Блоггерга Facebookдаги фикри учун маъмурий иш очилди

Блоггерга Facebookдаги фикри учун маъмурий иш очилди
19 views
29 August 2018 - 9:23

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, “Facebook”да Муҳаммад Шакур номи остида ёзувчи Шокир Шарипов Тошкент вилояти милицияси томонидан таҳдид қилинган. Милиция унга пикет ҳақида пост қолдиргани учун иш очаётганини айтган.

Коляскада ҳаракатланувчи 44 ёшли Муҳаммад Шакур қизларнинг мактабда рўмолсиз келишига ўз муносабатиини билдиришни сўраб Facebookда пикет ўтказишини маълум қилган. Пост ёзилгандан 6 кун ўтиб, унинг ҳозир яшаб турган Қибрайдаги манзилига 8 кишидан иборат куч тизимлари ходимлари кириб келишган.

Блоггерга ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмаган орган ходимлари уни Қибрай туман Ички ишлар бошқармасига хоҳишига қарши олиб кетишган.

Икки соатлик суҳбат давомида биринчи гуруҳ ногиронига турли таҳдидлар қилишган.

Блоггернинг айтишича, суҳбат давомида нима учун Facebook да пикет ҳақида ёзганини сўрашган ва шу пости учун унга босим ўтказиш мақсадида юқоридан топшириқ бўлганини айтишган.

Шокир Шариповга нисбатан “оммавий тартибсизликка чақириш” ва “пропискасиз яшаш” бўйича маъмурий иш очилган. Ҳеч қандай тушунтиришларсиз ва расмий ҳужжатсиз унинг компьютери ва қўл телефони милиция томонидан олиб қўйилган.

Блоггер Facebookдаги постида 5 киши бўлиб пикет қилишни таклиф қилган.

Ўзбекистон қонунчилигида пикет ўтказиш учун рухсат олиш шарт эмас.

Муҳаммад Шакур номи остида блог юритувчи Шокир Шарипов шундай бўлса-да, бунинг учун тегишли идоралардан рухсат олиш нияти борлигини ҳам ёзган.

Би-би-си ҳолатга ойдинлик киртиш мақсадида Тошкент вилоят ички ишлар бошқармасига боғлана олмади.

ЎХҲ хабарлар бўлими