«ШАФФОФ УЙ» КИТОБИДАН
ВОҚЕА
Баданимга кирар бир титроқ –
Мен хонадан чиқаман кескин.
Ҳайдаб борар мени қўнгирок:
«Ўғлинг оғир ётибди… тез кел!»
Машинага кўтараман қўл.
Тўхтамайди. Ўтар гуркираб.
Ўтаверар. Лоқайд катта йўл –
Чўнтагимда йўқдир йўлкира.
Яна, яна қўл кўтарилар,
Ҳеч ким, ҳеч ким боқмайди қиё,
Тилим менсиз кўкка ялинар:
«Содир булмай тургин, воқеа!..»
Қўл ҳавода қолади ҳар гал,
Машиналар ўтаверади –
Гўё тарқатилган бутун шаҳарга
Бўм-бўш чўнтагимнинг сурати…
1976
(219)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Вал-Фажр” китобидан. (135-саҳифа.)
(давоми бор)