БМТ уйғурлар билан боғлиқ вазиятдан “чуқур хавотирда”

БМТ уйғурлар билан боғлиқ вазиятдан “чуқур хавотирда”
41 views
01 September 2018 - 19:05

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, БМТ Хитойдаги уйғурларнинг оммавий тарзда ҳибсга олинаётгани борасидаги хабарлардан чуқур ташвишга тушган ва ташкилот Хитой ҳукумати томонидан терроризмга қарши амалиёт «баҳонасида» қўлга олинганларни зудлик билан озод қилишга чақирмоқда.

Бу баёнот Шинжонда сони миллионга яқин, деб кўрилаётган мусулмон уйғурларнинг қайта тарбиялов лагерларида тутиб турилганлиги ҳақидаги ҳисоботлар БМТнинг махсус қўмитаси томонидан тингланиши ортидан эълон қилинган.

Расмий Пекин бу иддаоларни рад этмоқда, аммо баъзи диний радикаллар қайта тарбияланиш учун ҳибсга олинганини тан олган.

Хитой провинциядаги тартибсизликларда исломий жангарилар ва айирмачиларни айблаб келади.

Август ойининг бошида мазкур масалани кўриб чиқиш давомида БМТнинг Ирқий Камситишга Барҳам Бериш бўйича Қўмитаси Уйғур автоном региони расмий Пекин томонидан «оммавий тарзда ҳибсга олинганлар тутиб туриладиган лагерга ўхшаш ҳудудга айлантирилгани»га ишора қилувчи ишончли ҳисоботлар бор эканлигини айтган эди.

Хитой бу даъвога уйғурлар тўлиқ фуқаролик ҳуқуқларига эга эканлигини «яна бир бор» эслатиш билан жавоб қайтарган. Бироқ расмий Пекин «диний экстремизм тузоғига тушиб қолганлар… қайта жойлаштирилиши ва қайта тарбияланиши лозим»лигини ҳам таъкидлаб ўтган.

Шинжон йиллардан бери ҳукумат томонидан босим ва қатағонга учраб келади.

БМТ нима дейди?

30 август куни БМТ қўмитаси якуний кузатув хулосаларини эълон қилди. Унда «Хитой қонунчилигида терроризм атамасининг кенг таърифланган, экстремизмга нисбатан мужмал ишоралар кўрсатилган ва сепаратизм атамаси тушунарсиз изоҳланган»лиги танқид қилинади.

Қўмита расмий Пекинни қуйидагиларни амалга оширишга ундайди:

•Қонуний ҳибсга олиш, айблов ва судсиз шахсни тутиб туриш амалиётига чек қўйиш;

•Айни шу шароитда тутиб турилган шахсларни зудлик билан озод этиш;

•Тутиб турилган шахслар ва улар ушлаб турилган ҳибсхоналарнинг аниқ сонини тақдим этиш;

•”Ирқий, этник ва этно-диний асосда очилган барча айбловлар юзасидан холисона текширув” ўтказиш.

Хитой нимада айбланмоқда?

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари, хусусан, Amnesty International ва Human Rights Watch БМТ қўмитасига уйғурларнинг оммавий ҳибсга олиниши ҳужжатлаштирилган ҳисоботларни тақдим этган. Уларга кўра, лагерларда тутиб турилган уйғурлар Хитой президенти Си Жинпингга содиқ бўлиш учун қасам ичишга мажбурланади.

Жаҳон Уйғур Конгресси ўзининг ҳисоботларида уйғурлар лагерларда бирор айбловсиз тутиб турилиши ва Хитой Коммунистик Партияси шиорларини бор овозда айтишга мажбурланишини кўрсатиб ўтади.

Конгресс ҳисоботида қайд этилишича, ҳибсдагилар тўйиб овқат ейиш имконидан маҳрум, лагерларда қийноқлар кенг тарқалган.

Шунингдек, аксар маҳбусларга бирор айблов қўйилмагани ва улар қонуний вакил хизматидан фойдалана олмаслиги иддао қилинади.

БМТнинг ушбу ҳисоботи Хитойнинг бошқа ҳудудларида диний зиддият кучаяётган бир вақтда эълон қилинди.

Олдинроқ Хитойнинг шимолий-ғарбида жойлашган Нинся ҳудудида юзлаб мусулмонлар маҳаллий масжидни бузилишдан сақлаб қолиш учун расмийлар билан зиддиятга боргани тўғрисида хабар берган эдик.

Уйғурлар кимлар?

Уйғурлар, асосан, Хитойнинг Шинжон провинциясида яшовчи мусулмон этник озчилигидир. Улар провинция умумий аҳолисининг 45 фоизини ташкил қилади.

Шинжон расман автоном регион ҳисобланади. Ўтган бир неча ойдан буён Шинжон провинциясида уйғурлар ва бошқа мусулмон этник озчиликлари янада кўпроқ ҳибсга олинаётгани тўғрисидаги хабарлар тўхтамаётир.

Бу ҳибслар Хитой ҳукумати томонидан диний экстремизмга қарши кураш ниқоби остида олиб борилаётгани айтилади.

ЎХҲ хабарлар бўлими