Ёшлар иттифоқи троллар фабрикасини тайёрлаяптими?

Ёшлар иттифоқи троллар фабрикасини тайёрлаяптими?
37 views
23 August 2018 - 10:00

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, YouTubeда машҳур бўлган влоггер Шаҳзод Собиров Ёшлар Иттифоқи томонидан Бўстонлиқ туманида ташкил қилинган медиа оромгоҳида ўзи дуч келган қизиқ ҳолат ҳақида гапирган.

Иттифоқ Марказий кенгашидан келган Гулчеҳра Ашурова ҳар бир иштирокчига Facebook да 5 та одам номидан сохта саҳифа очиб, ташкилотни мақташни тавсия қилган.

Гулчеҳра Ашурова таклиф қилгани айтилаётган сохта профиллардан ёзишга интернет тилида троллар фабрикаси дейилади. Троллар фабрикаси жамоатчилик фикрини ўзгартириш учун ёлланади ва одатда пулга ишлайди. Бундай тажриба дунёда кенг ёйилган ва асосан сайлов арафасида жамоатчиликнинг фикрини бошқаришда фойдаланиб келинади.

Би-би-си бир йилда 200 миллиард сўм бюджетга эга иттифоқ ростдан ҳам троллар фабрикасини яратаяптими, деб Ёшлар иттифоқи матбуот котиби Нодир Абдуқодиров билан боғланди.

Ёшлар иттифоқи аъзолари сохта саҳифалар яратмаслигини таъкидлаган, Нодир Абдуқодиров шу билан бирга влоггер Собировни ҳам ёлғон гапирган деёлмаслигини айтди.

Facebook шу йилнинг апрел ойида Россиядаги интернет тадқиқотлар агентлигига боғлиқ 300 яқин саҳифа ва аккаунтларни ёпди. Facebook маъмуриятига кўра, бу саҳифа эгалари айнан сохта аккаунт очиш ва одамларни чалғитиш билан шуғулланган.

Ўзбекистондан 18 минг фойдаланувчи бу каби троллар фабрикаси томонидан яратилган сохта саҳифаларни ўқиб келган.

Францияда ўтган 2017 йилги президентлик сайловлари арафасида фэйсбукдаги 30 мингдан ортиқ сохта аккаунтлар ёпилган.

Би-би-си Ўзбек Фэйсбукда олиб борган изланишлари натижасида ёшлар иттифоқига тегишли сохта аккаунтларга ҳозирча дуч келмади. Влоггер Шаҳзод Собиров эса Ёшлар иттифоқи томонидан сохта аккаунтлар очиш иккиюзламачилик эканлигини айтади.

ЎХҲ хабарлар бўлими