтасар мазмуни қуйидагича: эй маҳбубам, ҳозир шундай бир ҳолатдаман, яъни илоҳий ишқ ичра васлингга етишиш орзусида шу қадар ҳам ғайратли, ҳам бехудманки, бордию эгнимдан қанот ўсиб чиқса, уни оғир деб қабул қила олмайман. Аниқроғи, на нафимни, на зараримни биламан. Зеро, бу таврни ботинан англаш учун ўзимда қурб топа олмаяпман.

Сабр тоғи бирла қилмоқ пўя бўлмас, эй кўнгул,
Ташла ул юкни етишмак истасанг васлиға бот.

Ушбу байтда шундай бадиий тафаккур бор: сабр тоғи, яъни ботиний сабрнинг юки шундай оғирки, аслида у билан ҳеч вақт юксак орзуларга, айниқса, ёр васлига етиб бўлмайди. Чунки ботиний сабр юки билан маънавий жиҳатдан елиб-югуриб бўлмайди. Шунинг учун, эй кўнгил, агар маҳбуба васлигига етишишни чиндан истасанг, аввало, бу юкни ташла, яъни ундан халос бўл! Бу байтдаги мавҳумлик ёки тугал маъно кейинги байтда ойдинлашади:

Шаҳсуворимнинг буроқи пўясидин қолди барқ,
Ким анинг феъли шитоб эрмиш, мунунг расми сабот.

Бунда шаҳсувор сўзи чавандоз ёки гўзал маҳбуба эмас, балки сўнгги мурсал маъносида келяпти. Бу сўзнинг қаратқичи буроқ – диний эътиқодга кўра, учар от бўлиб, Муҳаммад с.а.в. Меърож туни унга миниб Маккадан Байт ул-муқаддасга, у ердан самога кўтарилганлар. Меърож тунида сўнгги мурсалдаги шитоб, яъни маъшуқ васли куйидаги суръат шу даражада тез эдики, ҳатто ётган ўрни совимасдан яна тунги тўшагига қайтиб тушди. Бунинг акси улароқ, улуғ шоир ишқ йўлида гўё ўзидаги суст ҳаракатни таҳқирлади. Кейинги байтлардаги ташбиҳлар ана шу бадиий тафаккурни тўлдиришга хизмат қилади.

Кўп Масиҳодин дам урма, қил ҳаётингни Туфайл
Ангаким, топмиш Масиҳ онинг туфайлидин ҳаёт.

Дастлаб мазкур байтдаги энг характерли сўзга эътиборни қаратайлик. Бу – арабча туфайл сўзидир. Зеро, унинг замирида улуғ шоир назарда тутган ажиб бир тимсол мужассам. Туфайл Алишер Навоий асарларида “чақирил-маган меҳмон”, “Ўзи чақирилмаган бўлса ҳам, чақирилган кишилар қаторида, уларга эргашиб, тўй-маъракаларга борувчи“; “сабаб”, “боис”, “баҳона”, “важ-корсон”, “восита” сингари маъноларда қўлланилади. Умуман, диний адабиётларда бу тимсол “араблар қабиласига мансуб Умайя авлодидан бўлган Туфайл исмли шахсдир. У жуда камбағал, фақир бўлганлиги туфайли, ҳатто бировларникига меҳмондорчиликка ҳам бора олмаган. Демак, шоир бунда қайсидир маънода камбағаллик айрим кишилар назарида фазилат бўлмаслиги мумкин, лекин бу айб ҳам эмас, деган бадиий тафаккурни илгари суради. У камбағал, фақирдир, лекин ботинида ажиб меҳрга ташна садоқатли кўнгил яширин. Ахир, азалдан тақдир, аниқроғи, илоҳий ҳукм унга шу фақирликни ихтиёр этган бўлса, не ажаб. Ҳолбуки, шоир Туфайл шахсида қандайдир бир илоҳий ҳикмат борлигини кўради.

Энг муҳими, унинг ўз шахсий олами мавжуд. Шунингдек, у ҳаётда доимо ўз жодасини, яъни ўрнини яхши билади. Айни шу жиҳатлари билан бошқалардан фарқланиб туради. Яна унда Худо берган шундай табиий булоқ сувидай жиҳат мавжуд: у кимсалар меҳмондорчилигига бориш учун бойиш у ёқда турсин, ҳатто бу тарзни хаёлига ҳам келтиролмайди. Улуғ шоир ушбу байтда гўзал ташбиҳ орқали айни шу ҳолатга рамз-ишора қилганининг эҳтимоли кўпдир. Чунки давр аҳли унинг сўзини англаши қийин. Айни маънода байтнинг қисқача мазмуни қуйидагича шарҳланади:

Масиҳнинг кишига ҳаёт бағишловчи нафаси ҳақида кўп гапириш айни дамда унчалик жоиз эмас, балки кишига худди Туфайлдай оддий, табиий ҳаётингни бахшида эт! Зеро, бундан ҳатто Масиҳнинг ўзи ҳам жон топган бўларди. Эҳтимолки, бунда улуғ шоир хаёлотида яна шундай бир сирли рамз ўрлашган. Яъни бунда Масиҳ – Исо келажакдаги ўз тақдири – вақти-соати етганда, тўртинчи осмондан Ерга тушиб, гўё чақирилмаган меҳмон Туфайлдай сўнгги мурсал авлодига меросхўр бўлиши назарда тутилган. Айни маънода улуғ мутафаккир тахайюл оламида дунёнинг бир кунжида томлари ҳувиллаб ётган Туфайл ҳаёти – кулбаси жонланади. Балки чинакам кўнгил шу боис барҳаётдир.

Улуғ шоир шеъриятида “юз” рамзий образи такрор ва такрор келиб, ҳар сафар ўзгача бетакрор бадиий маъно-мазмун, тутилмаган лирик образ касб этади:

Меҳр юз кўрмай ўчашди пардадин чиққач юзунг,
Олғали қўймас сариғ юзин қора ердин уёт.

Бунда “юз” ташбиҳининг турли бадиий маъно жилолари, айниқса, тажнис бадиий санъати орқали кўҳна Шарқ шеъриятига хос маъшуқанинг лирик тимсоли яратилади. “Меҳр юз кўрмай ўчашди…” Нақадар ғаройиб ташбиҳ. Умуман, улуғ шоир бу ташбиҳни бошқа ўринларда ҳам ҳадди аълосига етказиб қўллайди: “Меҳр паст ўлған замон андоқки топқай соя тул”. Шоирнинг самовий қарашлари “меҳр” тимсолида мужассам. Айни маъноларга кўра байтдаги бадиий кайфият шундай: меҳр – қуёш ҳали юзланмай туриб, яъни намоён бўлмасдан парда ортидаги юзингни кўриши биланоқ ўчакишди-қўйди. Бу худди қуёш сариғ, яъни гўё касалманд юзини ердан кўтаролмаётганидан хижолат чекаётган тарзга менгзаш эди. Лекин улуғ шоир мазкур байтнинг иккинчи мисрасида тааммул, яъни андиша, ийманиш туйғусини илгари суриб, бурун ўчакишган бўлса ҳам, сўнг ошиқ бу аҳдидан қайтади. Аниқроғи, бундан руҳий изтироб чекиб, у чинакам меҳру вафо муҳофизига айланади.

Чун юди кўзлар саводин ашк ёрут юз очиб,
Ким дирамсиз элга бой эл фарздур бермак закот.

Шоир байтда шундай элсеварлик кайфиятини очиқ баён этади: дирамсиз, яъни ҳеч вақоси йўқ элга бойлар фарз деб закот бериши – бу худди кўз косаси ичидаги кўзга кўринмас модданинг вақти-қақти билан кўз қорачиғини ювиб туришига ўхшайди. Албатта, буни ҳеч ким пайқамайди. Негаки, закот ҳам мискинга, аслида ошкоро эмас, балки пинҳона берилгани дуруст. Шоир фикрича, тариқдай беминнат қилинган саховат киши кўнглини тоғдай сарбаланд қилади, унга кўзга кўринмас куч-қудрат ато этади. Демак, бунда улуғ шоир элни кўз қорачиғига менгзайди. Нақадар ғаройиб ташбиҳ! Аммо бу ўринда яна бир сирли ишора бор. Зеро, шоир фикрича, кишидаги иймон, эътиқодталаблик биргина исломнинг закот ёки диний ақоидларини адо этиш билан амалга ошиб қолмайди. У жуда кенг тушунча…

Ҳақиқатан, Ҳазратнинг иймонга нисбатан кенг қараш ва асрий даъватлари кейинчалик ҳам ўз ифодасини топди. Одамият буни турли кўринишларда бўлса-да, англаб етди: “Иймон – фақат муайян диний таълимотларнинг маҳрига тушган фавқулодда бойлик эмас. Энг яхши иймон – бўлиб ўтган, ҳозир мавжуд ва энди бўладиган нарсаларнинг ҳаммасида Камолотга интилувчи бир ирода мужассам эканига қатъий ишонч. Кимда-ким шу эътиқодга эга бўлса, у мукаммаллашиш жараёнида иштирок этади” (Жон Голсуорси). Энг муҳими, бунда инсон ботиний хотиржамлик ва ростликка эришади.

Эй Навоий, хоки пойи васфида ширин сўзунг
Бор биайниҳ тўтиё ичинда солғандек набот.

Мақтаънинг мухтасар мазмуни: эй Навоий, лирик маъшуқанинг хоки пойи – оёқ ости тупроғи йўлидаги фидоийлик ва қурбонлик борасидаги таърифинг нақадар шириндирки, гўё тўтиё (кўз дориси), яъни оч кўк рангли, кумуш каби ялтироқ модданинг оксиди ёки купорос – қандайдир сулфат кислотаси ичида ётган наввот ёки бир обакидандонга менгзашдир. Эҳтимол бу модда ичида наввотнинг шакли ёки мазаси аллақандай ўзгаришларга учрар?! Энг асосийси, агар киши ўз айтган сўзига амал қилмаса, унинг сўзи ҳар қанча фасиҳ, гўзал, ширин бўлмасин – у алдамчи кўринишдир. Зеро,

бундай сўзнинг замирига нигоҳ ташланса, худди ўша модда ичидаги шаклсиз, маънисиз бир нарсадирки, уни таърифлашга тил ожиздир… Навоий ушбу ташбиҳ мисолида инсоннинг рост, ҳаққоний сўзи, аслида ботиний ҳодисалигини назарда тутмоқда.

Хуллас, ғазал зоҳиран Шарқ шеъриятига хос лирик маъшуқа васлига етишиш йўлидаги саъй-ҳаракат, ботинан эса илоҳий ишқ сари яна бир гом, яъни руҳий бир қадам қўйиш, шу билан бирга, комиллик сирлари ва орифлик тарзини англаш йўлида қиёсийликни ўзида жо этган бадиий тафаккур маҳсули сифатида Ҳазрат шеъриятида муҳим ўрин тутади. Зотан, бунда улуғ шоир нафақат бадиий тафаккур ёки жўшқин туйғулар соҳиби, балки илми ҳайъат, кимё сингари билимларни чуқур эгаллаган улуғ олим сифатида ҳам намоён бўлади. Бу ғазал ўзбек миллий поэтик тафаккур тарзида янгича бир тавр уйғотади, кўнгилу жону руҳиятда эса илоҳий ишқ сари интилиш туйғусини пайдо қилади.

Манзар АБДУЛХАЙРОВ,
филология фанлари номзоди

facebook.com