Ҳижоб – Мирзиёев ислоҳотлари ҳаққонийлигини синайдиган тимсол

Ҳижоб – Мирзиёев ислоҳотлари ҳаққонийлигини синайдиган тимсол
26 views
28 August 2018 - 11:21

Яқинда Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги барча мактабларда ягона форма жорий қилишни кўзлайдиган қарорни қабул қилди. Ушбу ҳужжат, бошқа тегишли қарорлар билан бир қаторда, мактаб ҳудудида рўмол билан юришни тақиқ остига олади. Қарор эълон қилингандан сўнг асосий аҳолиси Ислом динига эътиқод қилувчи мамлакатда ҳижобнинг янада тақиққа учраши борасидаги хавотир кучайди.

Аслида нима бўлган эди?

Жорий йилнинг 12 июнь куни ҳукумат порталида Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» деб номланган қарор лойиҳаси эълон қилинди. Порталдаги оммавий муҳокамадан сўнг Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилиниши кўзда тутилган мазкур қарор умуммиллий мактаб формасини жорий қилиш жараёнини тасдиқлаши лозим эди.

Ҳужжатнинг тўққизинчи бандида мактаб ўқувчилари таълим муассасаси ҳудудида ушбу муассаса маъмурияти томонидан ташкил этилган маълум тадбирлардан ташқари бошқа вақтда рўмол билан юрмаслиги лозимлиги белгилаб қўйилган.

Айнан ушбу банд ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларни келтириб чиқарди – изоҳларнинг аксариятида ҳужжатнинг ҳижобни янада тақиқ остига олиши таъкидлаб ўтилди. Журналистлар ва блогерлар ҳужжат амалда ҳижобнинг расман ман этилишида восита сифатида ишлатилиши мумкинлиги юзасидан ўз хавотирларини билдирдилар.

Қарорнинг аҳамияти қандай?

Ҳижоб азалдан Ўзбекистон мактаб ва олий таълим муассасаларида норасмий тақиқ остига олиб келинган. Мамлакатнинг дунёвий ҳукумати узоқ йиллардан буён ҳижобни диний радикализм белгиси сифатида кўриб келган бўлсада, унга қарши расмий тақиқ жорий этишдан тийилиб келаётган эди. Рўмолли аёлларга нисбатан муносабат ҳукумат ташкилотларида ҳам ижобий эмас.

Шунга қарамай, сўнгги пайтда диний сиёсатни либераллаштириш йўлида ҳукумат томонидан олинган мисли кўрилмаган қадамлар бир кун келиб ҳижобга нисбатан муносабат ижобий томонга ўзгариши борасидаги умидларни қайтадан уйғотган эди. Шавкат Мирзиёев 2016-йил сўнггида ҳокимият тепасига келганидан буён мамлакатда бир қанча исломий илм даргоҳлари ташкил этилди, оддий одамларнинг Қуръонни ўрганиши юзасидан қўйилган тақиқлар олиб ташланди ва экстремизмда айбланиб, қамоққа ташланган минглаб шахслар озодликка чиқарилди.

Бундай ўзгаришлар охирги пайтда Facebook ижтимоий тармоғида фаоллигини ошираётган кўплаб диндорларни руҳлантирди ва бошқа ижтимоий тармоқларда ҳам ҳукуматни исломий бош кийимга нисбатан ўз сиёсатини ўзгартишга чақириқлар кўзга ташланди.

Аксар ўзбеклар учун ҳижоб масаласи Мирзиёев ислоҳотларининг ҳаққонийлигини синайдиган тимсол сифатида гавдаланмоқда. Сабаби ҳижобнинг ман этилиши мамлакатда диний эркинликка қўйилган амалдаги асосий тақиқларнинг бири сифатида кўрилади.

Ягона мактаб формаси тўғрисидаги қарор матни ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида охирги кунларда фаол муҳокама қилинмоқда. Фойдаланувчилар «Ҳижоб – бизнинг ҳуқуқимиз» ва «Мен рўмолга қўйилган тақиққа қаршиман» ҳештагларини яратиб, бош кийим тўғрисидаги банднинг ҳужжатдан олиб ташланишини талаб қилмоқдалар.

“Мударрис, ношир ва тўрт қизнинг отаси сифатида мактабда бош кийимсиз юриш жорий қилинишига қаршиман,” деб ёзади Азон.уз диний янгиликлар веб-сайти асосчиси Мубашшир Аҳмад ўзининг Facebook саҳифасида.

Таниқли ёзувчи ва журналист Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ҳижобнинг расман тақиқланиши оммавий норозилик томон етаклаши мумкинлигини айтади. «Ўқув даргоҳларида бошяланг юришни мажбурий қилиб қўйиш фитна қўзғашдан бошқа нарса эмас. Оқибатини билиб туриб жанжал бошлаш дейилади бунақа ҳаракат. Қўйинглар энди. Етар энди. Ўзгаринглар энди,» деб ёзади у Facebook тармоғидаги саҳифасида.

«Нега менинг қизим мактабга бошяланг бориши керак? Бу ҳужжатнинг тўққизинчи бандини ишлаб чиққан одам халқ ва президент сиёсатига, шунингдек, диний ва миллий қадриятларга тупуриб қўйганига ишонаман,» деб изоҳ қолдиради Адҳамжон Толаков ҳукумат портали бўлмиш Gov.uz’да.

Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларга фаоллиги кўзга ташланмайдиган Мусулмонлар Идораси ҳам муносабат билдириб ўтди. 23 июнь куни эълон қилинган сўзлари эҳтиёткорлик билан танланган баёнотда Мусулмонлар Идораси таълим соҳасидаги амалдорларни ўқувчиларга рўмол ўраш эркинлигини бериш орқали миллий анъаналар ва диний қадриятларни ҳурмат қилишга даъват этган.

Энди нима бўлади?

Мирзиёев раҳбарлиги остидаги Ўзбек ҳукумати ўзининг илгари сураётган ташаббуслари ва режаларида одамларнинг ҳар қандай муносабатига таъсирчан бўлиб келмоқда. Айрим ҳолларда ҳукуматнинг оммавий норозиликларга нисбатан ён берганини ҳам кўриш мумкин. Жорий йилнинг баҳорида ҳашамдор ва серчиқим тўйларни тартибга солиш йўлида ишлаб чиқилган қарор лойиҳаси ижтимоий тармоқлардаги норозиликлар ортидан Сенат томонидан қабул қилинмаган эди.

Бу ҳол баҳсларга сабаб бўлаётган банднинг ягона мактаб формаси тўғрисидаги қарордан чиқариб ташланиши ёки ўзгартирилиши эҳтимоли мавжудлигини англатади. Бироқ бу ҳукумат мактабларда ҳижобда юришга рухсат бериши мумкин, дегани эмас, зеро аксар ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам бундан умид қилмайди.

26 июнь куни гапирган халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳукумат ҳижоб масаласини бироз ортга суриб туриши мумкинлигига ишора қилган эди. «Кўп одамлар рўмол ва ҳижоб ҳақида гапирмоқда. Бироқ бу бизнинг айни вақтдаги асосий мақсадимиз эмас. Асосий мақсадимиз – яхши таълим-тарбия кўрган авлодни тайёрлаш. Одамларнинг аксарияти иккиламчи масалалар юзасидан хавотирланиш билан банд бўлиб қолмоқда,» деб вазирнинг сўзларини иқтибос тарзида келтирган “Халқ сўзи” газетаси.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек