12. Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида

12. Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида
26 views
03 September 2018 - 8:00

12.ЗАМОНДОШЛАРИМГА МАДДОҲЛИКДАН ВОЗ КЕЧГАНИМ ҲАҚИДА

Тунов куни радиода навоийшунос олимларимиздан кимдир суҳбат асносида «Алишер Навоий бобомиз инсон бу дунёга нега келганлигини, ўз мақомини исботлаш керак деганлар»,-деди.

Доҳиёна гап! Битта савол мени жуда кўп ўйлантиради. Нима учун ўзбеклар тарихида, бу халқ ичидан дунёни зир титрадагин олимлар кўп?

Туркияда яшайдиган, аслан ўзбек бўлган киши Туркия тарихида из қолдирган олимлар энциклопедияси чоп этилганлигини айтиб қолибди. Менинг суҳбатдошим ўша меҳмондан сўрабди:

–Қанча олим бор экан ўша энциклопедияда?-деб.

–Юзта дебди шекилли, меҳмон.

Бизда юзлаб Бухорийлар, Фарғонийлар, Намангонийлар, Насафийлар, Термизийлар, Самарқандийлар, Тошкентийлар, Хоразмийлар бор,-дебди менинг суҳбатдошим.

Ҳақиқатда шундай.

Имом Бухорий забт этган чўққига ҳеч ким чиқолмайди. Худди шунингдек, Ал Хоразмий, Ал Форобий, Ал Беруний, Ибн Сино, Фарғоний, Марғиноний, Мотуридий, Аз Замахшарий, Қаффол Шоший, Аҳмад Яссавий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур забт этган чўққиларга ҳам ўз замонида ҳеч ким тенглошолмаган!

Айниқса, Алишер Навоий бутун инсоният шеърият мулки султони!!!

Нима учун? Мен бунинг сирини топгандай бўлдим. Бу Буюк Китоб – Қуръон тафаккури маҳсулидир!!!

Яқинда швейцариялик олим ислом арконлари – қоидаси билан таҳорат қилган кишидан нур таралишини исботлаб, ўзиям исломга кириб кетганлигини интернетда ўқиб қолдим.

Энди тасаввур қилинг Алишер Навоийнинг ҳаётини. Аввало у киши Ҳафизул Қуръон бўлган. Ўн икки ёшидан умрининг охиригача беш вақт ибодатни канда қилмаган, яъни доим таҳоратли – ўзидан нур таратиб юрган!

Бошқалари ҳам шундай бўлишганига шубҳа қилмайман.

Биз ёшлигимизда ўша давр талабига кўра, энг илғори бўлишга интилиб ўқидик, амал қилдик, яшадик.

Коммунистик мафкуранинг учи қаерда, қуйруғи қаерда англаб етиб бўлмасди. Партия Устави, Дастурида айтилганлар бошқа, унинг амалдорлари қилаётган ишлари бошқа эди.

Мен ўтган асрнинг 90-йилларида Қуръоннинг ўзбек тилидаги таржимасини ўқий бошлаганимда дунёнинг боши, охири ҳақидаги саволларимга жавоб топа бошладим.

Бу Китоб менинг барча саволларимга жавоб бериши билан бирга, қай вазиятда, қандай иш тутиш кераклигин ўргатади ҳам.

Биринчи марта «яхшиликка, фақат яхшиликка, чиройли амалларга шошиш» даъватини бу Китобда кўрдим. Кўрдим-у кимларниндир синдиришга, йўқ қилишга, бойларни талашга даъватлардан иборат бўлган коммунистик мафкуранинг жоҳил ақидаларига нисбатан қалбимда исён кўтарилганини ҳис қила бошладим.
Коммунизм мафкурасига кўра:

«Дин – афюндир», «дунё синфий курашлардан иборат ва албатта, камбағаллар, бойлар устидан ғолиб бўлиши керак. Шунинг учун «Бутун дунё пролетарлари бирлашингиз!».

Энди Қуръон қонуниятлари:

«Бу Китоб Аллоҳнинг сўзи ва Унинг ҳимоясида, шунинг учун унинг бирон сўзи Қиёматгача ўзгартирилмайди», «Кимки Қуръон оятлар(қонунлар)ини ушлаган бўлса, узилмас халқани ушлабди», «дарахтнинг қуриган барги ҳам Аллоҳнинг рухсатисиз ерга тушмайди», «Экинларни ким ҳосилга киритади?», «Кийимингизни тоза тутинг», «Агар сизни мазах қилаётган бўлишса, билингки сиздан олдинги пайғамбарлар ҳам мазах қилинган», «Биз осомонлар ва ерни бекорга яратганимиз йўқ», «Ҳеч нарса ўз ҳолига ташлаб қўйилгани йўқ», «Биз сизни уларнинг устига қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ, сизнинг зиммангиздаги вазифа огоҳлантириш холос», «сизга ёмонлик бўлишини кутаётган бўлишса, сиз ҳам кутинг, кимга яқинда азоб келишини кўрасиз», «Сизни ёлғончи қилишса, уларни дарҳол тарк этинг, омонлик бўлсин»-денг, «Жиноятчи кишиларнинг оқибатини кўринг», «нафс хоҳишига эргашманг», «золимларга ёрдамчи бўлманг», «рост сўзланг», «ҳалол таомдан ризқланиг», «нимани инфоқ-эҳсон қилсангиз, ўрни тўлдирилади», «синовлар улул субут эгаларига туширилади», «ғамни ғам кетказади», «яхшилик қилгувчилар илм-у ҳикмат билан мукофотланади».

Қуръон билан биргаликда Имом Бухорий ҳадисларини ўргана бошладим ва дунё ҳақидаги тасаввурим, тафаккурим, кўнглим ҳам, амалларим ҳам янада юмшай бошлади.

«Дин насиҳатдир», «Қўлингиз билан ҳам, тилингиз билан ҳам бировга озор берманг», «Хушхабар айтинглар. Динга қизиқтиринглар, бездириб қўйманглар», «савдо-сотиқда олийжаноб бўлинглар».

Чиройли амалларга шошилинг деган Қонунни олинг. Бу беғараз, ҳеч қандай таъмасиз қийналиб турган кишига ёрдам беринг дегани.

Қуръон оятлари, ҳадислардаги ҳалиймлик, олийжаноблик, саҳийликларга буюрувчи оятларни ўқиганим сайин атроф-четни бошқача, синчковроқ кузатадиган бўлиб қола бошладим.

Илк беғараз яхшилигимдан иккита мисол. Албатта, бу яхшиликларнинг қиймати сўмда ҳисоблаганда ҳеч нарса, лекин эътиборлироқ бўлишимга бир мисол сифатида сизга илиняпман.

Тошкентдаги Сирғали бозори энди авжига чиқаётган 90 – йиллар ўртасида, устозим раҳматлик Халил ака билан шашлик еб ўтирибмиз. Қимматчилик, халқ турмуши қийинлашган пайт. Ёнимизга бир ўрис кампир уч-тўрт ёшли набира қизчасига бир сих шашлик ва икки тўғрам булка нон олиб бериб, шашлик сихидаги бир ёки икки жиззиқ гўштни ейишдан умидвор ҳолда «вот как надо кушать»-деб ўргатмоқчи бўляпти. Набира эса худди билгандай «я сама знаю как кушать»-дейди. Бу гапдан кампирнинг ҳафсаласи пир бўлди ва қаттиқ тамшаниб қўйди.

Юрагим эзилиб кетди, шашликчига «кампирга яна бир сих шашлик келтиришни, пулини мен тўлашлигимни айтдим», шашликчи менга ўқрайиб, норози оҳангда боқди, аммо, шашлик берди. Ўрис кампирнинг таъзим қилиб менга миннатдорчилик билдиришини кутмагандим.

Поезд вокзалда чипта учун навбатда турибмиз, бир қиз бола умумий вагонга билет сўраб пул узатди, кассир «яна фалон пул беринг»-деди. Қиз боланинг пули камлиги аён эди, ахир, умумий вагонга энг камсуқум одамлар минади. Қиз бола пулни қайтариб олиб жўнамоқчи бўляпти. «Мана етмаётган пул»-дедим ва қизчага чипта пулини бериб юбордим.

Қизча менга миннатдорчилик билдиргани йўқ. Мен умид ҳам қилганим йўқ. Лекин, қалбимда қувонч пайдо бўлди.

Эътибор берилса ўзбек халқининг жуда кўп мақоллари илдизи Қуръон ва ҳадислардан томир олган.

«Яхшилик қил-у дарёга от балиқ билади, балиқ билмаса Холиқ билади».

Қаршида аслан араб бўлган нафақага чиққан менимча болалар шифокори бўлган Ҳожи бобо бор. У киши икки хонали уйини шу касалхонадаги ёлғиз она, ёш боласи бор фаррошга ҳадя қилиб юборганлар.

Наманганлик раҳматлик Абулбоқи Ҳожи ака гурунг беряптилар. Ўша пайтда у киши сердаромад тахта бизнеси билан шуғулланганлар.

• Идорамнинг ёнида уй қуриш учун Россиядан келтирилган тахтани саралаб бўлган ота-боланинг гаплари қулоққа чалинди. Ўғил «тахтани олайлик», дейди. Ота эса «пул етмайди-да болам»-дея дўпписини олиб бош қашилайди. Ўғил «қарзга сўрайлик»-деяпти. Мен нарироққа кетдим. Улар келишди, тахталар ёнига бордик.

• Неча пул бўлади? – овози чиқар-чиқмас сўрайди,-ота.

• Сиз, бекорга (Тўрақўрғон шевасида бу бепул дегани).

Шу гапни айтдим-у, юрагим қувончга тўлганини, ота-боланинг эса қувончдан йғлаворишига оз қолганини кўрдим, -деганди жойлари жаннатда бўлсин Абулбоқи ака.

Ўзбекнинг дилбар ёзувчиси ва инсони Ойбек домланинг бир икки иши мени энтиктиради.

Навоий романи учун яхши гонорар олиб, пальто олиш учун Чорсу бозорига тушадилар. Ўша пайтда уруш кетаётганди. Чиройли бир пальтони савдолашиб оладилар. Кийиб кўрса, лоппа-лойиқ. Ойбек пальтони сотаётган аёлга пулни бериб кетишга чоғланади, лекин, пулни ғ0ижимлаб турган аёлнинг кўзларида ёшни кўриб тўхтайди ва сўрайдилар:

–Нега йиғлаяпсиз?

–Бу эримнинг пальтоси эди. Урушдан қайтса кияди,деб олиб қўювдим, лекин болаларим оч.

Ойбек домла, пальтони шартта ечадилар-у, аёлга «бу пальтони сотманг»-дея пулни аёлга қолдириб кетиб қоладилар.

Бир куни Ойбек домлани сут-қатиқ сотиш билан таъминловчи қўшни чол келиб «сигирим ўлиб қолди»-дейди. Ойбек домла шартта уйидан битта сигир олишга етадиган пулни чолга бериб юборадилар.

Етим-есир, бева-бечора, мискинларга одамийлик кўрсатиш бобида ҳозирги Президентимизнинг мамлакат бўйича қилаётган ишлари ҳам таҳсинга сазовор.

Ўтган йили Навоий вилояти Томди туманидан 23-24 яшарли (Мустақилликдан кейин туғилган) бир келинчакнинг эътирофи:

–Мен ҳаётимда биринчи марта суюлтирган газдан фойдаландим, яъни овқат пиширдим, деди. Шунгача бу келинчак ўтин ва тезакда овқат пишириб юрган.

Булар Президентга раҳмат айтмасаям, уларнинг қалби, дуоси Яратганга маълум. Бунақа ишларни кўравериб менга ўзшаган ижодкорлар кўзларига нам олса не ажаб?

Энди юқоридаги ўзбек мақолининг иккинчи қисми «балиқ билмаса, Холиқ билади» Қонуни дегани нима? Бунга Қуръондаги Юсуф сурасида жавоб бор.

«Биз яхшилик қилувчиларни илму ҳикмат билан мукофотлаймиз». Сиз бировга беғараз яхшилик қилдингиз-у, ундан таъма истамай кетиб қолдингиз дейлик. Шуни билингки, яхшиликнинг жавоби яхшиликдир. Сизнинг яхшилигингизни куйдирмайдиган Зот, албатта сизни мукофотлайди. Агар сиз математик бўлсангиз анча вақтдан буён ечолмаётган масалангизни ечиш услуби берилади. Агар сиз боғбон бўлсангиз сизга мўл-ҳосил олишнинг янгича услуби кўрсатилади. Ҳоким бўлсангиз, туманни ривожлантиришнинг янгича услуби ҳақида билим берилади ва ҳоказо.

Кейин бу услубни судьялик фаолиятимда ҳам кўп қўллаганман. Аммо, улар ҳақида тўхталиб, савобларнинг баракаси учиб кетишини хоҳламайман.

Иккинчидан мен бир сих кабобни гапириб ётибман. Аслида бу уят. Интернетга боқинг АҚШ ва Европа, Яқин Шарқ миллардерлари миллион-миллион, миллиард-миллиард доллар пулларни хайр-эҳсон қилиб ётишибди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ишлаган давримда кимга нисбатан ноҳақлик, жабр-ситам бўлган бўлса унинг тарафини олиб Вазирликлар, суд прокуратура, Тест Марказларига ҳам қўшилиб бораверганман. Аммо, менинг бу юришларимнинг барчаси «таъмагирлик» сифатида баҳоланишини кейинроқ билдим. «Яхшиликлардан тўсиш» буям ўзбек амалдорларининг коммунистик, йўқ мустақилликдан сўнг пайдо бўлган янги ақидаси бўлганини тушунгандирсиз.

Олий Мажлисда беш йил фаолият юритиб, бевосита сиёсат билан шуғуллана бошлагач «мамлакатни синфий кураш, ур-йиқит, ушла-ушла, қама-қамаларсиз бошқариш мумкинми ёки йўқми?»-деган савол мени кўп қийнади. Хулоса эса «МУМКИН» бўлди. Зеро, уронғич-сўконғич, бақироқ-чақироқларга илм-у ҳикмат берилмаслиги ҳақидаям Қуръонда бор: «Аллоҳ золим, фосиқ қавмни ҳидоят қилмас». Бунга тарқаб кетган СССР ва кундан кун титилиб бораётган мустақилликдан кейинги чорак аср бошқарув режими мисол.

Қуръон ва имом Бухорий ҳадислари мени умидсизликка тушмасликка ўргатди. Дунёда ҳақиқат ҳам, адолат ҳам борлигига ишонтирди. Замондан нолимасликка, замон Аллоҳ измида эканлигига амин қилди.

Гапимизга қайтамиз.

Шундай қилиб 2010 йил январь ойи охирида ишсиз қолдим. Юқорида айтиб ўтганимдек давлат иши менинг эътиқодимга тўғри келмайди. Шукурким ҳуқуқшунослик қила оламан. Лекин, иенда тезда бойиб кетишим керак эди.

Амир Темурнинг «Темур тузуклари» асарида у кишининг энг муҳим вазиятларда ният қилиб Қуръон очиш одатлари ҳақида гап бор. 1991 йилдан 2005 йилларгача гоҳ-гоҳида мен ҳам шундай қила бошладим. Энг қизиғи бу самара бера бошлади. Айнан депутатликка сайловда ҳам Қасас сураси чиққанлиги, яъни Фиръавн одамларининг ўзлари мени «бизга фойда беради»-дея оқиб кетаётган бешикни тутиб олганлари ҳақидаги оят оят чиққан ва шунга асосан, мен тўсатдан сайланиб қолганлигим бунинг исботи эди.

Қонунчилик палатасидаги йиғилишларда бу бот-бот исботланди ва менинг деярли барча чиқишларим айнан Қуръон очиш ва унинг ҳукмига мувофиқ бўлганди. Баъзида гапирмаслик ҳақидаям оятлар чиқар ва мен мажлисда сукут сақлаб турардим. Баъзида эса гапиришим шарт эди.

Мана энди нима қилишим керак деган ниятда яна Қуръон очдим. Қаҳв – Ғор сураси чиқиб, ундаги Ҳизр ва Мусо пайғамбарлар учрашуви ҳақидаги оятлар чиқди.

Сурани ўқиб бўлгач, тафаккур қилсам Ҳизр ва Мусонинг ажралишлари ҳақидаги воқеа мен ва укам ҳақидаги воқеани эслатарди.

Эсингизда бўлса Ҳизр ва Мусо ағанаб кетаётган деворни тиклаб, уй эгаларидан ҳақ сўрамай чиқиб кетадилар.

Бу ҳаракатнинг таъвили Мусо пайғамбар сўраганида, Ҳизр пайғамбар деярли шундай, дейдилар:

–Бу хонадон эгаси мўмин киши эди. У вафот этган. Хотини ва ёш гўдаклари бор. Девор остида тилла кўмилган. Агар биз уни тиклаб қўймасак тилла очилиб қолади. Болалар ёш бўлгани туфайли уни тўғри ишла олмайдилар. Болалар улғайиб пул ишлатишни ўргангач девор йиқилади ва болалар хазинадан тўғри фойдаланадилар.

Мен 1990 йилда Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб «Ижара ҳақидаги қонунлар тўплами»ни русчадан таржима қилиб сотишни йўлга қўйганим, аммо даромад кўрмаганимни айтдим. Укам 2007 йилдан буён Ўзбекистон бўйлаб электрон қонунларни сотишни йўлга қўйиб даромад ололмай юрган пайт эди. Менга эса орадан 20 йил ўтиб, яна шу йўналишда ишлаш имкони бериляпти. Демак ака-ука бирлашиб ҳаракат қилсак, девор йиқилади ва хазина энди очилади!!!

Фақат мен қонунларни тарқатиш билан чекланиб қолмасдан, русча Википедияга ўхшаш маълумотларни ўзига жойлаган Дастур ясаш тарафдори бўлиб чиқдим. Бунда Ўзбекистон энциклопедияси, дарсликлар, ўзбек тили ва тарихига оид маълумотлар жойланиб мамлакатимиздаги 10.000 та мактабга Дастурни 100.000 сўмдан сотиш мўлжалланаётганди.

Бу сумма 2010 йилда 1 миллиард сўмни ташкил этиб, ака-ука бемалол Тошкентдан иккита ҳовли жой ва машина сотиб олишимизга, офис қуришимизгаям етарди.

Аммо, мен чалғиб кетдим!

Давоми бор.

Анвар Шукуров

facebook.com