Бу ер менбоп экан…

Бу ер менбоп экан…
58 views
02 September 2018 - 8:00

Воқеа
(Поезддаги ҳамрохим нуроний чолнинг ҳикояларидан)

Йигит шаҳарда мусофир эди. Кунларнинг бирида у одамларнинг тўпланиб туришганини кўриб бу ерда тўй бўлаётган бўлса керак деб ўйлади ва:

-Барчаларингизни бу гўзал кун билан табриклайман,-деди.

Афсуски бу ерда одамлар тўй учун эмас, таъзия учун йиғилишганди. Табиийки мусофир йигитнинг айтганлари таъзияга йиғилганларнинг асабига тегди ва улар йигитда дўқ-пўписа қила бошлашди.

-Нима дейишим керак эди?- ажабланиб сўради йигит.

-“Худо раҳматига олсин!”-дейишинг керак эди, деб унга танбех беришди.

Йигит ўзи учун бегона бўлган бу шаҳарни кезишда давом этар экан ҳудди аввалгидек тўпланиб турган одамларга рўбарў бўлди. Ҳозиргини эшитгани танбеҳ эсидан чиқмагани боис:

-Худо раҳматига олсин!, дея овозини чиқариб бақирди.

Аввалгилардан фарқли ўлароқ бу ердагилар тўйга йиғилишганди. Улар йигитнинг бу гапидан ғазабга келишиб уни қаттиқ калтаклашди ва охирида:

-Ҳеч қачон ёдингдан кўтарилмасин. Бундай пайтларда “Табриклайман!”, деб айтиш керак, деб уқтиришди.

Мусофир йигит йўлида давом этар экан яна бир тўп одамаларга дуч келди. Бироз олдин нима учун мушт еганини эслаб, қайтиб бундай воқеа содир бўлмаслигини истаб:

-Табриклайман!, деди, қаршисидаги одамларга қараб.

Йигитнинг бу гапларидан одамларнинг жахли чиқди ва унга:

-Биз адашиб қолдик ва йўлни топа олмаяпмиз. Сен бўлса “Табриклайман!”, дейсан. Ундан кўра бизга тўғри йўлни кўрсат, дейишди.

-Афсуски сизларга тўғри йўлни кўрсата олмайман. Чунки менинг ўзим ҳам бу шаҳарда бегонаман, деб узр сўраган бўлди йигит.

Одамлар бу гаплари учун унинг ёқасидан олишди ва:

-Биз “бегона” сўзини умуман ишлатмаймиз, сабаби “бегона” сўзи бахтсизликдан аломатдир, дейишди.

Йигит нима бўлмасин калтакдан қутилиб қолиш учун шоша-пиша:

-Тушунарли, мен “бегона” эмасман, деди.

“Бегона эмасман” сўзларини айтиши билан уни яна дуппослай кетишди. Шу орада қаердандир миршаблар пайдо бўлишди ва йигитни бегона бўлмагани ҳолда адашиб қолганларга йўл кўрсатмаганлиги учун жиноят содир этганликда айблашиб, жаримага тортишди.

Жаримани тўлаб, миршаблар қўлидан қутилган йигит бўлиб ўтган воқеалардан қаттиқ ажаблангани ҳолда овоз чиқариб:

-Бу ер менбоп экан. Бу ерда билмаганим кўп нарсаларни ўрганиб оламан, деди.

Бу гапни айтиши ҳамоно йигитни яна хибсга олишди. Сабаби, бу халқнинг урф одатларига кўра бирор ерни “Бу ер менбоп экан”, дейиш қонунга хилоф эди.

Мусофир йигит жазони ўтаб озодликка чиқди ва бу ерда ортиқ қола олмаслигини ўйлаб:

-Бу ер менбоп эмас экан, деди.

Бу гал йигитни жамоатда норозилик кайфиятини уйғотадиган гапни гапирганлиги учун зиндонбанд қилишди.

facebook.com