Мирзиёев Президент аппаратида ўзгаришлар қилди

Мирзиёев Президент аппаратида ўзгаришлар қилди
21 views
29 August 2018 - 9:20

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, 26 августдаги фармонга мувофиқ, ҳозиргача Президент девони деб юритилган тузилма эндиликда Президент Администрацияси деб аталади.

Мирзиёев янги ташкил этилган Администрацияга раҳбар ходимларни қайта тайинлаган.

Унга мувофиқ, давлат раҳбарининг ижро аппарати тузилмавий ўзгаришларга юз тутган, аммо аппаратнинг деярли барча мулозимлари ўз лавозимларини сақлаб қолган.

Президент Администрацияси раҳбари лавозимига Низомиддинов Зайнилобиддин Шахоббидинович тайинланган.

Бунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси – Ижро этувчи аппарати раҳбари лавозимини эгаллаб келган Низомиддинов ҳақида жамоатчиликка деярли ҳеч нарса маълум эмас.

Мафкура тугатилдими?

Президент девонининг энг таниқли юзлари бўлган Зелимхон Ҳайдаров ва Хайриддин Султоновларнинг хизмати тузилмавий ўзгаришларга юз тутган.

Жумладан, амалда Президент маъмурияти раҳбари саналган Зелимхон Ҳайдаров (Фармонда Зилемхон Хайдаров-таҳр)нинг Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ишлар бошқарувчиси лавозимидан озод этилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Молия-хўжалик департаменти раҳбари лавозимига тайинланган.

Бундан ташқари, Президентнинг матбуот ва маънавият соҳаси учун масъул давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов айни соҳа раҳбарлигидан четлатилган, аммо Президент маслаҳатчиси ва Спичрайтери лавозимини сақлаб қолган.

Фармондан Султонов бошқариб келган соҳанинг тугатилгани англашилади.

Ўзгаришлар МХХнинг собиқ раҳбари, истеъфодаги генерал Рустам Иноятовнинг ҳам мавқеъига таъсир қилмаган.

Иноятов Ўзбекистон Республикаси Президентининг ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимини эгаллашда давом этади.

Ўзгаришларга мувофиқ, Давлат маслаҳатчилари бундан буён маслаҳатчи деб юритилади.

Узоқ йиллар Каримовнинг кадрлар бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келган Умар Сапаевич Исмоилов ҳам қайта ташкил этилган лавозимда кадрлар соҳаси устидан назоратни сақлаб қолган.

Лавозимда пасайтирилган ягона шахс Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи раҳбари Қаҳрамон Қуронбоевдир.

Қуронбоев Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар масалалари буйича давлат маслаҳатчиси лавозимидан озод этилган ва Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.

Аввалроқ Мирзиёев ёшлар раҳбари ва давлат маслаҳатчисининг фаолиятидан норозилигини изҳор қилган эди.

Узоқ йиллар давлатнинг мафкура соҳаси учун жавоб бериб келган Хайриддин Султоновнинг матбуот ва маънавият кураторлигидан четлатилиши ижтимоий тармоқларда соҳа ходимлари томонидан олқишланган.

Ушбу ўзгариш мафкура ва ОАВ соҳасида давлат аралашувининг камайишига доир умидларни пайдо қилган.

Узоқ чўзилган ўтиш даври

Президент девонидаги энг қудратли шахс сифатида кўрилган Зелимхон Ҳайдаров Каримов вафотидан кейин Ўзбекистонда бошланган ҳокимият ўтиш жараёнларида муҳим рол ўйнагани айтилади.

Зелимхон Ҳайдаров билан собиқ МХХ раҳбари Рустам Иноятов ўртасида рақобат бўлган, деб ишонилади.

Таҳлилчиларга кўра, Каримов даврида энг қудратли саналган бу икки мулозим ҳокимият ва таъсир учун зимдан кураш олиб борган бир-бирига қарама-қарши икки гуруҳга раҳбарлик қилишган.

Ҳозирда уларнинг марказий ва маҳаллий бошқарувда қанчалик таъсирга эгалиги номаълум.

Ўзбекистон ҳокимияти очиқ бўлмагани учун ундаги курашлар ва кучлар мувозанати борасида таҳлилчилар турли фаразларни айтиб келишган.

Президент Администрациясида таркибий ўзгаришларнинг юз бермагани маълум даражада ҳокимият ўтиш жараёни ҳануз давом этаётганидан дарак беради.

ЎХҲ хабарлар бўлими