Кремлпараст нашрлар ҳам Каримовнинг гўрига ғишт қалашни бошлабди

Кремлпараст нашрлар ҳам Каримовнинг гўрига ғишт қалашни бошлабди
61 views
30 August 2018 - 8:00

Кремлпараст нашрлар ҳам Каримовнинг гўрига ғишт қалашни бошлабди. (https://vesti.uz/karimov-vel-stranu-k-majdanu/)

Аъло Хўжаев – “Ташкентская правда” газетасининг собиқ бош муҳаррири, собиқ Давлат маслаҳатчиси Темур Алимовнинг куёви, собиқ Мудофаа вазири Қодир Ғуломовнинг қариндоши, собиқ Афғонистон президенти Нажибуллонинг сиёсий маслаҳатчиси.

Мақола буюртма эканига менда шубҳа йўқ, аммо Аъло ака Каримов ҳақидаги фикрини бир кунда ўзгартирган, деб ўйламайман.

Адолат ҳаққи айтиш керак, ҳар бир воқеага ўзининг нуқтаи назари бор, Каримов даврида ҳукумат газетаси бошида тургани ҳолда цензурага қарши ўзига хос йўлда курашган (цензура олиб ташлаган материалларни газета корпуси биносида стенд қилиб қўярди) журналист.

Темур Алимов маслаҳатчиликдан кетганидан сўнг, ҳокимиятдаги Ғафур Ғулом кланининг аъзоси сифатида Аъло Хўжаев ҳам эътибордан қолганди. Журналист сифатида ўз фикри ва тажрибасига қарамай, бу омил ҳам Каримов бошқарувининг охирги ўн йиллиги ҳақида Хўжаев позициясининг шаклланишига таъсир ўтказмай қолмаган, деб ишонаман.

2006 йилда кўришганимизда Андижон воқеалари ҳақида қизиқ нарсаларни айтиб берганди.

Айтишича, унинг қариндоши, Ғафур Ғуломнинг ўғли, Мудофаа вазири Қодир Ғуломов Андижонда Каримовнинг буйруғини бажаришдан (оддий халқни отишдан) бош тортган.

“Ислом ака, мен олим одамман, халқни отишга буйруқ беролмайман” деганидан кейин ўша ернинг ўзида Қуролли кучлар қўмондонлигидан четлатилган.

Аъло ака айтиб берган яна бир эпизод Ички ишлар вазири Алматов билан боғлиқ эди. Унинг айтишича, Каримов Андижондаги амалиётнинг энг қизғин палласида Хонободдаги сув омборини очиб юборишни таклиф қилган.

Алматов “агар сув омборни очсак, бутун водий сув остида қолади”, деб Каримовни бундай радикал қадамга бормасликка кўндирган экан.

Бу Аъло Хўжаевнинг сўзлари. Ҳақиқат қандай бўлганини Ғуломов ва Алматовлар билишади, албатта.

Кремлга ориентация билан ёзилганини ҳисобга олмаганда, мақоладаги кўп гап ҳақиқат. Аммо афсуски, жуда ҳам кечиккан ҳақиқат.

Паҳлавон Содиқ

facebook.com