Транзит “Ўзбекистон Ҳаво йўллари”нинг монополиясими?

Транзит “Ўзбекистон Ҳаво йўллари”нинг монополиясими?
38 views
30 August 2018 - 11:49

Ўзбекистон 101 мамлакат фуқароларига визасиз киришларига, 5 кун мамлакатда бўлишларига рухсат бергани мамлакат ичкариси ва ташқарисида кўпчиликни қувонтирди.

Фақат транзит йўловчиларга “авиа чиптангиз “Ўзбекистон Ҳаво йўллари”никигина бўлиши лозим”, деб огоҳлантириб қўйиш лозим эди.

Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари матбуот хизмати тарқатган баёнотдан шу нарса аёнлашади.

ДХХ Чегара қўшинлари Хитой фуқароси Ге Хиапу билан Тошкентда юз берган ҳодиса борасида тушунтириш берган.

Маълум бўлишича, Ге Хиапу 23 август куни Бокудан Тошкентга борган, у “Ўзбекистон Ҳаво йўллари”нинг самолётида парвоз қилган.

Унинг ёнида 26 август учун Россиянинг “Ютэйр” авиаширкатининг Москвага парвози учун чиптаси бўлган.

Хитой фуқароси Тошкент аэропортида паспорт назоратидан ўтолмаган, уни кутиб турган инсонлар 26 август учун “Ўзбекистон Ҳаво йўллари” ширкатининг Тошкент-Москва йўналиши учун авиа чипта сотиб олишларига тўғри келган.

Шундан кейингина Ге Хиапунинг Ўзбекистонга киришига изн берилган.

У 26 август куни Москвада белгиланган учрашувига кечикмаслик учун яна “Ютейр” чиптаси билан Россия пойтахтига парвоз қилишга уринган.

Бироқ Тошкент аэропорти паспорт назорати Ге Хиапунинг яна Россия авиаширкати самолётида парвоз қилишига рухсат бермаган.

Ге Хиапу “Ўзбекистон Ҳаво йўллари”нинг авиачиптасини харид қилишга мажбур бўлган.

Ушбу ҳодисага изоҳ бераркан, Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари матбуот хизмати транзит йўловчилар ҳақидаги маълумотларни ўзларига фақат “Ўзбекистон Ҳаво йўллари” тақдим этишини, бошқа авиаширкатларнинг пассажирлари ҳақидаги маълумотга ҳозирча эга эмасликларини билдирди.

Ўзбекистон Чегара қўшинлари Президент Мирзиёевнинг электрон виза ҳақидаги қарорида транзит йўловчининг Ўзбекистонга кириш ҳуқуқини берадиган ҳужжати “Ўзбекистон Ҳаво йўллари”нинг авиа чиптаси ҳисобланиши белгилаб қўйилганини айтган.

“…жорий йилнинг 15 июлидан чегара назоратидан ўтишда транзит йўловчилар учун мамлакатга ҳеч қандай қўшимча тўловларсиз кириб чиқиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат юқоридаги қоида талабларига риоя этган ташувчининг транзит авиачиптаси саналади.

Айни пайтда чегара назорати учун йўловчилар тўғрисидаги маълумотни фақат “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК тақдим этади. Бошқа авиакомпаниялар, жумладан, “Ютэир” ҳам чегара назоратига бундай ахборотни тақдим этмайдилар, шу сабабдан 2018 йил 4 июлдаги қарор билан ўрнатилган нормалар ҳозирча уларнинг йўловчиларига нисбатан амал қилмайди.

ХХРнинг юқорида кўрсатилган фуқаросида Ўзбекистон Республикасининг визаси ёки чегара назоратига йўловчилар ҳақида маълумот берган ташувчи авиачиптаси йўқлиги ҳисобга олиниб, унга Ўзбекистон орқали транзит қилиш тартиби ва мамлакатда визасиз қолиш ҳақида тушунтириш берилган. Шу сабабдан, Ге Хиапуни кутиб турган шахслар “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг 2018 йил 26 август кунидаги “Тошкент-Москва” йўналиши учун авиачиптани харид қилишган, шунинг асосида у Тошкент шаҳрига визасиз чиқиш имкониятини қўлга киритди.

Мавжуд тартибга кўра, жаноб Генинг ўзи оддий гаджетдан “Е-VIZA.UZ” сайтига кириши ҳамда Ўзбекистонга режалаштирилаётган сафаридан уч иш кунидан кам бўлмаган муддатда электрон виза расмийлаштиришга ариза бериши мумкин эди. Унга жавоб эса унинг электрон манзилига, ижтимоий тармоқлардаги аккаунтига келган бўларди. Ушбу хизматнинг нархи атиги 20 долларни ташкил этади.

Жаноб Гени кутиб олмоқчи бўлган шахслар ҳам олдиндан, бироқ 3 суткадан кеч бўлмаган муддатда расмий таклифни расмийлаштиришлари, унинг асосида у бевосита аэропортдаги ТИВ консуллик бўлимида визани олиши мумкин эди. Ушбу хизмат нархи – $40.

Шуни таъкидлаш жоизки, муқаддам “Газета.uz” интернет нашри 2018 йил 4 июлдаги “Ўзбекистонда 15 июлдан бошлаб электрон визалар жорий қилинмоқда” сарлавҳали мақоласида юқоридаги Қарорни иловалар ва тушунтиришлар билан эълон қилган.

Шу муносабат билан хорижий авиаташувчилар, туризм соҳасида фаолият юритувчи юридик ва жисмоний шахслар бундай ноқулайликлардан қочиш учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига риоя этиши ҳамда унинг қоидаларини давлатимиз меҳмонларига тушунтириши зарур”, дейилади Чегара қўшинлари матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Ўзбекистонда шу йил 15 июлидан электрон виза тизими жорий этилди.

e-visa.gov.uz веб-сайти иш бошлади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар қилишича, электрон виза туристик мақсадда мамлакатни зиёрат қилмоқчи бўлган хорижий мамлакат фуқароларига берилади.

Электрон виза Ўзбекистонда 30 кунгача бўлишни кўзда тутади ва берилган вақтидан бошлаб 90 кун давомида амал қилади.

Айтилишича, кимдир электрон виза учун мурожаат қилган бўлса, ўша кундан ташқари икки иш кунида Ўзбекистоннинг электрон визасини қўлга киритиши кўзда тутилган.

Электрон кириш визаси учун 20 АҚШ доллари тўлаш талаб қилинади.

Ташқи ишлар вазирлиги E-Visa чет эллик фуқаронинг паспортига ёпиштирилмаслигини, электрон кириш визаси эгаси чегара ўтиш нуқтасида қоғоз ёки электрон кўринишда кўрсатишининг ўзи етарли эканини билдирган.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек