Ўзбекистонда Ислом Каримов номи унутиляптими?

Ўзбекистонда Ислом Каримов номи унутиляптими?
25 views
28 August 2018 - 11:28

Ўзбекистонда марҳум президент Ислом Каримов хотираси юзасидан муҳокамалар қизимоқда. Мунозаралар биринчи президент хотираси куни яқинлашаётгани муносабати билан эмас, балки мамлакат телевидениесида Ислом Каримовнинг номига норасмий тақиқ қўйилгани ҳақидаги маълумотлар ортидан бошланган. Ислом Каримов вафоти ҳақидаги хабарлар 2016-йилнинг август ойи охирида пайдо бўлган эди. Кейинроқ ҳукумат Каримов 2-сентабрда мияга қон қуйилишидан вафот этганини эълон қилди. Очиқ жамият қуришни ваъда қилаётган янги ҳокимиятнинг турғунлик даври тимсоли саналган Каримов хотирасидан воз кечиши нимани англатади?

Ўзбекистон телевидениесида Ислом Каримов номига тақиқ қўйилгани ҳақидаги хабарларга ҳозирча бирор расмий муносабат билдирмаган.

Марҳум президентнинг хотира куни яқинлашар экан, бу хабарлар Каримов мақбараси, ёдгорлиги зиёрат қилинган кўплаб маросимлар билан инкор қилиниши кутилмоқда.

Аммо бундан қатъи назар, ўлимига икки йил тўлаётган Ислом Каримов хотирасига нисбатан ҳокимият доирасида муносабат ўзгараётганини кузатиш мумкин.
Аввалроқ сенатор ва шоир Иқбол Мирзонинг Каримов даври “қора тушга” қиёсланган матбуотдаги мақоласи кескин мунозара қўзғади. Каримовга атаб ёзилган мадҳиялари билан танилган шоирнинг ўзи кескин танқид остида қолди.

Янги ҳокимият Каримов даврини танқидга олаётгани биринчи бор эмас, асосан, президент Шавкат Мирзиёев томонидан қилинган бу танқидларда тузум нишонга олинса-да, унинг яратувчиси бўлган Каримов шахси четлаб ўтилаётган эди.

Ўзбекистон телевидениесида Каримов номига тақиқ қўйилгани ҳақидаги маълумот бевосита марҳум шахси билан боғлиқ дастлабки ҳолат. Бундай тақиқ ҳақидаги кўрсатма Каримов ўлимига икки йил тўлиши арафасида, унинг хотираси кунлари яқинлашган бир пайтда берилаётгани ҳам тасодиф эмасдек.
Биринчи президент хотираси ҳақидаги мунозаралардан қатъи назар, янги ҳокимият, жумладан, президент Мирзиёев ҳозирча Каримов хотирасидан воз кечиш даражасидаги сиёсий иродага эга эмаслиги таъкидланмоқда.

Сиёсий муҳожирликда яшаётган ўзбек журналистларидан бири Улуғбек Ҳайдаров назарида телевидениеда Каримов номига тақиқ қўйилгани ҳақидаги хабарлар унинг шахси, сиёсий меросидан келиб чиқаётгани йўқ? аксинча, ҳокимият марҳум хотирасини улуғлашда давом этади.

“Бу хабарлар ҳозирча иддаолигича қолмоқда, гўё Президент маслаҳатчиси телевидениега шундай топшириқ бергани ҳақида. Лекин айни замонда биз биламизки, Каримов хотирасини абадийлаштириш учун катта ишлар амалга оширилди, аеропортга номи берилди, ёдгорлиги очилди, ҳайкаллар қўйилди, яъни бир-икки йилда номи ўчмайдиган даражада. Менингча, президент ҳали бундай қарорга бормайди, Каримов хотирасига эҳтиром ҳали бир неча йиллар ўз кучида қолади”, – дейди журналист.

Ўзбекистонни чорак аср давомида бошқарган 72 ёшли Ислом Каримовнинг ўлими аксарият жамоатчиликни ларзага солган, саросимада қолдирган воқелик бўлган эди. Каримов ўлими ортидан мамлакатда ҳокимият алмашиб, президент Мирзиёев ислоҳотлар эълон қилар экан, жамоатчиликда ўзгаришлар умиди бошланди.

Янги ҳокимиятнинг бу ўзгаришлари, асосан, Каримов давридаги тақиқларни бекор қилиш билан кузатилаётган бўлса-да, биринчи президент ҳамон мустақил давлатчилик асосчиси сифатида қолмоқда.

Улуғбек Ҳайдаров фикрича, Каримов вафотидан икки йил ўтиб, аксарият жамоатчилик унинг хотирасидан воз кечишга тайёр турибди, фақат ҳокимият ҳозирча бундан манфаатдор эмас.

“Жамоатчилик тайёр, фақат буни очиқ кўрсатаётгани йўқ, чунки кўпчилик жамиятдаги инқирозга Каримов даври сабабчи эканлигини тушуниб етди. Жамоатчилик бунда фақат Каримов эмас, у билан бирга ишлаган бошқа амалдорларнинг ҳам ҳиссаси борлигини яхши билади. Масалан, мен ҳам шундай ўйлайман, ҳар ҳолда у узоқ йиллар бош вазир бўлиб ишлаган. Ҳозир ҳам барибир аввалги қўрқувлар аримаган, шунинг учун ҳам Каримовга нисбатан муносабат ўзгаргани ҳар доим ҳам очиқ айтилаётгани йўқ. Хуллас, Мирзиёев Каримов хотирасига нисбатан муносабатини кескин ўзгартира олмайди, аввало, унинг хотирасини абадийлаштириш учун кўп иш қилинди. Қолаверса, унинг ўзи йиғлаб Каримовни дафн қилди. Шунинг учун яқин йиллар ичида Каримов хотираси дахлсиз қолади”, – дейди Ҳайдаров.

Ўзбекистонда Ислом Каримов мустақил давлатчилик асосчиси сифатида тақдим қилинади, Шавкат Мирзиёев биринчи президент хотирасини абадийлаштиришга қаратилган махсус қарор қабул қилган.

Бу қарор доирасида пойтахтдаги халқаро аеропортга Ислом Каримов номи берилди, пойтахтда, мамлакат вилоятларида унинг хотирасига ёдгорликлар ўрнатилди, Каримов дафн қилинган Самарқанддаги Ҳазрат Хизр мажмуасида махсус мақбара бунёд қилинди, айни пайтда бу мақбара зиёратгоҳга айлантирилган.

Манба: amerikaovozi.com