Ҳукумат кортежи ҳалокатга учради, бош вазир шифохонада

Ҳукумат кортежи ҳалокатга учради, бош вазир шифохонада
41 views
20 August 2018 - 16:30

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, 20 август тонгида Тошкент вилоятининг Бекобод туманида юз берган йўл-транспорт ҳодисасида Бош вазир Абдулла Арипов ва унинг ўринбосари, “Ўзбекнефтгаз” ширкати раҳбари Алишер Султонов жароҳат олган.

Абдулла Арипов ва унинг ёнида бўлган яна бир кишининг енгил тан жароҳати билан шифохонага ётқизилгани хабар қилинади.

Расмийлар уларнинг аҳволи барқарорлиги ва ҳаётига хавф йўқлигини айтишган.

Кун.уз нашрига кўра, Алишер Султонов кортежнинг бош қисмида бўлган ва у ўтирган автомобил жиддий зарар кўрган.

Алишер Султоновнинг аҳволи ҳақида маълумот йўқ.

Ҳукумат кортежи қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган “Дамас” билан тўқнашган.

Кун.уз нашрининг Бош прокуратурага таяниб хабар беришича, Бекобод тумани ҳудудида ҳаракатланаётган кортеж Деҳқонобод МФЙ яқинида ҳалокатга учраган.

“Дамас” русумли автомобил ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, кортежга урилган”, дейилади хабарда.

Автоҳалокат ҳақида аввалроқ Газета.уз нашри Ўзбекистон ҳукуматидаги манбаларига таяниб хабар берганди.

Ҳукуматдаги манбалар бош вазирнинг ҳаётига ҳеч нарса хавф солмаслигини айтишган.

Ҳодисанинг бошқа тафсилотлари маълум эмас.

57 ёшли Абдулла Арипов Ўзбекистонга ҳукуматига 2016 йил 14 декабридан буён раҳбарлик қилиб келади.

ЎХҲ хабарлар бўлими