Қачон холис, қачон мухлис бўламиз?

Қачон холис, қачон мухлис бўламиз?
103 views
30 August 2018 - 8:06

Ҳозир ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қоладиган замонми? Аллоҳга шукр, сиёсий очиқлик, ижтимоий ошкоралик кунларида яшаётирмиз – ҳеч қандай қинғир-қийшиқлик ё қаллоблик яширин қолмайдиган бўлаётир…

Иброҳим ҲАҚҚУЛ
ҚАЧОН ХОЛИС, ҚАЧОН МУХЛИС БЎЛАМИЗ?
Адабий-танқидий ўйлар

Иброҳим Ҳаққул Бухоро вилояти, Шофиркон туманида туғилган.ЎзР Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг бўлим бошлиғи, филология фанлари доктори Мумтоз ва замонавий адабият тадқиқига бағишланган «Бадиий сўз шукуҳи», «Занжирбанд шер қошида», «Шеърият — руҳий муносабат», «Абадият фарзандлари», «Тасаввуф ва шеърият», «Тақдир ва тафаккур», «Навоийга қайтиш», «Мерос ва моҳият» каби китоблари чоп этилган. Олимнинг айрим мақола ва китоблари турк, уйғур, озарбайжон, тожик ва рус тилларига таржима қилинган.

Шу йил август ойининг аввалида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида форс-тожик адабиётининг буюк намояндаси, Алишер Навоийнинг беқиёс дўсти ва устоди Абдураҳмон Жомийнинг она тилимизда босилган “Муҳаббат махзани” (Тошкент, 2018) деб номланган китобининг тақдимоти ўтказилди. Қарийб тўққиз юз саҳифалик ушбу мажмуа эътиборни бир қарашдаёқ ўзига жалб этади: муқова чиройли, қоғознинг сифати юқори, нақш ва безаклар ҳам жуда нафис.

Абдураҳмон Жомийга ўхшаш ориф зотларга ва ҳақиқат дарғаларига бағишланган ҳар бир иш, ҳар бир йиғинда, энг аввало, ростлик ва холисликдан чекинмаслик керак. Инсон боласи амал қилиши шарт бўлган кўп ҳақиқатларни Жомий айтиб кетган. Мана, улардан бири:

Дилинг, тилинг, юзинг бўлсин бир,
Икки юзлилардан доим йироқ юр.

Эсимда, 2014 йил Республика тожик миллий-маданий марказининг саъй-ҳаракати билан Жомий ҳаёти ва ижодиётига доир илмий конференция ўтказилиб, ўн бешга яқин маъруза тингланган эди. Маърузачилар орасида ўзбек ва тожик адабиётининг билимдонлари – профессорлар Ҳамиджон Ҳомидий, Ҳасан Қудратуллаев, фан номзодлари Каромат Муллахўжаева, Дилнавоз  Юсупова кабилар бор эди. Ёш навоийшунос ва жомийшунос Олим Давлатовнинг ташаббуси билан “Абдураҳмон Жомийнинг ижод олами” (Тошкент, 2014) номли мақолалар тўпламининг чоп қилиниши нур устига нур бўлганди.

Мени ажаблантиргани  юқорида номлари тилга олинган олимлардан бирортаси ҳам негадир тақдимотда кўринмади. Йиғилиш иштирокчиларининг кўпчилиги аслият нари турсин, ҳатто таржимада Жомийни ўқиш малакаси ва майлидан йироқлигини билиш қийин эмасди.

Хуллас, тақдимот мажлисини Ёзувчилар уюшмасининг раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид бошлаб, мавзуга дахлдор баъзи фикр-мулоҳазаларини кўтаринки бир тарзда ўртага ташлади. Гап асносида у бир неча бор “устоз”, “устозимиз” дея Абдулла Ориповнинг исми шарифини тилга олиб, баъзи байт ва мисраларини ёддан ўқиди. Мен эса марҳум шоирнинг умри охирларида ёзган айрим шеърларини ва улардан биридаги мана бу мисраларни хотирладим:

Амалдорга суйкалган, эй, сен ялтоқи шоир,
Дастлаб сени едирмоқ керакдир кўппакларга.
Сохта фикр ясашнинг устаси сенсан моҳир,
Чумолини фил дея кўтардинг юксакларга.

Гарчи бундай дейишга тўла ҳаққи ва маънавий ҳуқуқи бўлмаса-да, Абдулла Орипов ҳақиқатни ёзганди. Амалдорга суйкалиш, “сохта фикр ясаш” кўп навқирон шоирларни ўзаро яқинлаштириб, ҳамжиҳат айлаган бир тамойил бўлиб қолгани ушбу йиғинда ҳам яққол кўринди.

“Муҳаббат махзани”нинг охирида Жомийнинг турли жанрдаги асарларини ўзбек тилига ўгирган Ғафур Ғулом, Васфий, Боқир, Анисий каби йигирмага яқин таржимоннинг номи қайд этилган. Улар орасида на исми шарифи, на таржимаси кўпчиликка маълум бўлмаганлар ҳам, қандайдир бир баҳона билан таржимага қўл урганлар ҳам бор. Аммо четлатиш ёки меҳнатидан кўз юмиш мумкин бўлмаган мутаржим йўқ. Унинг таржималаридан номига бўлса ҳам намуна олинмаган. Бундай бўлишига аввал ишонмадим. Сўнг билдимки…

Мустақилликдан кейин юртимизда Абдураҳмон Жомий ижодиётига қизиқиш сусаймаслиги ва янги таржималарга эҳтиёж борлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистон халқ шоири, буюк Аттор, Мавлоно Румий, Навоий — Фоний шеъриятининг таржимони Жамол Камол билан бир сайланма чиқаришни ният қилдик. Жамол ака Жомий девонларидан танланган ғазалларни таржима этадиган бўлди ва ишга киришиб, бир неча ой мобайнида элликмас, юзмас, икки юзта ғазални она тилимизга ўгирди. Рубоий, қитъа ва ҳикматлар таржимасини филология фанлари номзоди, таржимон Эргаш Очиловдан илтимос қилдим. У ҳам ишни чўзмасдан, таржимасини вақтида топширди. Хуллас, “Гулшанингда сўлмасин гул” номи билан чиққан (Тошкент: “Фан”, 2008) сайланмага “Руҳ ва маъно сарбони” деган каттагина сўзбоши ёздим.

Унда мана бундай фикр ҳам бор: “Илм-маърифатли халқ кимни севиш, кимларга ишониш, нимани ардоқлаш, нимага интилишни билишда унчалик хато қилмайди. Абдураҳмон Жомийнинг илмий-адабий мероси қадим-қадимдан ўзбек халқини қизиқтирган, ўқиб-ўрганишга иштиёқ уйғотиб келган. Ўн бешинчи ва ундан кейинги асрларда адабиётда ном қозонган бирор-бир шоиримиз йўқки, Жомий шеърият мактабидан сабоқ олмаган бўлсин. Бу – тўхтаб қолмайдиган жараён. Бу – маҳдудлик, якровлик, ҳар турли товламачиликдан ҳамиша ғолиб чиқадиган интилиш…” (“Гулшанингда сўлмасин гул”, 19-бет).

Кейинги жумлани ёзишда шошилганимни “Муҳаббат махзани”даги “Тузувчи, масъул муҳаррир, илмий-тасаввуфий шарҳлар муаллифи Мирзо Кенжабек” деган ёзувни ўқигач, билдим. Жамол Камол таржималарининг киритилмаслик сабабини ҳам англадим. Бу тўғрида Мирзо Кенжабекдан бир нима сўраш бефойдалигига инониб, китобни нашрга тайёрловчилардан бири – Эргаш Очиловдан гап нимадалигини билиб олишга уриндим. Образли қилиб у:

— Иморатни мен тикловдим, унинг ичкарисини хоналарга бўлиб, ўзлариникига айлантириб олишди ва мени ҳам четлатишди. Жамол Камол таржималаридан кўз юмиш инсофдан эмаслигини айтдим. Ҳатто Жомий достонларининг бошқа таржималарини эслатдим – қулоқ солишмади…, — деди.

— Тушунарли… – дедим.

Ҳозир ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қоладиган замонми? Аллоҳга шукр, сиёсий очиқлик, ижтимоий ошкоралик кунларида яшаётирмиз – ҳеч қандай қинғир-қийшиқлик ё қаллоблик яширин қолмайдиган бўлаётир.

Тақдимотдан бир кун ўтиб, пойтахтда “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётни Халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Конференция иштирокчилари учун ташкил қилинган тушликда академиклар: Наим Каримов, Тўра Мирзаев, атоқли адиблар: Эркин Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад ва яна бир неча киши бир стол атрофида ўтирдик. Гап айланиб тақдимотга тақалганда, адабиётшунос Шуҳрат Ризаев мендан “Жамол аканинг таржималари нега киритилмабди китобга?” — деб сўради.

— Буни мендан эмас, Сирожиддин Саййид ва Мирзо Кенжабекдан сўраш керак. Лекин кеча Жамол Камол “қора рўйхатда” дея гап ҳам тарқатишибди, — дедим.

— Қанақа қора рўйхат? Бўлмаган гап, — деди Шуҳрат.

— Ҳа, яшанг. Шу йил баҳордан буён Юнус Эмронинг таржима тўплами, “Янги аср авлоди” нашриётидан олти жилдлик сайланмасининг икки китоби чиққан шоирни “Қора рўйхат”да деб бўладими? Демак, уюшмада аллақандай рўйхат сақланиб қолгандир,- дедим. Шунда Тўра Мирзаев гапга аралашди:

— Кеча тушдан кейин Ёзувчилар уюшмасидан менга телефон қилиб, эртага, яъни бугун Низомий номидаги педагогика университетида Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси раиси Анор билан ижодий учрашув ўтказилиши, унда мен ҳам гапиришим лозимлигини айтишди. Мен эса, бу иш озарбайжон адабиётини яхши биладиган фалончи олим ва Низомий “Хамса”сини ўзбекчалаштириб, уч достонни нашр эттирган шоир Жамол Камолга топширилгани мақбуллигини айтдим. Ҳалиги йигит: “Топшириқни бажаришдан бошқасига аралашолмайман”, — деди. Лекин Жамол бугун ҳам кўринмади, дея сўзини тугатди Тўра ака.

Жамол Камол ўртамиёначи ё ҳарфхўр таржимон бўлганида Мавлононинг олти жилдлик “Маснавий”си учун у 2007 йилда Эрон Ислом Жумҳуриятининг Халқаро Давлат мукофоти билан тақдирланмасди. Таржимонлик фаолиятини назардан соқит қилиб унга Туркия Республикасининг “Турк дунёсига қилган хизматлари учун” мукофоти берилмаган, албатта. Ёзувчилар уюшмаси ёки бошқа муассасаларда қанақа китоблар тақдимоти ўтказилмади, дейсиз? Улардан айримларида иштирок этиб, кўтар-кўтар ва мақтовдан умуман ҳафсалам пир бўлган.

В.Шекспир драмаларининг уч жилдлик таржимаси нашри мунособати билан Буюк Британия Қироличаси Елизавета II Жамол Камолга ташаккурнома йўллади (у матбуотда босилди). Шундан кейин ҳам Ёзувчилар уюшмасидаги таржимашунослар чурқ этиб оғиз очишмади.

Жамол Камол қардош Озарбайжон ўлкасида ҳам дастлаб таржимон сифатида меҳр қозонган. Озарбайжон халқининг буюк шоири ва теран олими Бахтиёр Ваҳобзоданинг айрим шеърлари, Фузулий ҳақидаги “Шаби ҳижрон” достони ва дунёга машҳур мутасаввиф санъаткор Насимийга бағишланган “Фарёд” драмасини, айрим шеърларини таржима қилган. Унинг Бахтиёр Ваҳобзода, Халил Ризо, Аҳад Мирзо таржимасидаги “Қуёш чашмаси” китоби Бакудаги “Ёзувчи” нашриётида босилган. Озар адабиётининг моҳир таржимони, бир неча шоиру ёзувчиларининг дўсти деб тан олингани боис саксонга кириш муносабати билан бултур май ойининг охирида табаррук ёшдаги шоирни Озарбайжонга таклиф қилишган. Аввал Озарбайжон Фанлар академияси Низомий номидаги Адабиёт институтида “Жамол Камол ва озарбайжон адабиёти” мавзусида илмий конференция ўтказилиб, кейин унга Авроосиё университети фахрий доктори дипломи топширилган.

Янада қувонарлиси, Озарбайжон ёзувчилар бирлигининг раиси Анор муаллим раҳбарлигида ўтган йиғинда ўзбек шоири ва таржимонини уюшманинг фахрий аъзолигига қабул қилиниши эди.

Тошкентга келгач Анор муаллим Жамол Камолни суриштириб, тайинли жавоб ололмагач, қандай хаёлларга борганини бир тасаввур қилинг… Ахир, бу жуда хижолатли эмасми?

Қадим Хитой файласуфи Лао Эр “чиройли сўз – ёлғон сўз”, деган экан. Бу фикрга менда иштибоҳ йўқ ҳисоби. Негаки, атайин чиройли гапиришга, сўзни бўяб-бежаб ишлатишга ишқибоз ва “маҳорат” касб этган кимсаларнинг аксарияти ростликдан чўчиб, ё қочиб ёлғонга қучоқ очадиган кимсалардир. Бунақа беҳаёлик ва риёкорлик юртимизда йигирма биринчи асрда жуда авж олди. Тилнинг ҳаёси – тўғрилик деган тушунча деярли унутилди.

Дунёда қабоҳат ва жиноятнинг тури жуда кўп. Бироқ адабиёт ва адибнинг эркини бўғиб, йўлини тўсишдан ортиқ қабоҳат ва хиёнат йўқдай туйилади менга. Шунинг баробарида баъзи “темир” тўсиқ ва қора кучлар барҳам топгач, адабиётимиз жаҳондаги эркин, шижоатли, ҳақпараст ва мутараққий адабиётлар қаторига қўшилишига ҳам ишонгим келади.

21.08.2018 йил.
Дўрмон

Шу мавзуда яна:
Жамол Камол. Шеърлар & Хуршид Даврон. Кўкси куйик шоир
Фаридуддин Аттор. Мантиқут тайр & Илоҳийнома & Жамол Камол. Сафар дафтаридан & Абдураҳмон Пиримқулов. Атторга таъзим
Жамол Камол. Жамият ҳавосининг азон қатлами
Уилям Шекспир. Сонетлар. Жамол Камол таржималари
333 рубоий. Жамол Камол таржимаси.
Жамол Камол. Ҳалима Носировани эслаб.
Хўжа Ҳофиз Шерозий. Ғазаллар. Жамол Камол таржималари
Жамол Камол. Адабиёт — нурли сўз & Ражаббой Раупов. Миллатнинг ташриф қоғози