Иқбол Мирзо мақоласи шеърларини инкор этади

Иқбол Мирзо мақоласи шеърларини инкор этади
38 views
20 August 2018 - 13:44

Иқбол Мирзонинг баҳсларга сабаб бўлган мақоласи Иқбол Мирзонинг “Юрт отаси”, “Ёди ҳамиша ёдда”, “Агар жаннат кўкда бўлса, остидадир Ўзбекистон” каби шеърларини инкор этади.

Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Иқбол Мирзо “Xalq so’zi” газетаси сайтида “Ёнган юрак зиёси” номли мақола эълон қилиб, Ислом Каримов даврини “қора туш”га ўхшатди.

Иқбол Мирзонинг бу чиқишига салбий акс-садо кўп бўлди. Блоггер Санжар Саид Иқбол Мирзонинг яқиндаги чиқишидан кейин бу одамга нисбатан ихлосу ҳурмати сўниб бўлганини, бу кайфиятда қандай муносабат билдиришни билмай ҳайрон эканини айтди. “Айтаётган сўзлари бугунги кунга қанчалик мос? Ҳаммамиз биладиган гап-сўзларни сиқиб ташласа шундай эътиборли одамга хос ва мос қанча сўз қолади?” дейди Санжар Саид.

Иқбол Мирзо “кўп йиллар давомида ўзимизни алдаб, ўзимизга маҳлиё бўлиб, бино қўйиб яшадик. Ён қўшниларимизни бездириб, дўстдан душман ясадик, таълимни ислоҳ этамиз деб, болаларимизни кўрсавод қилдик, тиббиёт ғорат бўлди, эркин сўзнинг томоғидан ҳиппа олдик” деб ёзаркан, журналист Муҳаммад Зиё “Кечагина “Агар жаннат кўкда бўлса, остидадир Ўзбекистон”, деб юрган одам шу эмасмиди?” дея муносабат билдирди.

Интернетнинг ўзбек сегментида кун мавзусига айланган ушбу мақолага турли фикрлар билдирилди:

Акмал Қурбоновга кўра, “Энг оқил инсон тарихдан сабоқ олади. Ўзидан аввалги шоирларга бир назар солишнинг ўзи кифоя, масалан, Абдулла Орипов…” Эл Мадад ники остида изоҳ ёзган фойдаланувчи: “Ҳурматли сенатор жанобларининг фикрларига гап йўқ! Халқ ва миллат дарди деб ёниб яшаш нима дегани?! Чўлпон, Абдулла Қодирий ва бошқа зиёлилар бугун тирик бўлганда Каттақўрғондаги ҳодисалар юзасидан ҳеч бўлмаганда мақолалар ёзарди. Қани шундай зиёлилар?! Иқбол Мирзо бошчилигида нега сенаторлар тунги клубларга нисбатан кескин чоралар кўришни хоҳлашмайди? Мажбурий меҳнатга қарши аниқ ишлар амалга оширинг! Сизларни халқ бошига кўтарсин!” дея изоҳ қолдирган.

Мақолага нисбатан танқидий кўз билан қаралди. Муҳокамалардан кейин интернетда Иқбол Мирзо шахси ҳақидаги илиқ фикрлар пайдо бўлди. Буни фейсбук “юлдузи”и Дима Қаюм бошлаб берди.

“Менга у инсон кўплаб ёрдам қилди. Энг катта ёрдамлари “Рошидоний Халқ кутубхонаси”ни бузилмай ўз ўрнида қолдириш бўлди. Бу кутубхона Халқнинг пулига ва Халқни ёрдами билан қурилган. Кўпларга қўнғироқ қилиб ёрдам сўрадим, “Бошқа ердан жой бераман қуриб оласан”, деган гапни эшитдим. Лекин Иқбол акага қўнғироқ қилганимдан сўнг шахсан ўзлари китоблар билан ташриф буюриб, туман раҳбарларига кутубхона бузилмайди, деб вазифа бериб кетганларида тўғриси лол қолдим.”

Фарғоналик ижодкор Мирзо Озод Мирзонеъматов ҳам фикрларини айтди: “Иқбол Мирзо “Ёди ҳамиша ёдда” деган шеърини ўша пайтдаги халқнинг ҳолатидан келиб чиқиб ёзганига, бу мақоласини эса халқнинг ҳозирги фикрларига мослаб ёзганига аминман. Ахир шоир хақиқатдан ҳам халқ айтмоқчи бўлган гапларнигина ёзиши керакмасми? Агар мабодо мақолада мавзуга сал бошқача ёндашганда балки бу оломон уни тошбўрон қилишдан ҳам тап тортмаган бўларди…”

Мирзо Озоднинг фикрича, Иқбол Мирзо мақоласига танқидий қараганлар, “оломон”дир.

Танқидий муносабатларга қарши кўплаб ижодкорлар саҳифасида Иқбол Мирзонинг “Ғийбатчилар” шеърини сурати билан бирга эълон қилишди.

Иқбол Мирзо мақоласи атрофида уни оқловчи ва қораловчи икки томон шаклланди.

Таржимон Аъзам Обидов фикрича, “Квартира берилаётган бўлса, нималар демайди ёзувчиларимиз?”

Манба: turon24.uz