Урганчда Бобожоновларга тегишли уй-жой мусодара қилинмоқда

Урганчда Бобожоновларга тегишли уй-жой мусодара қилинмоқда
29 views
29 August 2018 - 17:38

Урганч туман фуқаролик суди сиёсий муҳожирликда яшаётган журналистлар, Бобожоновлар оиласига тегишли кўчмас мулкни давлат ҳисобига ўтказиш ҳақида ажрим чиқарган.

Суд бу ишни Урганч туман ҳокимиятининг мазкур турар жойларнинг қаровсиз ва эгасиз қолгани ҳақидаги аризасига мувофиқ кўриб чиққан. “Озодлик” радиоси журналисти Шуҳрат Бобожонга кўра, уйнинг қаровсизлиги ҳақидаги ариза асоссиз, ҳокимиятнинг қарори эса унинг ва укаларининг журналистик фаолияти билан боғлиқ.

Фуқаролик судининг кўчмас мулк бўйича мажлиси шу йилнинг январ ойида ўтган, аммо яқинга келибгина қарор журналистнинг Хоразмда яшаётган укаси Ғайрат Бобожоновга тақдим этилган.

Ажримда Қоровул қишлоғи, Аллаберганов кўчаси 11-уйда жойлашган турар жой Урганч ҳокимлиги балансига ўтказилсин, дейилади. Шунингдек, бу уйда ҳеч ким яшамаслиги, рўйхатда турмаслиги, қаровсиз ҳолдалиги, эгалик ҳуқуқи белгиланмагани ва давлат рўйхатидан ўтказилмагани кўрсатилган.

Швецияда сиёсий муҳожирликда яшаётган журналист, “Елтуз. cом” нашри муҳаррири Қудрат Бобожонга кўра, бу манзилдаги уй унга ва укаси Ғайрат Бобожоновга тегишли.

“Ажримда бу уйни эгасиз деб ёзилган, аммо уй эгасиз эмас. Катта ҳовли, пишиқ ғиштдан қурилган, девор билан ўралган, эгасиз эмас. Бу ҳовлида иккита уй жойлашган, ажрим укам Ғайратни номига келган. Укам билан менинг уйим битта участкада. Газ, электр ўтказилган, сувоқдан чиққан, икки қаватли уй. Фақат менинг уйимни бир қавати кўтарилган. Ажрим укамга келган, улар нима қилишмоқчи, бизни ҳайдаб чиқаришмоқчими, қасд олишмоқчими, ҳозирча тагига етмадик. Чамамда туман ҳокимлигини ўзи қандайдир ўйинларни бошлаб қўйган. Уйни гўёки қаровсиз қолган дейишмоқда, аслида у ерда укам болалари билан яшаяпти. Мени набираларим бор, биз ҳали ўлиб кетганимиз йўқ, Швециядамиз, хабар қилингани йўқ. Бу ер участкаси бизга ҳокимлик томонидан 1992-йилда берилган эди, ўшанда қурилишни бошлаб кўтарган эдик”, – дейди Қудрат Бобожон.

Қудрат Бобожон фарзандлари билан, 2005-йил

Ҳокимият аризасига кўра, тумандаги яна бир уй-жой Бобожоновларнинг каттаси, “Озодлик” радиоси журналисти Шуҳрат Бобожонга тегишли уй ҳам худди шу сабаблар, қаровсиз қолгани, эгасизлиги учун давлат ҳисобига ўтказилмоқда.

Шуҳрат Бобожонга кўра, журналистларга тегишли уйни, хусусий мулкни маҳаллий ҳокимият аризасига кўра давлат ҳисобига ўтказилаётганини касбий фаолиятга боғламаслик қийин.

“Менга оид хусусий мулкни, ўқитувчи бўлиб ишлаган пайтларимда ижроқўмни қарори билан берилган участкани қаровсиз қолди деган баҳона билан тортиб олишяпти. Укам Ғайрат Бобожонов, у ҳам пахтадаги мажбурий меҳнатга доир мақолалар қилган, бунинг ортидан чиқиш визасидан маҳрум қилинган эди. Унинг уйини ҳам ҳеч ким яшамайди деган рўкач билан тортиб олишмоқчи, бўлмаса ўша уйда тўй қилган, келин туширган, болалари билан яшаётган эди. Бундан ташқари укам Қудрат Бобожонга тегишли уйни ҳам мусодара қилиш ҳақида қарор чиқаришган. Мен журналистман, касбим фаолияти давомида вилоятдаги амалдорлар, ҳокимият ҳам танқид остига олинади. Укам Қудрат ҳам шундай журналистика билан шуғулланади, Ғайрат эса пахта кампаниясидаги репортажлари учун тақиққа учраган эди. Демак, бу маҳаллий мулозимларнинг журналистларни қўрқитишга, таҳдид кўрсатишга қаратилган механизми, деган хулоса чиқмоқда”, – дейди Шуҳрат Бобожон.

Бобожоновлар бир неча йиллар аввал тазйиқлар боис Ўзбекистонни тарк этишган. Шундан буён хорижда яшаб, журналистика фаолияти билан шуғулланиб келишади.

Манба: amerikaovozi.com