Адолатли суд ва ҳақиқат бўлмаган жойда давлат қароқчилар тўдасига айланади

Адолатли суд ва ҳақиқат бўлмаган жойда давлат қароқчилар тўдасига айланади
57 views
29 August 2018 - 9:47

Жахон ижтимоий тармоқларида анчагина шов-шувларга сабаб бўлган Аббосхон Ходжаев устидан ўтказилган суд процесси ўз ниҳоясига етганига ҳали кўп бўлгани йўқ..Бу суд маҳкамасининг эътиборга молик жихати шунда эдики, Ўзбекистон ҳуқуқни мухофаза қилувчи (ИИВ,МХХ,прокуратура ва суд) органлари фуқароларнинг Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, ҳақиқатни аниқлаш ва адолатни қарор топтириш, қонун устиворлигини таъминлаш ўрнига айнан ана ўшаларнинг ўзи бир ёқадан бош чиқариб (юриспруденцияда бу ҳолат “жиноий тил бириктириб” деб малакаланади) мутлоқо айбсиз фуқаролардан жиноятчи ясашга ҳаракат қилган.

Бундай ҳолатларга мисол қилиб фарғоналик тадбиркор Хуршид Маматқулов, тошкентлик журналист Бобомурод Абдуллаев, ёш олимлардан филолог-навоийшунос Акрам Малик, сиёсатшунос Рустам Абдуманнопов,юқори малакали харбий мутахассислар майор Қутбиддин Норалиев,подполковник Алишер Ачилдиев,подполковник Санжар Исмаилов, МХХ зобити подполковник Баҳром Сувонов, диндорлар Лутфиддин Мухиддинов, Шерзодбек Назарбеков ва бошқаларнинг ишларини кўрсатиш мумкин.

Шу каби ифлос ишларни амалга оширишда ўзбек ментлари, “порахўрар”лари ёки эсэнбэшниклари ўзлари каби ифлос нусҳалар – фоҳишалар,фирибгарлар,гиёҳвандалар хизматидан унумли фойдаланиб келишмокда. Масалан, Акрам Малик ва Рустам Абдуманноповни қамоққа олиш учун бир фоҳиша аёлнинг хизматидан фойдаланишган. Ёки бўлмаса, қамоққа олиниши шарт бўлган одамнинг машинасига, уйига, офисига ёки чўнтагига наркотик моддаси, қурол, варақа, диск, флешка ташлаб қўйиш йўли билан буюртма жиноят ишларини сохталаштириш мумкин.

Учинчи бир жихати – шу каби ишларнинг барчаси бир қолипдан чиққандай бир-бирига ўхшашлиги ва шуларнинг барчаси қонун андозаларига мутлоқо мос мувофиқ эмаслигида.

Бундай ишлардан мақсад нима? Шундай ҳаром йўллар билан ҳам оила боқиш мумкинми, дея ажабланишингиз мумкин. Албатта, Ўзбекистонда бундай ишлар жудаям мумкин экан. Ҳаттоки, булар миллий қадрият даражасига кўтарилган. Бундан мақсад, пулдор одамларнинг пулини ёки тадбиркорларнинг бизнесини тортиб олиш, ўзига ёқмаган одамлардан ўч олиш, ёхуд шунчаки адолат ва ҳақиқатни талаб қилиб чиқувчи мухолифат вакилларини овозини ўчириш бўлган.

Мана шундай ишларнинг барчасида қонун нормалари қўпол равишда бузилган бўлишига қарамасдан айбланувчи сифатида қурбонликка танлаб олинган шахс тўғридан тўғри жиноятчи тавқи лаънати билан дор остига кетаверган.

Ўзбекистон президенти Ш.Мирзиёев давлат бошқарувини ўз қўлига олгандан сўнг суд-ҳуқуқ тизимида ҳам бир мунча ислоҳотларни амалга ошира бошлади.Аммо, ҳуқуқни мухофаза қилувчи (ИИВ, МХХ, прокуратура ва суд) органларидаги баъзибир ваколатлаи маъсул мансабдор шахслар бундай ислоҳотларни тан олмаяптилар ёки президент директиваларини очиқдан-очиқ менсимаяптилар.

Юқорида кўрсатиб ўтилган Аббосхон Ходжаевга нисбатан қўйилган айбловларда ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан малакаланган айблар ўз тасдиғини топмаганлиги учун суд хукмига кўра, у айбловлар мажмуасидан чиқарилган ва ушбу модда бўйича Аббосхон Ходжаев оқланган эди. Қонун талабига кўра, ушбу иш юзасидан қўпол қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган Тошмент шахар ИИББ ЖҚБ ва ТБ ходимлари Тошмент шахар ИИББ уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи У.Қурбонов, катта тезкор ходим Юсуф Нурмуҳамедов,Фатҳиддин Нуриддинов,Аваз Холматов, Мирзиёд Абдуллаев, Азлан Сиддиқов ва бошқаларга нисбатан ҳусусий ажрим чиқариш билан қонуний жазо белгилаши лозим эди. Ва бу мантиқан ҳам тўғри бўлиб, бошқаларга сабоқ бўлиши керак эди.

Аммо, афсуски, жазосиз қолишларига аниқ ишонган Юсуф Нурмуҳамедов, Фатҳиддин Нуриддинов, Ҳожимурод Ҳайдаров, А.Закиров, А.Махмудов ва бошқалар яна шундай усул билан Ўзбекистонда йирик тадбиркорлардан ҳисобланган Ж.Ш.Умаровга нисбатан буюртма асосида жиноят ишини сохталаштиришда иштирок этишган.

Ж.Ш.Умаровнинг қамоққа олинишидан кимлар манфаатдор?

Биздаги маълумотларга кўра,Ж.Ш.Умаров “ИНТЕГРАЛ ИНВЕСТ” МЧЖ қўшма корҳонасида моддий таъминот ва савдо масалалари бўйича директор ўринбосари, 48 нафар ишчи-ходимлар ишлайдиган “MEGAFORM INVEST PLUS” МЧЖ ҳусусий корҳонасининг 100%ли улуш мулкдори, Буюк Британиянинг “TERNESY DEVELOPMENT LP”компаниясининг тўлиқ мулкдори, шу компания орқали 657 нафар ишчи-ходимлар ишловчи “Гулистонэкстрактёғ” Ажнинг 21% улуши билан таъсисчиси, 99 нафар ишчи-ходимлар ишловчи “ PAXTAKOR SIFAT YOG” МЧЖ қўшма корҳонасининг ҳамкори ҳисобланади.

Ҳурматли президентимиз Ш.Мирзиёев ўз маърузаларида аҳолини ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратиб, иккитагина иш ўрни яратган одамни бошимга кўтараман, деб таъкидлаб турган бир пайтда минглаб одамларни иш билан,маош билан таъминлаб, шунингдек, уруш ва мехнат фахрийлари пансионатига, 1-сонли ногирон болалар уйига, Шайхонтохур туман “Бўстон” МФЙдаги 23 та кам таъминланган оилаларга ҳайрия ёрдамлари кўрсатиб келаётган тадбиркорни қалбаки хужжатлар билан сохталаштирилган жиноят иши билан озодликдан маҳрум қилиш аҳоли ўртасидан негатив ва ноҳуш ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин.

Ишдаги аниқланган ҳолатларга кўра, 2018 йил 22 январь куни кеч соат 1900ларда .Ш.Умаровнинг Беруний кўчасида жойлашган офисига Тошмент шахар ИИББ ЖҚБ ва Шайхонтохур туман ИИБ ЖҚБнинг ходимлари “Маска Шоу”чилар биргаликда бостириб кирганлар. Мана шу дақиқадан бошлаб шу бинода бўлган барча фуқароларга нисбатан, айниқса, Ж.Ш.Умаровга нисбатан қийноқлар ва хўрликлардан иборат қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар бошланган.Жумладан:

1. Шу куни офисга оддий гиёҳванд(наркоман)ларни ушлаш учун “Маска-Шоу” билан бостириб киришга зарурат бормиди?

2. Қандай тезкор хабар бўлганки, уни текширмасдан, ўрганмасдан бинодаги Ж.Ш.Умаровга алоқаси бўлмаган бошқа фуқароларни ҳам 2-3 соат давомида полга ётқизилган ҳолатда ушлаб туришган, кейин ИИББга олиб келишган?

3. Нима учун ушланган шахсларнинг шахсий буюмлари,хужжатлари,телефонлари олиб қўйилганлиги хақида биронта ҳам расмий хужжат тузилмаган.

4. 2018 йил 22 январь соат 1900ларда ушланган Ж.Ш.Умаров 2018 йил 25 январь осат 0200ларда қўйиб юборилган, яъни 55 соат давомида ушлаб турилган.

5. Уни қўйиб юбориш ҳвқида қарор чиқарилган, аммо қўйиб юбришмаган. Шу ернинг ўзида, 2018 йил 25 январь соат 0230да Ж.Ш.Умаровни қайтадан ушлашган.

6. Жиноят процессуал қонуни нормаларига кўра, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар бўйича асосий исботлаш масаласи ашёвий далилни олиш ҳамда иш якунидан манфаатдор бўлмаган бетараф ҳолисларни сўроқ қилиш баённомаси ҳисобланади. Иш материалларидан яққол кўриниб турибдики, ҳолислар Х.Тахиров ва Х Тураевлар 2018 йил 29 ва 30 январь кунлари сўроқ қилинган, гумонланувчи Ж.Ш.Умаровга эса 2018 йил 24 январь куни айб эълон қилинган, яъни, ҳолислар сўроқ қилинмасдан, шахснинг айби қонунда белгиланган тартибда исботланмасдан туриб унга айб эълон қилинган.

7. Айбланувчи Ш.Ж.Умаров шундан кейин 2018 йил 25 январь соат 0200ларда қўйиб юборилган ва 02 30ларда қайтадан ушланиб унга қамоққа олиш эхтёт чораси қўлланилган.

8. Бунга асос қилиб гумонланувчи Ш.Ж.Умаровнинг ўз айбига иқрорлик билдириб ёзиб берган тушунтириш хати асос қилиб олинган. Ҳолбуки, ЖПКнинг 23-моддаси, айбсизлик презумпцияси моҳиятига кўра, ушланган шахснинг ўз айбига иқрорлик билдирганлиги унга айб эълон қилиш учун асос сифатида олиниши мумкин эмас.

9. Ж.Ш.Умаров билан бир бинода бўлган 11 нафар шахсларнинг барчасига қонунга хилоф равишда қўпол муомалада бўлинган, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати поймол қилинган. Қўйиб юборилаётган пайтда улардан лоақал инсонийлик нуқтаи назаридан узр сўралмаган.

10. Улардан фақат тушунтириш хатлари олинган бўлиб, улар ўз тушунтириш хатларида Ж.Ш.Умаров гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилишини билмаганликларини, шунингдек, биронта одамга гиёҳвандлик воситасини берганлиги, сотганлиги ёхуд сотмоқчи бўлганлиги ҳолатларини кўрмаганлигини ёки эшитмаганлигини баён қилишган, аммо терговчилар ушбу ҳолатни эътиборга олишмаган.

11. Иш материалларидан аниқланган ҳолатларга кўра, Тошмент шахар ИИББ ЭКМнинг 2018 йил 22 январь куниидаги № 2/64-сонли ҳулосасига кўра, Ж.Ш.Умаровдан олинган моддалар (№ 1,2,3-рақамли объектлар) таркибида “опий” гуруҳига мансуб бўлган гиёҳванд алкалоидлар-морфий, кодеин, тебаин мавжуд бўлиб, бу моддалар “ОПИЙ” деб аталиши ва уларнинг умумий оғирлиги 9,97 граммни ташкил қилиши кўрсатилган.

Шунингдек, Ж.Ш.Умаровнинг офисида иш столидан олинган иккита чашкадаги суюқлик моддалари (№ 4,5-объектлар) таркибида “опий” гуруҳига мансуб бўлган гиёҳванд алкалаоидлар – морфин, кодеин, тебаин мавжуд бўлиб, уларнинг умумий оғирлиги (0,12+0,13)= 0,25 грамм эканлиги аниқланган. Агар тадбир соат 1900да ўтказилган бўлса, эксперт қачон улгурган.

12. Терговчилар томонидан бир қатор қонун нормалари қўпол равишда бузилган бўлишига қарамасдан, мазкур жиноят иши бўйича қонун устиворлигини таъминлаш, қонунларни аниқ ва тўғри ишлатилишини назорат қилиш маъсулиятини ўз зиммасига олган Тошкент шахар прокурори ўз хизмат вазифасига совуққонлиги, давлатимиз раҳбари томонидан ўзига билдирилган юксак ишончни суиистеъмол қилиши, инсонлар тақдирига бепарволиги, лоқайдлиги, амалдаги қонунларимизни менсимаслиги ёки билмаслиги оқибатида айблов ҳулосаси билан келган жиноят иши материалларини синчковлик билан ўрганмасдан, ҳар томонлама текширмасдан, ЖПКнинг 384-моддаси, айблов ҳулосаси билан келган жиноят иши юзасидан прокурор ҳал қилиши лозим бўлган масалаларни ҳал этмасдан ,ноқонуний йўллар билан ўта сифатсиз ва пала-партиш тайёрланган жиноят иши материалларини шошма-шошарлик билан барвақт Олмазор туман судига юборган.

13. Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди томонидан ЖПКнинг 395-моддаси талаби асосида ўз иш юритувига қабул қилиниб, жиноят ишини судда кўриш чоғида аниқланиши ва ҳал қилиниши лозим бўлган ҳолатларни, жумладан, ЖПКнинг 396-моддаси талаблари:

– Ишни тугатиш ёки тўхтатишга сабаб бўладиган ҳолатлар йўқми;
– Ишни суд мажлисида кўрилиши учун асослар етарлими;
– Суриштирув ва дастлабки тергов ўтказиш чоғида ЖПК талаблари бажарилганми;
– судланувчи хақиқатдан ҳам ЖКнинг айблов ҳулосасида кўрсатилган моддалари билан малакаланадиган жиноят аломатларини содир этганми;
– Агар содир этган бўлса, уни жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўладиган жиноят таркиби иш материалларида етарли ва ишончли далиллар билан шакл-лантириб берилганми шу ва шу каби иш юзасидан хақиқатни аниқлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар судья томонидан жиноят-судлов тергови бошлангунга қадар аниқланиши лозим бўлган ҚОНУН талаби бўлиб, бажарилиши ШАРТ эди.

Акс ҳолда, юқорида кўрсатиб ўтилган қонун бузилишлари ҳолатларига ҳолисона ҳуқуқий баҳо бермасдан туриб, жиноят ишини суд томонидан иш юритувига олиниши мутлоқо ноқонунийдир.

Юқоридагилардан яққол кўриниб турибдики, дастлабки суриштирув-тергов жараёнида терговчилар томонидан Инсон ҳуқуқлари Умумжахон Декларацияси, Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа Конвенцияси, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пакт, қийноқларга қарши Конвенция, шунингдек, бошқа хужжатларда белгилаб қўйилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган талаблари мутлоқо бажарилмаган, ЖК ва ЖПК нормаларига, шунингдек, Олий суд Пленуми қарорларида белгилаб берилган раҳбарий тушунтиришларига мутлоқо риоя қилинмаган.

Суд тергови жараёнида гувох сифатида сўроқ қилинган Х.Тахиров ва Х.Тураевларнинг кўргазмаларида жиддий қарама-қаршиликлар мавжуд эканлиги аниқланган. Уларнинг кўргазмалари ишдаги ҳақиқий ҳолатларга мутлоқо зид бўлиб, бир-бирини инкор қилади. Ҳусусан:

– Ҳолис Х.Тахиров хонага аввал Х.Тураев кирганлигини айтган бўлса, Х.Тураев хонага кирганда у ерда яна бир ҳолис Х.Тахиров ҳам ўтирганлигини кўрганлигини баён қилган.
– Шунингдек, ҳар иккала ҳолис Ж.Ш.Умаровни хожатхонада ўтирганлигини, ўша ерда гиёҳванд моддасини истеъмол қилганлигини, кейин уни хожатхонага ташлаб юборганлигини кўрганлигини, шундан кейин уни унитаздан олишганлигини айтиб кўргазма берган. Ваҳоланки, офисга кирганда хожатхонанинг ички қисми ва унинг ичида ўтирган одам кўринмайди;
– Бундан ташқари, ҳолис Х.Тахиров оператив ходим А.Махмудов билан ўзаро яқин таниш эканлигини, шу куни ҳам бир неча марта телефон орқали мулоқотда бўлганлигини судда баён қилган ва ишда манфаатдор шахс эканлигини ўзи тасдиқлаган;
– Гувоҳ А.Ташходжаев Тошкент шахар ИИББга олиб келинганда ўзига ҳам жисмоний куч ишлатилганлигини, Ж.Умаровнинг оғриқдан “ўлиб қоламан” деб бақирганлигини эшитганлигини айтиб кўргазма берган.
– Шунингдек, адвокатлар киритган илтимоснома бўйича қайта ўтказилган суд-тиббий экспертизаси Дж.Умаровга нисбатан қийноқлар қўлланилганлигини тасдиқлаган;
Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг 2018 йилнинг 14 март кунидаги хукмига кўра, судланувчи Ж.Ш.Умаров Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 276-моддаси 2-қисмининг “а ”банди билан айбланиб, унга нисбатан 34.448.000(ўттиз тўрт миллион тўрт юз қирқ саккиз минг) сўм жарима жазоси белгиланган.

Аммо Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари адлия катта маслаҳатчиси С.С.Саидкаримов Ж.Умаровнинг ҳарактларида 0,12 грамм гиёҳванд моддасини А.Улжаевга текинга ўтказиш мақсади бўлганлиги ҳақидаги важлар билан биринчи инстанция суди хукмини бекор қилиб уни қайта судга юбориш тўғрисида протест киритган.

Бош прокурор ўринбосари 2018 йил 30 март куни протест киритган, шу куни иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шахар суди кассация инстанциясида кўриб чиқилган, Ж.Умаровнинг ўзи ҳам, адвокатлари ҳам судда иштирок этмаган, суд томонидан қандайдир А.Алимқулов Ж.Умаровнинг адвокати сифатида иштирок этган(ваҳоланки, Ж.Умаровнинг ҳимоячилари томонидан судга илтимоснома киритилган) ва иш Олмазор туман судига бошқа таркибда кўриб чиқиш учун қайтарилган.

Бундан кўриниб турибдики, Бош прокурор ўринбосари ушбу жиноят ишида йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф қилиш ўрнига ишни баттар чигаллаштиришга уринган. Ж.Умаровни қўлга олиш пайтида чашкадаги бармоқ излари олинмаган, дактилас-копик экспертизаси ўтказилмаган, А.Улжаевнинг ўзи ҳам наркология диспансери кўриги-дан ўтказилмаган.(нима учун Бош прокурор уринбосари шошма-шошарлик билан протест киритганлиги сабабларини воқеалар жараёнида билиб оласиз )

Юқоридагилардан яққол кўринадики, терговчилар томонидан жиноят иши материал-лари ўта сифатсиз ва пала-партиш тайёрланган, қўпол қонун бузилишлари ҳолатларига йўл қўйилган, дастлабки суриштирув ва тергов жараёнида руҳий қийноқ ва жисмоний азоблаш усуллари қўлланилган, буюртма асосида қалбаки хужжатлар билан жиноят иши сохталаштирилган.

Ушбу жиноят иши буюртмачилари, ташкилотчилари ва ижрочилари бу қилмишлари учун жазосиз қолишларини аниқ билганлари ҳолда виждонсизларча йўл тутганлар – ўта сурбетлик ва пасткашлик билан ҳаракат қилиб, сохта далиллар асосида мутлоқо айбсиз фуқарони жиноий жавобгарликка тортганлар.бундан кўриниб турибдики, Бобмурод Абдуллаев ва Аббосхон Ходжаев ишида юзага чиққан ноҳуш ҳолатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида ҳали-ҳануз фаолият юритиб келаётга нопок кимсаларга сабоқ бўлмаган кўринади.

Кайта тайинланган суд-тиббий экспертизаси бизнесмен Джахонгир Умаровга нисбатан кийноклар кулланилганлигини тасдиклаб, шу хакидаги ҳулосасини берган. Мана шу холатни ўзи Дж.Умаровга нисбатан кўзғотилган жиноят ишини бекор қилиб, уни тугатиш учун етарли эди.Шу ўринда Ўзбекистон президенти суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш юзасидан сўзлаган маърузаларида “…..агар дастлабки терговда қийноқлар қўлланилганлиги ҳолатлари аниқланиб, ўз тасдиғини топса, бундай йўллар билан олинган далиллиар номақбул деб топилиб, жиноят ишини бекор қилинишини ва қийноқларни қўллаган шахслар, у ким бўлишидан қатъий назар жавобгарликка тортилишини ” таъкидлаб ўтган эди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари ўз чиқишларининг бирида “….агар кимки лоақал иккита фуқарони иш билан таъминласа, мен уни бошимга кўтараман”, деган маънода гапирган эди. Аввалги президент ҳам шу каби ўта ширали ва ёқимли гапларни кўп ва ҳўп гапирар эди, аммо амалда шуларнинг акси бўларди.

Бундан ташқари, ушбу жиноят ишини сохталаштиришда, ташкил қилишда ва ижро этишда фаол иштирок этган Тошмент шахар ИИББ ЖҚБ катта тезкор ходими судда берган кўргазмасида ушбу жиноят иши ҳақиқатдан ҳам буюртма асосида уюштирилганлигини, наркотик моддасини шахсан ўзи ташлаб қўйганлигини тан олган.

Бундан ташқари, жиноят-судлов тергови жараёнида дастлабки терговда кўплаб жиноят-процессуал қонуни номалари қўпол равишда бузилганлиги ҳолатлари аниқланган.

Бундан ташқари, бу жудаям муҳим, шу ишни буюртмачиси аниқланган. Аммо шундай бўлсада, жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди раиси Зафар Бобонов мислсиз “мардлик ва жасорат” намунасини кўрсатган. Буюртмачидан катта миқдорда “соққа” олган Бош прокуратурадаги порахўрарни шаънини сақлаб қолиш учунгина ўзини фидо қилган – мутлоқо айбсиз фуқарога нисбатан айблов хукмини ўқиган.

Бу билан у нафақат қонунларимизни оёқ ости қилган, балки энг асосий қонун – Конституцияга тажовуз қилган, қолаверса, Конституция ва қонунлар устиворлигини гаранти бўлган мамлакат президентини Халқаро ҳамжамият кўз ўнгида обрўсизлантирган.

Улар давлатимиз раҳбари олиб бораётган оқилона ва одилона давлат сиёсатини, шу жумладан, суд-ҳуқуқ тизимидаги демократик ислоҳотларни ё тушунмайдилар, ёки менсимайдилар ёхуд уларнинг бундай хатти-ҳаракатларини Ўзбекистон президентига қарши қаратилган саботаж ёки фитна, шунингдек, одил судловга карши содир этилган жиноят деб баҳолаш мумкин.

Ҳуқуқий демократик давлатларда эркин ва озод фуқаролар ўзларининг шахсига, молига, жонига қилинган тажовузлардан ишончли ҳимоя қилинган. Бу давлатларда ҳар бир фуқаро ўзининг шаънига, ҳуқуқ ва эркинликларига қилинган тажовузлардан давлат томонидан ишончли ҳимояланган.

Адолатли суд ва ҳақиқат бўлмаган жойда давлат қароқчилар тўдасига айланади, яъни, в отсутствии правосудия и справедливости государство превращается в шайку разбойников. Демак,мамлакат президенти ўзини милиция, суд ва прокуратура деб атовчи босқинчилар тўдасининг қўлига қурол бериб, уларни меҳнаткаш халқ ҳисобидан молиялаштириб, уларнинг баъзи жирканч ишларига, ҳаромхўр кимсаларнинг буюртма ишларини амалга ошириш учун имкон яратиб бериб, жиноятларига кўз юмиб кетар экан, ўзининг конституцияда белгилаб берилган ваколатларини бажармас экан, ўзининг ғурурини, оиласининг шаъни ва ор-номусини ҳурмат қиладиган, ҳимоя қиладиган ҳар қандай инсон давлатчилик тарихида бўлгани каби, ўзини ўзи ҳимоя қилиш гурухлари, яъни, “отряды самообороны” тузишга мажбур бўлади ва шундай қилади ҳам.

Шундан кейин бу қароқчилар тўдаси кўчадаги дайди қанжиқ лайчалар каби “экстремист, террорист” дея ёппасига аккиллашга тушади. Ахир, ижтимоий ҳимоя таъминланмаган юртда, ижтимоий адолат бузилган юртда экстремизм пайдо бўлиши хозирги кунда мактаб ўқувчисига ҳам аёнку!!

Ижтимоий ҳимояни таъминлаш, ижтимоий адолатни тиклаш эса давлат зиммасидаги асосий вазифалардан бири.

Вақтлар келади, милиция, прокуратура, МХХ ва суд томонидан содир этилаётган жиноятлар юзасидан хақиқат юзага чиқади, адолат қарор топади, айбсиз инсонларга ноҳақ етказилган руҳий азобларни, жисмоний қийноқларни, маънавий зарарни ҳеч ким, ҳеч қачон ва ҳеч нарса билан қоплаб беролмайди. Аммо, суд хатолигини бартараф этишга, милиция, прокуратура ва суд ўзбошимчалигига (судебный произвол и беспредел) барҳам беришга ҳали ҳам кеч эмас.

Бу улусни бор қилиб,зўр айлади обод этиб,
Лек ўзи ўз-ўзларин хўр айлади кам ёд этиб,
Гоҳи манқурт бош бўлиб, кўр айлади бедод этиб,
Бизни Ҳақ ҳур айлади, нур айлади озод этиб,
Ҳар тарафга қулф уриб, қўрғон билан овворамиз.

Макру алдов бошқадир, ким- бевафолиқ ўзгадир.
Бедаволиқ бошқа тургай,бенаволиқ ўзгадир.
Англасанг: қуллик бўлакдир, жон фидолиқ ўзгадир,
Чин ҳақиқат йўли бошқа, чин вафолиқ ўзгадир,
Ҳақ қолиб, Ҳаққон қолиб, ёлғон билан овворамиз. (Дилмурод Саид. 25.11.2002 й)

Аъзам Турғунов
Мустақил ҳуқуқбон,журналист.
25.08.2018 йил.

facebook.com