Маънавият мавзусига қўйилган нуқта

Маънавият мавзусига қўйилган нуқта
24 views
26 August 2018 - 22:26

МАЪНАВИЯТ МАВЗУСИГА ҚЎЙИЛГАН НУҚТА

Gazeta.Uz мухбири Никита Макаренконинг маънавият ва Тошкент ҳақидаги мақоласи атрофида содир бўлаётган воқеалар бундан 21 йил илгари Республика Марказий банкида уюштирилган бир мажлисни эсимга солмоқда.

1997 йилнинг баҳор ойларида Марказий банкнинг мажлислар залида “Маънавият – истиқболимиз гарови” мавзусида йиғилиш ташкил қилинди. Унга таниқли шоиралардан бири (исми-шарифини ёзмайман, чунки шоира вафот этганлар) таклиф қилинган эди.

Тадбир таҳминан икки соат давом этган бўлса, шоира роппа-роса бир ярим соат нутқ сўзладилар. Нотиқ жуда мавҳум ва зерикарли тарзда гапираверганидан кўпчилик бошоғриқдан, баъзилар эса уйқусирашдан эзилишарди.

Бир ярим соат давом этган вайсашдан сўнг навбат савол-жавобларга келди. Биринчи савол жуда очиқ ва кескин эди. “Маънавият ҳақида бир ярим соат жон куйдириб гапирдингиз. Сизга катта раҳмат! Лекин шахсан мен гапларингиздан маънавият нималигини аниқ-тиниқ тушуна олмадим. Маънавият нима эканлигини қисқа ва лўнда қилиб, масалан, максимум 15 сўз билан тушунтириб бера оласизми?” – деди Марказий банк ходими ва машҳур шоирани гангиратиб қўйди.

“Шундай буюк ва бебаҳо нарсани 15 та сўз билан тушунтириб бўлармикан?! Укам, биламан, банкирсиз. Банкирлар конкрет тушунчаларни ёқтиришади. Лекин маънавиятга келганда конкретика ўтмайди…”, – дея жазавага тушган опахон яна 15 минут нутқ ирода қилдилар. Нутқининг сўнггида амалдор-шоира савол муаллифига қараб: “Ўзингиз маънавиятни 15 та сўз билан ифода қилиб бера оласизми?” – деб қолдилар.

Шунда ўша ҳамкасбимиз ўрнидан туриб, шундай деди: “МАЪНАВИЯТ – ҲАЛОЛ ВА ҲАРОМ ТЎҒРИСИДАГИ ТУШУНЧАЛАР ЙИҒИНДИСИ. ҲАЛОЛГА РИОЯ ЭТИШ ВА ҲАРОМДАН ТИЙИЛИШ – МАЪНАВИЯТЛИЛИК, АКСИ ЭСА МАЪНАВИЯТСИЗЛИКДИР”, – деди.

Бутун зал қарсак чалиб юборди. Бу жавоб мавҳумлик ва эзмалик билан тушунтирилган маънавият мавзусига қўйилган аниқ-тиниқ нуқта эди.

Қони қайноқ шоира банк ходимини дарров ваҳҳобийга чиқарди. Бундай айбловга жавобан банкир шундай деди: “ОПА, АЛЛОҲ ТАОЛО ҲАЛОЛ ВА ҲАРОМНИ АЛЛАҚАЧОН БЕЛГИЛАБ БЕРГАН. ОДАМЛАР “МАЪНАВИЯТ ВА МАЪРИФАТ МАРКАЗИ” УЮШТИРГАН МАЖЛИСЛАРГА ҚАТНАШИБ ЭМАС, ҲАЛОЛ ВА ҲАРОМНИ АЖРАТИБ БЕРАДИГАН КИТОБЛАРНИ ЎҚИБ ВА УЛАРГА АМАЛ ҚИЛИБ МАЪНАВИЯТЛИ БЎЛИШАДИ”, – деди холос.

Шу билан мажлис тугади.

Демоқчи бўлганим, мустақиллик йилларида маънавият ва маърифат ҳақида тонналаб китоблару мақолалар ёзилди, сон-саноқсиз мажлислару йиғилишлар ўтказилди, минглаб кинофильмлару кўрсатувлар намойиш этилди. Бу ишлар Ислом таълимоти ва тарғиботини чеклаш билан баравар олиб борилди. Яъни ҳукумат жамиятни ҳақ йўлга Ҳақ динсиз бошлашга уриниб кўрди.

Лекин шу чораларнинг таъсири кутилганидек бўлдими, уларнинг таъсирида жамият маънавиятлироқ бўлиб қолдими, фоҳишаю каззоблар, ўғрию қотиллар сони камайдими? Йўқ, албатта!

Мен ҳам: “Одамлар фақат тақво (Аллоҳдан қўрқув) сабабли яхши амалларни қилиши ва ёмон амаллардан тийилишлари мумкин”, – деб ҳисоблайман.

Одам маънавиятли бўлса, яъни ҳалол ва ҳаромни аниқ билса, Аллоҳдан (давлатдан, жамиятдан, маҳалла-кўйдан эмас!), фақат Аллоҳдан қўрқиб бирига эргашса, иккинчисидан тийилса, ҳар замон (эрталаб, кундузи, кечаси, тунда ва ҳоказо пайтларда) ва ҳар макон (уйда, кўчада, командировкада, кафеда, тунги клубда ва ҳоказо ерларда) маънавиятли бўлиб қолаверади. Ва, аксинча.

Одамнинг яхши ёки ёмон ишга қўл уришига замонннинг ва маконннинг алоқаси йўқ. Лекин бузуқ жамиятда одамнинг ёмонликка дучор бўлиши, ундан азият чекишининг эҳтимоли кечалари ва тунлари юксакроқ, албатта.

Сўзимнинг сўнгида ҳамкасбим Никита Макаренкога қарши уюштирилаётган кампанияга норозилигимни билдирмоқчиман. Кимда ким унинг фикрлари нотўғрилигини асосламоқчи бўлса, журналистнинг шаҳсиятига тегмасдан, босиқлик билан далил ва исботлар келтирсин.

Бобомурод АБДУЛЛА

2018 йил 26 август

Facebook.com