Президент Мирзиёев афви диний маҳбусларни ҳам кўзда тутадими?

Президент Мирзиёев афви диний маҳбусларни ҳам кўзда тутадими?
64 views
01 September 2018 - 10:01

Бу саволнинг кун тартибига чиқишига Ўзбекистон Президентининг мамлакат Мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан имзолаган афв тўғрисидаги янги фармони асос берган.

30 август куни имзоланган фармон жаъми 261 нафар маҳбуснинг президент томонидан афв этилишини кўзда тутган.

Янги фармон мазмунидан англашилишича, уларнинг ярмидан кўпроғи, яъни 135 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Маҳаллий фаолларнинг эътироф этишларича, бунақаси Ўзбекистон мустақиллиги тарихида кузатилмаган.

Янги фармон Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги томонидан чоп қилинган.

Аммо Ўзбекистон президентининг фармонида сўз айнан қандайин тақиқланган ташкилотлар ҳақида бораётгани тафсилотлари очиқланмайди.

Тақиқланган ташкилотлар…

Тошкентдаги мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромовнинг ўзига имконли бўлган маълумотларга таяниб айтишича эса, Ўзбекистонда жаъми 18 та ташкилот фаолияти тақиқланган.

Фаолга кўра, улардан барчаси диний йўналишдаги ташкилот ва оқимлар бўлади, орасида бирор бир сиёсийси йўқ.

У Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган, деб айтган бу каби ташкилот ва оқимлардан энг асосийлари сифатида “Ҳизбут Таҳрир” ва “Ваҳобийлик” оқимини тилга олади.

Сурат Икромовнинг айтишича, Ўзбекистонда бу каби ташкилот ва оқимларга алоқадорлик айби билан қамалганларнинг жазо муддати камида 7 йилдан 20 йилгача бўлган муҳлатни кўзда тутади.

Фаол бу каби маҳкумларнинг орасида “аёлларнинг сони ҳам кам эмас”лигини айтади.

Мустақил Ўзбекистонда мамлакат президентининг авф тўғрисидаги фармонлари ҳар йил йирик сана, байрам ва Ҳайит кунлари арафасида эълон қилинади.

Халқаро инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг ҳисоб-китобларида сонлари мингларга нисбат бериладиган диний-сиёсий маҳкумларнинг тақдирларига оид савол эса, ҳар бир янги фармон ортидан кун тартибига чиқувчи, аммо ўз жавобини топмай келаётган асосий саволлардан бири бўлиб келади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг янги фармони, “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш”ни кўзда тутади.

Фармонга мувофиқ, жаъми 261 нафар маҳкумдан 215 таси жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилиниб, оиласи ва яқинлари бағрига қайтарилади.

“46 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади”.

Лекин фармонда улар “афвга тушган” тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган 135 нафар шахс сирасига кириш-кирмаслиги очиқланмаган.

Бу каби маҳкумларнинг қамоқ муддатлари қанчага қисқартирилиши тафсилотлари ҳам келтирилмаган.

Афв этилиши кўзда тутилаётган маҳкумларнинг кимлар экани, жинси ва ёшлари ҳам номаълум.

Фақат афв этилганларнинг 5 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар ташкил этиши билдирилган, холос.

261 нафар “афвга тушган” маҳкумларнинг орасида чет эл фуқаролари бор-йўқлиги ҳам ҳозирча маълум эмас.

Диний-сиёсий маҳкумлар

Ўз гуруҳининг узоқ йиллик фаолияти ва олиб борган тадқиқотлари натижасига таяниб, Ўзбекистондаги диний маҳкумлар сонининг ўзини тахминан “15 минг”ларга нисбат берган фаол Сурат Икромов янги фармон ижобий воқеълик эканини эътироф этса-да, “афв этилаётганлар жуда кам”, дейди.

“261 нафар маҳкумни афв қилиш бу – уммондан бир томчи, деган сўз. Бу сон жуда кам. Чунки, яна қайтараман, ҳозир қамоқхоналарда биргина диний мотивлар билан қамалганлар сонининг ўзи 15 мингга яқин. Бундан ташқари, ноҳақ қамалган тадбиркор, бизнесменлар бўладими, ёки ўша сиёсий мотивлар билан, бошқа, бошқа – бунақалардан жудаям кўп. Мана, архивимизда ҳаммасидан бор”, – дейди “Ташаббус” гуруҳи раҳбари.

Фаол, ўз ўрнида, қамоқхоналарнинг давлат бюджети ҳисобидан юритилиши омилига ҳам алоҳида эътибор қаратади.

“Агар, бу маҳкумларни тезроқ чиқариб юборса, бундан фақат Ўзбекистоннинг бюджетига фойда. Улар одам ўлдирмаган, ҳеч кимни зўрламаган, ўғрилик, талон-тарож қилмаган…Ҳеч қанақа зиёни йўқ”.

“Президент адолат, ислоҳотлар ҳақида гапираяпти. Пастдагилар эса, барибир, ўз билганини қилиб ётибди. Айниқса, куч ишлатар тизимлари…Қачондир буни тўхтатиш керак-ку!”, – дейди у.

Ўзбекистондаги диний-сиёсий маҳкумларнинг тақдирлари, йилларки, инсон ҳақларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи йирик халқаро ташкилотларнинг бирдек хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Ўзбекистон ҳукумати эса, мамлакатда диний ва сиёсий маҳкумлар борлигини ҳамиша инкор қилиб келади.

Шавкат Мирзиёев мустақил Ўзбекистоннинг биринчи ва узоқ йиллик президенти Ислом Каримовнинг кутилмаган вафоти ортидан, 2016 йилнинг сентябрь ойида қудратга келган.

Аввалига муваққат, муддатидан олдин чақирилган сайловлардаги ғалабаси ортидан эса, 2017 йилнинг январь ойидан бошлаб расман Ўзбекистоннинг янги президенти сифатида фаолият юритиб келади.

Айнан суд-ҳуқуқ, адлия, миллий хавфсизлик ва куч ишлатар тизимларининг фаолиятини ислоҳ қилиш Мирзиёев президентлик фаолиятининг илк босқичлариданоқ эътибор қаратган соҳалардан энг муҳимлари бўлган.

Таъбир жоиз, айниқса, пойтахт Тошкентдан диндорларни “қора рўйхат”дан чиқариш ишларига киришилганига оид хабарлар ҳам олинган.

Бу – янги президент Шавкат Мирзиёевни “машҳур қилган қадам” сифатида ҳам баҳоланган.

Ўзбекистоннинг янги президенти қийноқларга қарши махсус фармон ҳам қабул қилган.

Тергов жараёнида қийноқ қўллаган шахслар, “ким бўлишидан қатъиназар, муқаррар жавобгарликка тортилишини айтган.

Аввалига бу каби ўзгаришларни ижобий қаршилаган маҳаллий кузатувчилар эса, бугунга келиб уларнинг амалдаги самарасини савол остига олишни ҳам бошлашган.

“Мавжуд вазият билан боғлиқ аҳвол яна ўзининг эски йўриғига қайта бошлаганига оид” хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Афвлар…

Президент Шавкат Мирзиёев сўнгги бор шу йилнинг июнь ойида Рамазон Ҳайити муносабати билан афв тўғрисидаги фармонга имзо чеккан.

Унинг бу фармонида жаъми 226 нафар маҳкумни афв этиш тўғрисида сўз борган.

Ўшанда “афвга тушган” маҳкумлардан ярмидан камроғининг озодликка чиқиши, қолганларининг эса, жазо муддатлари камайтирилиши айтилган.

Бу – мустақил Ўзбекистон тарихида давлат раҳбарининг Рамазон Ҳайити муносабати билан эълон қилган биринчи афви бўлганди.

Аммо бу фармон манзарасида ҳам Ўзбекистондаги диний-сиёсий маҳкумларнинг президент афвига тушиш-тушмасликлари саволи очиқ қолганди.

Мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг катта сондаги маҳкумни ҳам президент Мирзиёев афв қилган.

Ўтган йил конституциянинг 25 йиллиги арафасида Президент 2700 нафар маҳбусни озод этиш ҳақидаги фармонни имзолаган.

Ўшанда қилган чиқишида Мирзиёев “кўп-кўп одамларнинг адолатсиз қамалгани” ва ҳануз қамоқда ўтирганини айтган.

“Адолатсиз ўтиргани учун адолатсиз халққа ҳам, жамиятга ҳам душман бўлгани”ни айтган.

Айни пайтда у ноҳақ қамалганларни реабилитация қилиш ҳақида ҳеч нарса демаган.

У 10 минг нафар маҳбусни озод этишни режалагани, аммо маҳбусларнинг аксари “қилмишидан пушаймон бўлмаган”ини айтган.

Бу маҳкумларнинг орасида диний-сиёсий айблар билан қамалганларнинг бор-йўқлиги ўша пайтда ҳам номаълум қолганди.

Манба: Би-Би-Си радио