Абдулазиз Карим: Мен энди “жиноятчи” эмасман…

Абдулазиз Карим: Мен энди “жиноятчи” эмасман…
74 views
25 August 2018 - 18:47

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида “Қурбон бўламан” қўшиғи билан танилган, ҳозирда Туркия ватандоши сифатида Истанбулда яшаётган ўзбекистонлик хонанда Абдулазиз Карим Ўзбекистонда ўзига нисбатан жиноят иши ва қидирув бекор қилинганини айтган.

45 ёшли хонанданинг 24 август куни Facebook саҳифасига жойлаган видеомурожаатида таъкидлашича, у президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан реабилитация бўлгани ҳақда унинг уйига Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани милициясидан қўнғироқ қилиб айтишган.

“Бугун Тошкентдаги уйимга эрталаб РОВДдан қўнғироқ қилиб, менга нисбатан қўзғатилган барча жиноий моддалар олиб ташлангани ҳақида хабар беришди. Қидирувда бўлганим ҳам олиб ташланди. Бу ишнинг ташаббускори Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев экани ҳам таъкидлаб ўтилди”, дейди Абдулазиз Карим ўз видеомурожаатида.

.

O’zbekiston Prezidenti Shavkat Mirziyoyev manga qo’yilgan ayblarni olib tashlab uydirma bo’xtonlar bilan qidiruvga berilganimni ham bekor qildiribdi bugun shunday habar oldim.Yashasin Demokratiya!

Abdulaziz Karim paylaştı: 24 Ağustos 2018 Cuma

Хонанда 2015 йилда қўшиқлари Ўзбекистонда тақиқланиши ортидан ватанини тарк этган эди.

Унга нисбатан Ўзбекистон жиноят кодексининг 223-моддаси, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш бўйича иш очилган эди.

2016 йилда Туркия ватандошлигини олган санъаткор ўз ватани Ўзбекистонда барча унвонлардан ҳам маҳрум қилинганди.

“Мен энди жиноятчи эмасман. Тақиқланган санъаткорлар рўйхатидан чиқдим. Энди янги-янги ижодлар билан сизларни хушнуд этаман”, дейди Абдулазиз Карим 24 август кунги видеомурожаатида.

Озодлик суҳбатлашган “Ўзбекконцерт” мулозими Абдулазиз Каримга нисбатан тақиқ йўқлиги, келиб лицензия учун мурожаат қилиши мумкинлигини айтди.

Абдулазиз Карим 90-йилларда “Қурбон бўламан” қўшиғи билан Ўзбекистонда энг таниқли хонандалардан бирига айланди.

Кейинчалик Абдулазиз Каримнинг Яссавий ғазалларига басталаган куйлари халқ орасида шуҳрат топди.

У барча қўшиқларини ўзи басталаган саноқли ҳофизлардан ҳисобланади.

Ўтган йил охирида бастакор-ижрочи таниқли ўзбек шоири ва мухолифат арбоби Муҳаммад Солиҳнинг “Ғариб дарахт”¸ “Ойдинга” каби олтита шеърини қўшиқ қилиб куйлаган эди.

Қўшиқчи ҳозирда Туркияда истиқомат қилади.

ЎХҲ ахборот бўлими