Давлат телеканалларида Каримов даврини мақтамаслик тавсия қилинди

Давлат телеканалларида Каримов даврини мақтамаслик тавсия қилинди
54 views
23 August 2018 - 21:06

Би-би-си радиосининг хабар беришича, Миллий Телерадиокомпаниядаги манбаларга кўра, ижтимоий-сиёсий мавзуда кўрсатув тайёрлайдиган муҳаррирларга марҳум президент номини битта кўрсатувда бир мартадан кўп тилга олмаслик ва унинг даврини мақтамаслик тавсия этилган.

Би-би-сига гапирган МТРК муҳаррирларидан бири бу борада ҳеч қандай ёзма кўрсатма ёки йўриқнома йўқлиги, бу “жуда юмшоқ ва маслаҳат шаклида” айтилганини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, ушбу тавсия бир ой аввал берилган.

Айни пайтда МТРКнинг Би-би-си суҳбатлашган бир неча журналист ва канал масъуллари Ислом Каримов номини тилга олиш буткул тақиқланганини рад этишди.

Давлат телеканалларидан бирининг муҳаррири эса Каримов шахси ёки унинг даврини ёритишга чеклов қўйилгани ҳақидаги хабарларни буткул рад этди.

“Ҳеч қандай чеклов йўқ. Мана ҳозир мустақилликка туркум кўрсатувлар тайёрлаяпмиз”, – деди МТРК муҳаррири.

Чоршанба куни “Озодлик” радиоси ўзининг МТРКдаги манбаларига таянган ҳолда давлат телевидениеси журналистларига марҳум президент номини тилга олиш тақиқлангани ҳақида хабар берганди.

Озодлик манбаларига кўра, жорий ҳафта бошида мамлакатни 1989 йилдан 2016 йилгача бошқарган марҳум Ислом Каримовнинг исми эфирда умуман айтилмаслиги лозимлиги тўғрисида огоҳлантирилган.

Бу ҳақдаги кўрсатма президентнинг давлат маслаҳатчисидан келгани айтилади.

Миллий Телерадиокомпания раҳбарияти ҳозирча бирон расмий изоҳ бергани йўқ.

Хотирадаги узилиш

МТРК журналистларидан бирининг сўзларига кўра, ҳозир телеканалларда Ислом Каримов даври деярли эсланмаяпти.

“Ўша даврда қилинган ишлар ҳозир айтилмаяпти. Худди 25 йил хотирада узилиш бўлгандай”, – деди Би-би-си билан суҳбатда МТРК бошловчиси.

Би-би-си босма матбуотда Каримов даври билан алоқадор бирон чеклов бор-йўқлиги билан ҳам қизиқди.

Давлатнинг етакчи хабар агентлиги UzA журналистларидан бирининг айтишича, бу каби чеклов йўқ.

Тошкент ва вилоят нашрларидаги Би-би-си суҳбатлашган бошқа журналистлар ҳам газета ва журналларда Каримов даврини қандай ёритиш бўйича алоҳида йўриқнома йўқлигини билдиришди.

“Лекин Каримов портретлари давлат идораларидан йўқолганига бир ойдан ошди”, – деб айтди улардан бири.

Қоралаш кампаниясими?

Айни пайтда давлат телеканалларида Каримов номи тақиқлангани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда фаол мунозараларга сабаб бўлган.

Айрим ўзбекистонликлар буни олқишлашса, бошқалар қоралаган.

Қатор блогер ва таҳлилчилар Каримов номини тақиқлаш эмас, балки уни таҳлил қилиш, хатолардан сабоқ чиқариш кераклигини айтишган.

Ўтган ҳафта ҳукумат ва парламент нашри бўлган “Халқ сўзи” рўзномаси шоир ва сенатор Иқбол Мирзонинг Ислом Каримов даври қораланган мақоласига ўрин берганди.

14 август куни эълон қилинган мақолада сенатор Каримов даврини “қора тушга” ўхшатган ва марҳум президент бошқаруви йилларида “кўпчиликнинг келажакка умид шамлари бирин-кетин ўча бошлагани”ни айтганди.

Ўзбекистон халқ шоири бўлган Иқбол Мирзо бундан аввал Каримов даврида ижодкорларга кўрсатилган муносабатни танқид қилган эди.

Шу йил бошида президентнинг собиқ матбуот котиби, депутат Азамат Зиё ҳам Фэйсбукдаги саҳифасида Каримов даври ҳақида танқидий постни эълон қилган, гарчи марҳум президент номини тилга олмаса-да, “яқин ўтмишда йўл қўйилган хатолар инқирозга олиб келиши муқаррар эди”, деган фикрни илгари сурганди.

Ижтимоий тармоқларда Каримов шахси ва мероси ҳақидаги баҳсларга қўшилганлар орасида марҳум президент шахсини қоралаш кампанияси янги шахсга сиғиниш кўринишини яратишидан хавотир изҳор қилганлар ҳам бор.

Президент Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовдан қолган бошқарув тизими, ижтимоий тартиб ва марказлашган иқтисод ҳамда коррупция, шунингдек, ички ва ташқи сиёсатни аёвсиз танқид қилиб келади.

Аммо у ҳозирга қадар бу сиёсатнинг бошида турган шахсни тўғридан-тўғри танқид қилмаган.

Тошкент ва Самарқандда Ислом Каримов ҳайкаллари қўйилган, Тошкент халқаро аэропорти марҳум президент номи билан аталади.

ЎХҲ хабарлар бўлими