Ўн саккиз минг олам четини кўрса бўладиган телескоп қурилиши бошланди

Ўн саккиз минг олам четини кўрса бўладиган телескоп қурилиши бошланди
50 views
22 August 2018 - 5:43

«Озодлик» радиосининг хабар беришича, яқинда коинотнинг энг чекка нуқталарини кузатиш имконини берувчи телескоп қуриб битирилади. Улкан “Магеллан” телескопи 1 миллиард долларга тушиши айтилмоқда.

Сешанба куни лойиҳага етакчилик қилаётган GMTO корпорацияси Чилидаги Лас-Кампанас обсерваториясида телескопни қуриш ишлари бошлаб юборилганини эълон қилди.

Улкан телескоп асалари уяси шаклида жойлашган етти кўзгуга эга бўлади. Уларнинг умумий диаметри 24 метрга тенг бўлади.

Компьютер дастури ёрдамида Ер атмосфераси туфайли юзага келадиган шовқинлар тузатилади. Мураккаб ҳард ва софтга эга “Магеллан” “Ҳаббл” телескопидан10 маротаба аниқроқ бўлади.

“Магеллан” телескопи 2024 йилда ишга тушиши кутилмоқда. Аммо тадқиқотчилар аллақачон катта режаларни тузяпти.

Бундан аввал қурилган ҳар қандай телескопдан кўпроқ ёруғлик тўплай оладиган ушбу мослама Ердан ўта олис жисмларни ўрганиш имконини беради.

Телескоп сайтида ёзилишича, ушбу мослама қатор саволларга, жумладан, галактикалар қандай юзага келиши, қора модда ва қора энергия хусусиятлари ҳамда Катта портлашдан кейин юлдузлар қандай юзага келгани ҳақидаги саволларга жавоб топишга ёрдам беради.

Бундан ташқари, телескоп ҳаммани қизиқтирадиган “оламда ёлғизмизми?” деган саволга ҳам жавоб топишга кўмаклашиши мумкин.

ЎХҲ хабарлар бўлими