“Тошкент – ўз қобиғига ўралиб қолган маҳдуд шаҳар”

“Тошкент – ўз қобиғига ўралиб қолган маҳдуд шаҳар”
93 views
27 August 2018 - 12:38

Тошкент барча ўзбекистонликлар учун эмас, балки муайян тоифа ва табақадагилар учун мўлжалланган шаҳар, ўз қобиғига ўралиб олган маҳдуд шаҳар, ўзгаларни ёқтирмайдиган шаҳар. Блоггер маънавият ҳақида гапираётганларга шундай жавоб берди.

Журналист ва блоггер Аброр Машарипов Facebookдаги саҳифасида бир неча кундан бери томонлар иккига бўлиниб тортишув олиб бораётган мавзуга кескин фикр билдирди.

Газета.уз мухбири Никита Макаренокнинг “Маънавият” бизни барбод қиладими? сарлавҳали мақоласи ўзбекистонлик интернет фойдаланувчиларни иккига бўлиб ташлаган.

Давлатга тегишли сайтларда Макаренкога қарши туркум мақолалар чиқарилди.

Блоггер Аброр Машариповга кўра, мамлакатда 25 йил давомида маънавият ҳақида гапирилмоқда. Лекин бу билан бошқа юртларга танасини сотишга кетаётган қизларнинг сони камаймаяпти. Ажралишлар сони ортмоқда.

Блоггернинг таъкидлашича, маънавият ҳақида бонг ураётганлар уни инсоний камолот воситасидан эркинлик учун тушовга айлантирган.

Қуйида блогпостни тўлиқ келтирамиз:

“Очиғи, Тошкенту маънавият ҳақидаги мақолалар жонга тегди. Бирортасида Никита Макаренконинг фикрларига қарши жиддий далил келтирилгани йўқ. Ҳаммаси эйфорияга, жазавага, баланпарвоз гапларга тўла.

Тўғри, пойтахтимиз чиройли ва ораста, тоза шаҳар, лекин ўша мақола муаллифларининг бирортаси Тошкент ҳанузгача ёпиқ шаҳар эканини, бу ерда антиконституцион тартиб ҳали ҳам амал қилаётганини айтиб ўтмаган. Ҳолбуки, Макаренко мақоласининг асосий мавзуси эркинлик эди.

Ахир, Тошкент барча ўзбекистонликлар учун эмас, балки муайян тоифа ва табақадагилар учун мўлжалланган шаҳар, ўз қобиғига ўралиб олган маҳдуд шаҳар, ўзгаларни ёқтирмайдиган шаҳар. У аллақачондан бери нон шаҳри эмас. Пропискангиз бўлмаса сиз бу ерда ҳеч кимсиз, фуқаро учун бундан ортиқ камситиш бўлиши мумкинми?..

Мен ўзимни ўз пойтахтимда эмин-эркин ҳис қила олмасам, ҳашаматли биноларингизу чиройли фаввораларингизни бошимга ураманми?.. Ҳозир оғиз кўпиртаётган ўша маънавиятчилар, нега бу ҳақда миқ этмайсизлар?.. Холис бўла олмасангиз, умуман оғзингизни очманг, чунки бунга маънавий ҳаққингиз йўқ!

Йўқ, ўзингиз маънавиятсиз бўлганингиз учун гапираверасизлар, чунки кучингиз Никита Макаренкога ўхшаган оддий одамларга етади, холос. Айтайлик, муштумзўр ва сўконғич ҳокимларга тишингиз ўтмайди, уларга халқни ҳурмат қилиш кераклиги ҳақида панд-насиҳат қила олмайсизлар. Шунақа иккиюзламачисизлар.

Айнан сизлар маънавиятни инсоний камолот воситасидан эркинлик учун тушовга айлантирдингиз. Сизлар негадир маънавиятни бир хилликда кўрасизлар: ҳамма бир хил фикрлаши, бир хил сўзлаши, бир хил кўриниши лозим. Сизлар инсонни на яшашга қўясизлар, на ўлишга: эркак киши бўлиб пирсинг тақсанг ҳам бир бало, соқол қўйсанг ҳам бир бало.

Аёлларнинг истаганидек ҳижоб ўраши миллий маънавиятимизга зид, калта юбка ҳам тўғри келмайди. Тунги клуб эса нақ маънавиятсизликнинг уяси.

Инсонларнинг таъблари, танловлари, маданиятлари, эҳтиёжлари ҳар хил бўлиши мумкинлиги сизлар учун мутлақо қизиқарли эмас. Ўзларингга ёқмаган нарсадан халос бўлиш учун энг жўн воситадан – тақиқдан фойдаланасизлар. Чунки салоҳиятларинг бундан ортиғига қодир эмас.

Эсимни таниганимдан бери маънавият ҳақидаги гап-сўзларни эшитаман. Мактабда ҳам шу маънавият, университетда ҳам маънавият, маҳалладаги мажлислару телевизорда ҳам маънавият. Шунча гапирганингиз билан халқнинг маънавияти ошиб қолдими? Россия, Туркия, БАА, Ҳиндистонда танасини сотаётган қизларимизнинг сони камайдими? Ёки ажрашишлар сони озайдими? Халқ ёппасига китобхон бўлиб қолдими?

Йўқ! Чунки одамлар сизга ишонмай қўйган, мана шу ҳақиқатни тан олинглар энди. Сизлар яратган маънавият – ўхшамай қолган мафкурадан, таги тешик тоғорадан бошқа нарса эмас”.

Маҳдуд – чекланган, чегараланган деган маъноларни беради (изоҳ Би-би-синики).

Блог муаллифларининг фикри таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди

Манба: Би-Би-Си Ўзбек