Динга муносабат кескин ўзгарди

Динга муносабат кескин ўзгарди
37 views
20 August 2018 - 11:45

Кейинги ойларда давлат идораларида динга муносабат кескин ўзгарди. Салбий томонга. Пала-партиш қарорлар қабул қилиняпти. Натижада жамиятнинг тинчи йўқолди. Ижтимоий тармоқлар бу ўзгаришни бир оз асабий равишда муҳокама қиляпти. Пикетлар қилайлик деган курашчан таклифдан тортиб, мамлакатни тарк этишдан бошқа чора қолмади деган тушкун мулоҳазаларгача билдириляпти.

Ҳозир вилоятлик бир йигит менга: “Домла, кейинги жараёнлар Россиянинг таъсири деб қўрқаман”, деб ёзиб қолди.

Албатта, Ислом динига муносабат бугун дунёнинг деярли барча давлатида улкан масала бўлиб қолган. Айниқса, ебтўймас йирик босқинчи давлатлар охирги 30 йилдан бери Исломга қарши уруш очган ва шу урушлари орқасидан кун кўряпти, пул ишлаяпти…

Шу маънода, албатта, биз каби ғариб мусулмон ўлкалардаги сиёсатга ташқи кучларнинг таъсири катта бўляпти. Лекин ташқи таъсирдан ҳам хавфлиси ичимиздаги жоҳиллар, манқуртлардир.

Ислом Каримоф чорак аср ҳукмронлиги даврида хоссатан динга муносабатда иккита энг зарарли иш қилиб кетди: 1) бир қисм ашаддий исломофоб элита тарбиялаб етиштирди; 2) келгуси авлодга касал мерос қилиб бир қисм исломофоб жамият ҳам қолдирди.

Шуниси ёмон. Шуниси хавфли. Чунки агарда ичкарида соғлом туйғули, соғлом фикрли кадрлар устун бўлганида эди, ташқи салбий таъсирнинг кучини анча синдирса бўларди. Ақлли сиёсат юргизиб, ташқи босимларни энг кам миқдорга тушириш, халқимиз, ватанимиз ва миллий давлатчилигимиз манфаатини илгари қўйиш мумкин бўларди.

Афсус, исломофоб Каримоф туғиб-етиштирган исламофоб элита Каримофдан юртимизга мерос қолган айрим исламофоб ватандошларимизга суянган ҳолда бугун ҳам динга муносабатларига дўстлик сиёғини эмас, душманлик сиёғини танлашди…

Дуолар қабул бўладиган бугунги Арафа ва эртанги ҳайит кунлари Оллоҳдан гуноҳларимизга тавба қилиб туриб сўрайлик:

Эй Оллоҳ, халқимизнинг бир қисмини иккинчи қисмига қарши қўйма, ўттиз уч милёнли халқимизни бир-бири билан аҳил-иноқ эт!

Эй Оллоҳ, бошлиқларимизнинг кўнгилларини юмшат, юракларидаги диндан қўрқув туйғусини кетказ, ҳаётда ҳам, сиёсатда ҳам уларни тўғри йўлга сол!

Эй Оллоҳ, халқимиз билан давлатимизни бир тану бир жон қил!

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

Facebook.com