Менга ёрдам қилинг: Мен Ўзбекистонда яшашдан қўрқиб қолдим….

Менга ёрдам қилинг: Мен Ўзбекистонда яшашдан қўрқиб қолдим….
20 views
25 August 2018 - 21:59

МЕНГА ЁРДАМ ҚИЛИНГ: МЕН ЎЗБЕКИСТОНДА ЯШАШДАН ҚЎРҚИБ ҚОЛДИМ….

Гап шундакм, мен кўча безоридан, маст-аласдан ҳайиқаётганим йўқ.

Мен мамлакатнинг, давлатнинг суд-ҳуқуқ тизимидан чўчиб қолдим.
Мен айнан қонун идоралари одамларидан қўрқаман!ш

Улар инсонни қандай қилиб йўқ қилишнинг қонуний асосларини жуда яхши билишади.

Ҳа, мен Ўзбекистонда истиқомат қилишдан ҳайиқиб қолдим.

Негаки, бу мамлакатда хусусий мулкчиликнинг қонуний асослари яратилмаган, хусусий мулк дахилсизлиги йўқ,ш инсон ҳақларининг ҳимояси йўқ!

Қонин-у фармонлар, қарор-у буйруқлар фақатгина қоғозларда, оғизларда,нари борса, орзуларда холос….

Мен ўз Ватанимда нафас олишга ҳам чўчиб қолдим….

Негаки, Ўзбекистонимизда исталган пулдор исталган одамини “йўлдан олиб ташлаши” учун айнан милиция идорасига, прокуратура ходимларига “буюртма” бериши, ҳаққини тўшлаб қўйиши ҳам мумкин экан.

Мен буни тадбиркор Жаҳонгир Умаров мисолида кўрдим.

Мабодо, менга бу гапларни бирорта бир бошқа одам айтганида ишонмаслигим мумкин эди.

Бироқ ўзим кўрдим, ўзим гувоҳи бўлдим…

Бир айбсиз одамни қонунчилар қўли билан “заказ” асосида қурбон қилиш “санъати”нинг шоҳиди бўлдим.

72 томирим титраб кетмоқда….

Гоҳида қизим “Менга йўл-йуриқ ургатинг, мен тадбиркорлик билан шуғулланмоқчиман” деб қолади.

“Болам, бизнинг мамлакатда тадбиркорни талайдилар.

Тўғри, бошида арқонни узун ташлаб қўядилар. Саҳал “баданингга эт эндими”, кейин солиқ, свет, газ, санэптстанция, “пожарный”, адлия, ҳокимият, участкавой, маҳаллаком, домком, подъездком…. деган яна номини мен ҳам билмайдиган аллақайси ташкилотлар бурнини тиқиб келаберади… Оиланг билан қўшиб яна шууу-ууунча ташклиот ходимларини ҳам қорнини тўйғазишинг, қора қозонини қайнатишинггга тўғри келади…

Ана шунингдек тегирмон чархпалагидан омон қолгудек бўлсанг, ана ундан кейин пешонангга порахўратура, йўғ-э, прокуратура деган аждаҳо рўпару бўлади….

Ана энди булардан шунчаки осонгина қутила олмайсан! Ёки бизнесингни бериб қутиласан! Ё ўлиб қутиласан, ёинки қамалиб! Бошқа чораси йўқ.

Қамалиб қолмаслик учун топган тутганингни ўз ихтиёринг билан порахўратурадагиларга қўш-қўллаб топширасан. Кейин қамашмаганларига мамнун, миннаддор ҳам бўлиб қўясан!

Бор-будини бой бериб қўйган тадбиркорлар ақлидан айрилиб қолмайдиям яхши!

Қизалоғим, мен сенга бунингдек қисматни сира раво кўмрайман.

“Яримта ноним, оромижоним” деб яшайвер, болам.

Мен бир нарсани билмасам, гапирмайман!

Майли, сен бизнесга, тадбиркорликка қўл уришинг мумкин!

Қачонки, Ўзбекистон деб аталмиш бу салтанатда қонун устиворлиги яратилса!” дейман.

Гоҳида фарзандим мендан норози бўлиб тўнғиллаб қолади…

Мана, бугун мен 1500 ишчи ўрнини яратган тадбиркор Жаҳонгир Умаровнинг қисматини қизимга мисол қилиб кўрсатдим.

Бугун Мирзиёев ваъда қилаётган “мустақил суд ҳокимияти” э йўқ, бе йўқ Жаҳонгир Умаровга 5 йил берди. Тадбиркорни 5 йилга озодликдан маҳрум этди.

Қулоқларимга ишонмадим.

Халқимиз “Ўғри бўл, ғар бўл, инсофи билан бўл!” деб бежиз айтмаган.

Бу ҳукуматнинг қонун идоралари қароқчилигидан қўрқиб қолдим.

Негаки, кўз ўнгимда бир тадбиркор “буюртма” жиноят ишининг қурбони бўлиб кетди…

Бизнинг мамлакатда пул нималар қилмаскан-а! Ҳатто ўликни ҳам тирилтираркан, айбсизни айбдор этаркан.

Милиция, суд, прокуратура идоралари ходимлари эса пулдор “буюртмачилар” қўлидаги қуллар, шунчаки ижрочилар экан холос.

Акс ҳолда Бош прокуратура суд ҳукми чиқиши билан бир соат ўтмай протест киритмаган бўларди!

Бу протест кимнинг қанча ҳақ тўлаб қўйган “буюртмаси” эканлигини билиш мен учун жуда қизиқ!

Қозилар қўғирчоқлар бўлмаганида эди, бугун жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси Зафра Бобонов Жаҳонгир Умаровни 5 йилга “кесиб юбормаган” бўларди!

Ким ҳам айтганди-я, “Адолат бўлмаган жойда давлат қароқчилар тўдасига айланади” деб.

Бугун бунга шахсан ўзим шоҳид бўлдим…

А, буларнинг ўзи ғирт қароқчилар тўдаси экан-у! Наҳотки мен ўзимни, болаларимнинг эртасини шу қароқчилар тўдасига қўшқўллаб топшириб қўйган бўлсам?

Мен қонунбузарлардан эмас, айнан қонунчилар қаллоблигидан қўрқаман!

Айтингчи, шунча гаплардан кейин энди мен Ватанимда қўрқмасдан қандайин яшайман!

Шу кеча оёқларимни узатиб, қандайин бехавотир ухлай оламан, қандайин тонг оттираман!

Қонун устивор бўлмаган давлатда менинг, болаларимнинг ҳаётини, келажагини хавфсизлигига кафолат борми?

Бўлса, қани у?

Қаллоб қонунчилар, қозилар қўлидами?

Мен қонунчилардан қўрқаман!

Менга кўмак қилинг: Мен ўз Ватанимда бехавотир яшашга ҳайиқиб қолдим!….

Ўтинаман, мени бу мамлакатда – Ўзбекистонда адолат ўрнатилишига ишонтирнг!

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналист, ҳуқуқбон

Facebook.com