Икки ҳил тақдир…

Икки ҳил тақдир…
25 views
31 August 2018 - 6:00

Кеча улар учрашишди. Сўнгги учрашув бўлди. Бу учрашувдан аввал улар қачон ва қай ҳолатда учрашишган билмадим. Аммо мени хотирамда сўнгги учрашув қолди. Иккиси ҳам Аллоҳга юзланган ҳолда меҳробда турибди. Фарқи шундаки бири тобутда. Иккинчиси қаршисида.

Бири исломга хизмат қилди. Дини орқали мусибат келиб, чорак аср маҳбусликда, зулмда, азобда умр ўтказди.

Иккинчиси ҳамиша давраларни тўрида, маросимларда, одамларни кўтар-кўтари билан умр ўтказди. Сидқи дилдан хизмат қилгани учун давлатни шафқатига эришди.

Чорак аср умрини қамоқда ўтказган инсонни бу ёлғончи дунёдаги сўнгги калимаси: ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ, МУҲАММАДУР РОСУЛУЛЛОҲ бўлди. Туғилди. Яшади. Зулмга рози бўлмади. Ҳақиқатни гапирди. Зулмга учради ва ўлди.

Иккинчиси эса чорак аср зулмга хизмат қилди. Юқоридагилар амрига сўзсиз бўйин сунди. “Фалончи ҳожи ака, фалон мансаб эгаси“, деган ном билан яшашда давом этяпти. Доимо қўрқиб, дини учун узр топиб, мусулмонлар қамалишига сабабчи бўлиб яшади ва яшаяпти.

Катта жамоат қаршисида икки инсон. Икки ҳил тақдир эгаси турар эди. Уларга қараб туриб, дунё ҳаёти икки пулга қиммат эканлигини, ҳақ устида турганлар ютиб кетишини янада чуқурроқ англаб етдим.

Одамлар наздида хорликда ҳаёт кечирган инсон аслида азиз эканлигини, одамлар азиз деб, маросимлар тўридан жой берган одам нақадар ҳор эканлигига ўз кўзим билан гувоҳ бўлдим.

Чорак аср! Айтмоққа осон… Аммо абадий дея аталмиш охират ҳаёти олдида бир чангчалик аҳамиятга эга эмас. Бу фоний дунёда холиқни эмас, махлуқни рози қилиш илинжида азиз бўлиб яшаб, охиратда абадий хорликка маҳкум бўлишдан кўра бадбахтроқ кимса борми?

Динида қоим турганни ҳам куни ўтяпти. Динини сотганни ҳам куни ўтяпти. Садоқат эгаси бўлган иймон соҳибини ҳам, Салла ва ридо ортига яширинган хоинлик рутбасидаги инсонни ҳам куни ўтяпти. Барибир бир кун ҳаммамиз ўламиз. Ҳисоб эса ҳар-хил бўлади.

Саййид Ислом

facebook.com