Орзу

Орзу
58 views
27 August 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ҚОР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

 

ОРЗУ

Тиниб қолди сен ҳақда қўшиқ,
Сўниб қолди ранглар сен ҳақда.
Ҳуснинг фақат дилда жилвали,
Исминг дилда жарангламоқда.

Йўллар висол ҳакда куйламас,
Шивирламас бахт деб бирон барг.
Сўзлар шеърмас, товушлар қабри,
Мўъжизалар бўлди жувонмарг.

Дийдор энди бахш этмас иқбол,
Аирилиқ ҳам келтирмас зиён.
Бу кулфатга чидаб бўлмайди,
Кўтараман мен унга исён!

Енгаман. Сўнг орзуларимда
Келтирасан сўлмаган гуллар.
Сен келар йўл чанглари висол
Алангаси бўлиб ловуллар.

Айтмаганинг розларни тинглаб,
Хаёлингни қилгум тавофлар.
Сўзсиз мактуб жўнатиб сенга,
Олажакман сўзсиз жавоблар.

Мўъжизалар ҳаётга қайтиб,
Йўлларингга энтикиб қарар…
Қанча амри маҳол бўлмагин,
Сен келасан, бахтим, муқаррар.

(давоми бор)